Навоий вилояти Томди туманида яшовчи Бодом Эржоновага Ўзбекистон Республикаси паспортини 59 ёшида олиш насиб бўлди.
Ўзбекистон ССРда дунёга келган Бодом Эржоновага туғилганлиги ҳақида гувоҳнома олиш ўша пайтда ҳеч кимнинг хаёлига келмаган. Болалик йиллари кекса отасининг сурувларини боқиб вояга етган Бодом Эржонова СССР даврида ҳам паспорт олмаган.
Томди туманига келин бўлиб тушаркан, никоҳ тўйида ҳам бирор киши унинг паспорти бор-йўқлиги билан қизиқмаган.
Бутун умрини оиласига бағишлаган онахоннинг паспортсиз яшаб ўтгани унинг нафақа ёшига етиб қолганида муаммога айланди.
Нафақа учун давлат идораларига мурожаат қилган Бодом Эржоновадан паспорт ва бошқа ҳужжатлар талаб қилинган. Бироқ, бу ҳужжатлар Бодом Эржоновада умуман йўқлиги маълум бўлган.
Яқинда, деб ёзади Nav.uz ахборот портали, Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳар туманлараро фуқаролик суди Бодом аянинг аризасини кўриб чиқди.
Шу манбанинг ёзишича, суд ҳайъати Республика Фуқаролик-процессуал кодексининг 283-моддасига мувофиқ қарор қабул қилди, ва Бодом ая, ниҳоят, 59 ёшида илк бор паспорт соҳиби бўлди.
Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, Ўзбекистоннинг ўтган 22 йиллик Мустақиллиги мобайнида нафақат Бодом Эржонова каби 59 йил, балки бир умр Ўзбекистон паспортини ололмай яшаётган минглаб фуқаролар мавжуд (масалан, Ўзбекистонда туғилмаган шахслар). Уларга фарқли рангдаги ҳужжат берилади ва улар Ўзбекистоннинг тўлаҳуқуқли фуқароси ўлароқ барча ҳуқуқлардан фойдалана олмайди.
ЎХҲ хабар маркази