Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси бўлди. Бу ҳақда мамлакат президенти телевидение орқали намойиш этилган халққа мурожаатида айтиб ўтди. Хавфсизлик кенгаши раислик лавозимини истеъфога чиққанидан бери мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев эгаллаб турганди. Бу лавозимга у умрбод тайинланганди.
Тўқаев фуқароларнинг хавфсизлиги ва осойишталиги ҳамда Қозоғистон яхлитлигини ҳимоя қилишга мажбур эканини айтди. У кўраётган чора-тадбирлар ушбу мақсадларга эришиш учун етарли эмаслигини таъкидлади. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тўқаев мамлакат ҳукуматини истеъфога чиқарган эди.
“Шунинг учун давлат раҳбари ва Хавфсизлик Кенгаши раиси сифатида бугундан бошлаб имкон қадар қаттиққўл чоралар кўришга ҳаракат қиламан. Бу ўзи ва оила аъзолари ҳаётини ҳимоя қилиш учун менга кўплаб мурожаатлар билан мурожаат қилаётган фуқароларимизнинг хавфсизлиги масаласидир. Бу давлатимиз хавфсизлиги масаласидир. Ишончим комилки, халқ мени қўллаб-қувватлайди”, — дея унинг сўзларидан иқтибос келтиради Орда.кз.
Тўқаевнинг айтишича, намойишчилар орасида безори унсурлар кўп. Унинг фикрича, бу “фитначиларнинг пухта ўйланган ҳаракат режаси”дан далолат беради. Уларнинг молиявий жиҳатдан рағбатланаётганига ишончи комил, шунинг учун у қаттиқ чоралар кўрмоқчи.
Қозоғистон президенти нима бўлишидан қатъий назар Нур-Султонда қолишга ваъда берди. У халқ билан биргаликда мамлакат тарихидаги қора чизиқни енгиб ўтишига ишонч билдирди.
“Тез орада мен Қозоғистоннинг сиёсий жиҳатдан ўзгариши бўйича янги таклифлар билан чиқаман. Мен бир хил изчил ислоҳотлар позициясида қоламан”, деди у якунида.
Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик Кенгаши раислигидан кетганидан сўнг, амалда ҳокимиятнинг барча тутқичлари Қосим-Жўмарт Тўқаев қўлида тўпланган. Аввалроқ мамлакатнинг биринчи президенти унга ҳукмрон “Нур Отан” партияси раҳбари лавозимини топширган эди.
Эслатиб ўтамиз, намойишчиларнинг талабларидан бири Нурсултон Назарбоевнинг сиёсатдан кетиши бўлган.
Бугун мамлакатдаги вазият янада ёмонлашди. Олмаотадаги намойишчилар маҳаллий маъмурият биносини эгаллаб олишди, улар хавфсизлик кучларининг бир қисмини қуролсизлантиришга муваффақ бўлишди. Шаҳарда тартибсизликлар бўлиб ўтмоқда, дўконлар вайрон бўлгани ҳақида хабарлар бор. Бошқа шаҳарларда вазият кескинлигича қолмоқда. Қайд этилишича, айрим жойларда хавфсизлик кучлари намойишчилар томонига ўтган. Мамлакатда Интернет ҳақиқатдан ҳам узилган. На медиа сайтлари, на давлат идоралари очилмаяпти.
Эрк ДП хабар бўлими