O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Нажот йўлини кашф этган аллома ҳикояти

Нажот йўлини кашф этган аллома ҳикояти
29 views
11 April 2017 - 11:17

(Суратда: Абдурауф Фитратнинг №-42-00 сонли маҳкама ишидаги сўнгги сурати, 1938)

Машҳур ўзбек адиби, қомусий билимлар соҳиби, мутафаккир Абдурауф Фитрат 1914 йилда “Нажот йўли” китобини ёзди. Унда нажот йўлини бир сўз билан айтиш жоиз бўлса бу – Қуръон сўзидир дейди. Муқаддас китобда Аллоҳ бандаларига илм ва тафаккурга суянмоқ, тоат –ибодатдан куч-қувват олмоқни ўргатади. Нажот йўли эса Қуръонни Раъд сураси 11-оятида кўрсатилган:

Токи бир қавм ўзини ўзгартмаса,
Аллоҳ унинг аҳволини.

Фитрат даҳоси ўз халқига миллий ғоя ҳадя қилди. “Жаноби Қодири Ҳаким башарият ҳаётини олий бир ғояга вобаста қилиб қўйган, яъни одамлар учун бир даража тайин этган, токи улар ўзларини бу олий ғояга ва даражага етказсинлар…

Дин нима? Дин аҳлоқий ҳукмлардан иборат бўлиб, ўз тобеларини “саодати дорайн”, яъни икки дунё саодатига етказади. Шундай қилиб, ҳаёт ғояси, яъни инсон ҳаётининг самараси шу “саодати дорайн” экан. Мана шу жиҳатдан инсон ҳаёти маҳлуқот оламидан фарқ қилади. Яъни одамлар икки дунё саодатига эришишга лойиқ ва қобилдирлар.

…Икки дунё саодатини талаб қилган инсонгина комил мусулмондир. Худованди ҳаким ҳам икки дунё саодатини талаб қилганларни мадҳ этган Бақара сураси 201-оятида.

* * *

Жамол Камол,
Ўзбекистон халқ шоири

Нажот йўлини кашф этган аллома ҳикояти
(“Анвармирзо ҳикоятлари” китобидан)

Беш асрким, қолоқликка
дучор бўлди мусулмон,
Қолоқ бўлиб, ўз ерида
абгор бўлди мусулмон.

Бунга сабаб – ҳукмдори,
амалдори, муллоси,
Ки ақлидан устун келди
улар нафси ҳавоси…

Дунё қолоқ бўлганларни
аяган қай замонда?
Кўринг энди шу туфайли
нелар кечди жаҳонда.

Арабларни босди тарсо,
афғонга ҳам етишди,
Эронни ҳам, Туронни ҳам
мустамлака этишди.

Шерозийлар авлодининг
занжир тушди бўйнига,
Бухорийлар зурёдининг
илон кирди қўйнига.

Ўлкаларнинг дала-дашти,
сойликлари таланди,
Ҳам маданий, ҳам маърифий
бойликлари таланди.

Фарёд чекди бечора халқ,
ҳаёт йўли қайда деб,
Биз мазлуму бечорага
нажот йўли қайда деб?

Ўтган аср бошларида
Фитрат чиқиб майдонга,
Мусулмоннинг нажот йўлин
айтди аҳли давронга.

Деди: “Аллоҳ яратган илк
гавҳар бизга – Ақлдир,
Ақлнинг оқ гавҳарлиги
буюклардан нақлдир.

Ақл бўлур илмга бош,
илмдадир ҳақиқат,
Гар адолат турса ёндош,
ҳосил бўлур маърифат.

Маърифатли миллат мудом
кашф айлагай дунёни,
Кашф айлагай ўзини ул,
кашф айлагай Худони.

Кашфи олам, кашфи одам,
кашфи Аллоҳ – илмдир,
Мусулмонлик қадам – қадам
илмдиру илмдир.

Рўза, намоз, ҳажжу закот,
булар – Ислом суврати,
Илм эрур исломимиз,
иймонимиз сийрати.

Илм билан у дунё ҳам,
бу дунё ҳам мунаввар,
Икки дунё саодати
илм ила муяссар.

Илм чиндан илм бўлгай
доим олға босса ул,
Илм олға босмас эса,
оқибати таназзул…

Бу ҳикматлар Қуръон ила
ҳадисларда битилган,
Моҳияти аниқ-тиниқ
тафсир-баён этилган.

Неча авлод бу гапларни
ўқидилар шунчаки,
Қуръонни ҳам, Ҳадисни ҳам
тушундилар юзаки.

Касофати шу бўлдики
неча мулла, имомнинг,
Сийрат қолиб, сувратига
ёпишдилар исломнинг.

“Бу нечук?” деб сўралганда,
ҳақ йўлидан қайтдилар,
Аралашма сен Худонинг
ишига деб айтдилар.

Бошларига ёпирилди
илмсизлик балоси
Кейин келди жаҳолатнинг
барча жабру жафоси…

Бу – Худонинг хохишимас,
рад айла бу хабарни
Биздан саъйу амал эса,
Аллоҳ берар самарни.

Аммо бир қавм ўз-ўзини
жаҳду жадал айлабон,
Ўзгартмаса, Аллоҳ уни
ўзгартмагай ҳеч қачон!”

Фитрат шундай бонг урганда
тинглагувчи бўлмади,
Тингласа ҳам уни теран
англагувчи бўлмади.

Юртимизда кезиб юрар
ҳамон унинг фарёди,
Тингла бугун аждодингни,
буюк Фитрат авлоди!

Ал-Форобий, Ал-Беруний,
Синоларни эсга ол,
Улуғбекдай маҳобатли
сиймоларни эсга ол.

Илм олиб амал айлаб
яшамоқни қил пеша
Тараққиёт бўлсин шиор,
тараққиёт ҳамиша.

Ақл ила адолатдан
эрса икки қанотинг,
Ғайрат ила шижоатдан,
ҳосил бўлур муродинг.

22.02.2017

facebook.com ижтимоий тармоғидан олинди