O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Навбатдаги савол ва раиснинг “артист”лиги

Навбатдаги савол ва раиснинг “артист”лиги
165 views
26 February 2017 - 9:00

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(йигирма бешинчи мақола) 

НАВБАТДАГИ САВОЛ ВА РАИСНИНГ “АРТИСТ”ЛИГИ

Ушбу савол билан мурожаат қиларканман, ЎзМТРК раиси негадир жойида ўтиролмай ғимиллаб қолди. Демак, биринчи йўналтирилган савол уни шундай ликиллаб қолишига сабабчи бўлганлиги сир бўлмай қолди. Чунки, унинг кимсан, режим ва хавфсизлик бўйича ўринбосари бўлган Баҳром Ўтановнинг бу каби қилмишларидан хабардор бўлмаслиги мумкин эмасди. Сабаб Ўтанов деганлари фақат ўз раҳбарининггина топшириғини бажариши шубҳасиздир. Яъни унинг типирчилаб қолишига қараганда ҳамда ана шундай питтиллаб қолиш бу каби қабиҳликларнинг бошида шахсан раиснинг ўзи турганлигига жиддий ишора эканлигини мажлис қатнашчиларининг кўпчилик сезганнамо бўлиб қолди. Яна қизиғи шундаки, айнан шу муовининг ўзи негадир мажлисда иштирок этмаётганди. Навбатдаги савол шундай бўлди.

“Кейинги пайтларда телерадиокомпанияда шундай бир ажабтовур хислатлар-у, фазилатлар эгаси бўлмиш бир хоним пайдо бўлган. У “Ўзбекистон” телерадиоканалининг радиодаги мухбирлар тармоғи ходими, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ва журналистлар уюшмасининг аъзоси, дуч келган одамнинг овозини диктафонга ёзиб оладиган ва  овозини ёзиб олган кишисига “нима деб қўйганлигингни биласанми?” дея шантаж қилишнинг учига чиққан устаси Бўлдиева Собирани танийсизми? Ёши элликдан ошиб олтмишга қараб кетаётган бу аёл томонидан ўз ўғли тенги бўлган йигитга, яъни ўзининг бевосита раҳбари-бош муҳарририга нисбатан қанақанги туҳматлар уюштириб шантажлар уюштирилаётганлигидан ва бу масала мелисалашиш даражасигача етиб бораётганлигидан хабарингиз борми? Ажабланарлиси, бу ходима ишга бир неча кунлаб, ҳафталаб сабабсиз келмаётганлиги хусусида унинг бош муҳаррири раҳбариятга 5-6 талаб ёзилган рапорт-билдиргилари на “Ўзбекистон” телерадиоканали директори ва унинг ўринбосари, ҳаттоки, сизнинг хавфсизлик бўйича муовинингиз томонидан ҳам бутунлай эътиборсиз қолдирилаётганлигидан-чи? Бундан ташқари, у биргина ўз бош муҳарриригагина эмас, менга нисбатан ҳам бошланган туҳмат компаниясининг ижрочиларидан бирига айланганлигидан-чи? Ҳали ҳе йўқ бе йўқ нега бу аёл-ходима менга “нима учун мен билан Мирзо Улуғбек туман ички ишлар бўлимига бормадингиз? Нега менинг айтганимни қилмас экансиз, энди мен сизни ҳозир телерадиокомпаниянинг режим ва хавфсизлик бўйича бўлими бошлиғи Фазлиддин Худойқуловнинг ва шу хизмат ходими Хуршид Расуловнинг олдига судраб бўлсада олиб бораман” деган иддаолар билан чанг солишгача бориб етаётганлигидан-чи? Бу С.Бўлдиева дегани ўзи радиода ишлайдими ёки ички ишларда? Ёхуд телерадиокомпаниянинг режим ва хавфсизлик хизматида ишлайдими? Унинг асл иш жойи қаерда ўзи? Ё унга керакли ва тегишли жойлардан шу даражадаги чексиз ҳуқуқ, ваколатлар бериб қўйилганми? Нега ярим ёки бир соат кечикиб келган бошқа бир ходимлар бирданига назоратчилар нигоҳига илиниб дарҳол қаттиқ ҳайфсанлар олишгача бориб етади-ю, бу ходима бир неча кунлаб, ҳафталаб ишга келмаса ва раҳбари томонидан бу ҳолатни тасдиқловчи 5-6 талаб билдирги раҳабариятга берилсада, лекин ушбу билдиргилар айнан сиз бошлиқ раҳбарият тарафидан эътиборсиз қолдирилаверади? Нима унга шунчалик хоҳлаган кишисига хоҳлаганчалик турли шантажларни уюштириб юравериш ваколати берилганми? Бу қанақанги ўйин? Бу қанақанги найранг? Бугунги кунда ҳеч кимнинг ақли етмаётган ва ажабтовур туюлаётган ушбу тушунмовчиликларга бирор бир аниқлик киритиш мумкинми?

Шу ерда савол тугади. Раис ўзига келиб ҳали оғзини жуфтлашига ҳам улгурмасдан олдқаторда ўтирган режим ходими Фазлиддин Худойқулов ўрнидан ирғиб тураркан, менга юзланиб “у ходимага ҳайфсан эълон қилиб қўйганмиз” деса  бўладими. Ваҳоланки, бундан ҳеч кимнинг хабари йўқ. Ҳар ҳолда шу ҳақда гап-сўз бўладиган бўлса, бу борадаги саволга шундай деб жавоб бериб қўйиш режалаштирган кўринади. Лекин режим хизмати ходимининг бу гапидан йиғилишда ўтирганларнинг кўпчилиги ҳангу-манг бўлиб қолишди. Чунки, унга ҳайфсан эълон қилинганлиги ҳақидаги буйруқ ҳеч қаерда эълон қилингган эмас. У ёқ бу ёққа аланглаб турган Ходжаев саволга нима деб жавоб беришини билмади, шекилли, бирданига “Ўзбекистон” телерадиоканалининг радио бўйича ўринбосари Султонпошша Ёқубовага қараб ташланиб қолди ва ўзининг “артистлик” ларини ишга сола бошлади. Ўринбосар сапчиб ўрнидан турди. Шунда раис “Бу нима дегани, нималар бўлаяпти? Сиз қаёққа қараяпсиз? Қанақаси бўлди, бу? С.Бўлдиева деганлари ким бўлди?” дея каловлана бошлади. У шу даражада каловландики, унинг бу каби ҳатти-ҳаракатида очиқдан-очиқ сунъийлик бор эканлиги рўй-рост фош бўлиб турарди. Ўзида рўй бераётга бу ҳолатни қанчалик сездирмасликка ҳаракат қилмасин, қанчалик чиранмасин барибир унинг гаплари сохта эканлиги атрофдагиларга кундай равшан бўлиб турганди. Сабаби бу раис-артистликда жуда катта тажриба орттирган. У шу пайтгача бу каби усулу-услубларини ходимларга қўллайвериб компанияда ҳам, қолаверса, республикага ҳам донғи кетиб отнинг қашқасидай таниқли бўлиб қолганди. Бунга биргина ёрқин мисол келтиришим мумкин. Нажот истаб менинг ёнимга келган журналист аёлни у уйига қайтиб кетаётганида йўлда уни икки-уч нафар эркакка чунонам калтаклатиб, у беҳуш бўлиб йиқилганидан сўнг уни республика кардиология марказига жўнатган ҳам худди шу Ходжаев бошлиқ  гуруҳ амалга оширганлигига шубҳа йўқ. У ҳам телевидениеда ишлаган. Кишини ҳайратга соладиган жиҳати  ва унинг уюштирилганлигини далилловчи ҳолат мавжуд. Ўша журналист аёлнинг уч кунлаб тилсиз-забонсиз бўлиб кардиология марказида ётганлигига қарамай унинг шу шифохонада регистрация, яъни рўйхатга олинмаганлигида ҳам қандайдир ўта жиддий сир борлигидан далолатдир. Ҳаттоки, чақирилган тез тиббий ёрдам машинаси чақирилган идорасида ҳам унинг исми-шарифи, ўша куни унинг беҳуш олиб келиб кетилганлиги ҳақидаги маълумот ҳам, соати ҳам қайд этилмаган. Бундан ташқари, бу аёлга телерадиокомпаниянинг режим ва хавфсизлик ходимлари  очиқдан-очиқ “Агар сен Би-Би-Си ёки бошқа бир хориж радиосига интервью берадиган бўлсанг, сени нариги дунёга равона қиламиз” деб қўрқитишган. Бу ҳақдаги батафсилроқ маълумотларни ўзида жамлаган материаллар меъёрига етиб қолди. Яқин кунларда бу борадаги янада тўлиқроқ тафсилотлар билан тўлдирилган мақолани ўқиб қоласиз.

Менинг саволимга аниқ жавоб беришнинг ҳеч иложи бўлмаётганлигидан Ходжаев яна қайтиб С.Ёқубовага қараб ёпишиб кетар ва қўлида илашиб турган қоғозларни гоҳ у томон гоҳ бу томон силкилаб титкилагандай бўларди. Қўллари қалтираб, асаби қақшарди. Лекин минг уринмасин конкрет жавобнинг ўзи йўқ эди. Бир пайт директор ўринбосари ўтириб олганлигини кўриб раиснинг фиғони фалакка чиқиб яна ўша артистлик қилиқларини қўллай бошлади. “Нима мен сизга ўтириб олинг дедимми? Бу радиода тартиб бўладими-йўқми? Нимага масалага бунчалик эътиборсизлик билан муносабатда бўлинаяпти? Бу ҳолат қачонгача давом этади? Шунча саволлар берилишига қарамай, бу хоним ҳам ҳа энди қовун-қовундан ранг олади-да дегандек, ундаги масхарабозликка мос равишда қўлини кўксига қўйиб ўзига хос тавозе билан жимгина-шумгина қилғилигини кўрсатиб, алланималар деб пичирлагандай бўлади, гўё.  Яна ўша савол очиқлигича қолганидан қолаверди. Ходжаев ўзини ўтга-сувга ургани билан ушбу саволларга жўяли жавоб қилиши амримаҳол эди. Сабаби бу ишнинг бошида унинг ўзи турганлигини бири боғдан бири тоғдан келаётган пойинтар-сойинтар гаплари билан деярли барчага  сездириб қўйганлиги боис бироз гарангсиб ҳам қолди.  Шунинг учун бўлса керакки, у дарҳол гапни бошқа ёққа буришга ҳаракат қилишга уринди. Лекин мен конкретроқ жавобни талаб қилганимдан сўнг у “мен бундан кейин ҳар ойнинг иккинчи ва тўртинчи ҳафтасидаги чоршанба куни ходимларни қабул қиламан ва бу борада алоҳида график бўлади” деб қолди. Унинг бундай дейишидан шундай қабулларнинг бирида сиз билан учрашиб бу масалага янада ойдинлик киритиб оламиз деган ишора бордай эди. Буни ўзи очиқ менга қараб айтди ҳам. Ҳақиқатдан ҳам раис жанобларининг ходимларини қабул қилиши мумкинлиги борасидаги қарори барчага муҳим воқеликдай туюлди. Чунки саккиз йилдан ортиқ давр мобайнидаги раҳбарлиги давомида бирон марта бирор бир ходимини қабул қилиш у ёқда турсин “сен кимсан” деб сўрмаган-ку, бу раҳбар. Бу жуда ҳам оламшумул янгилик-ку, дегандай баъзи бировлар бир-бирига ҳайрат билан боқарди. Шундай бўлсада, мен барибир МТРК раҳбарининг бундайин хитобига ўта шубҳа билан қарадим. Нега деганда бу сўзлар унчалик ҳам ишончли янграмади. Сабаби у шу ва шунга ўхшаш бўлган бошқа ҳолатларда  ҳам ваъда бериб  ҳеч қачон бажармаган. Аксинча, журналистларнинг, айнан телерадиокомпания ходимларининг устидан кулгандай, масхара қилгандай шу берган ваъдасига бутунлай тескари иш юритган. Шунинг учун унинг бу каби оламшумулдай тушунилган ваъдалари чўпчакдан, аниқроғи ёлғондан бошқа нарса эмас эди. Чунки, унинг МТРК раҳбарлигини энди бошлаган онида: “Мен сизларнинг холодильник-музлатгичларингизни тўлдиргани келганман” деб айтган тантавор гапи фақат ва фақат ўзи учун айтилганлигини унинг ўтган йиллар давомида амалга оширган олғирликлари билан боғлиқ кенг кўламли саъй-ҳаракатларида яққол намоён бўлди, дейиш мумкин.

Бевосита мулоқот деб номланган ушбу мажлисда берилган яна битта-иккита олдиндан пухта тайёрланган буюртмасимон саволларни ҳисобга олмаса, бу йиғилиш шунчаки хўжакўрсинга, яъни А.Ходжаевнинг фақат қуруқ ҳисоботни ўз ичига қамраб олган маърузаси билан ўтди. Энди бу мажлиснинг ўтказилишига туртки бўлган асосий омиллардан бирига кейинроқ батафсил тўхталамиз. Ёки унга замин бўлиб хизмат қилган жиҳатларни ўзида жамулжам қилган муҳим ҳужжатни ҳам яқин кунлар ичида эълон қиламиз.

29.06.2014 й.

(давоми бор)