Аммо, Ҳайитбой Ёқубовнинг қайси асосларда жаримага тортилгани маълум эмас.
Унинг ўзи телефон суҳбати пайти бу ҳақда маълум қилмаган.
Аммо, “Эрк” партияси Бош котиби Отаназар Орипов мазкур ҳолни Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг Прагада ўтган йиғини билан боғлайди.
“Албатта, шундан кейин бўлган ҳодиса бу. Лекин, у Прагада юрган пайти уйига келиб, “Нажот” ноқонуний ишлар қиляпти”, деб айтишган экан”, дейди Отаназар Орипов.
“Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раиси Ҳайитбой Ёқубов Ўзбекистон Халқ Ҳаракати қурултойига Ўзбекистондан бориб қатнашган 4 кишининг бири бўлган.
Отаназар Орипов ўзларининг Ўзбекистон чиқишлари ва қайтиб киришларида ҳеч қандай муаммо кузатилмаганини айтади.
“4 киши жуда эҳтиёткорлик билан чиқиб кетдик. Унда ҳеч нима бўлгани йўқ. Қайтишда ҳам яхши келдик бирга”, дейди у.
Отаназар Орипов ҳозиргача йиғин иштирокчиларидан бошқа кимга нисбатан босим кўрсатилмаганини айтади.
Ўзбекистон Халқ Ҳаракати Прага йиғини чоғи Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳукуматига қарши кураш режасини ишлаб чиқилганини маълум қилганди.
Режа етти банддан иборат экани, унда ЎХҲни Ўзбекистон халқига танитиш ҳаракатларини “янада кенгайтириш”дан тортиб Каримов ҳукуматининг “даъфатан йиқилишига ва ҳатто бунинг оқибатида келиб чиқадиган катта хаос эҳтимолига тайёр туриш” зарурати қайд этилган.
Бандларда, шунингдек, “талабалар ва армиядаги аскар ёшлар ўртасида ташвиқотни ошириш” лозимлиги таъкидланган.
Асосан хорижда яшаётган мухолифатнинг бир неча гуруҳини ўзида бирлаштирган ЎХҲ ўтган йил Берлинда таъсис этилган эди.