O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Наманганда ислоҳотлар “чуқурлашаяпти”, ёки шаҳар бозорларига бир назар

Наманганда ислоҳотлар “чуқурлашаяпти”, ёки шаҳар бозорларига бир назар
153 views
05 April 2013 - 11:23

getImage (41)Ислоҳотлар чуқурлашиб, ҳалқимизнинг турмуш фаровонлиги ошган сайин менинг уйдан кўчага чиққим келмай қолган. Кўчада нима ҳам бўлиши мумкин? Ҳовли эшигидан ташқарига қадам қўйишим билан асабим бузилади. Кўчаларимиз ўнқир-чўнқир, ерлари тешилиб, тошлари сочилиб ётади. Асфальт қилинганига ўттиз йилдан ошди-ёв. Ёғин-сочин бўлганда эса асти қўяверасиз, хамма ёқ шалабо, тиззагача лой. Ўзимга ўзим раҳмим келиб “қаерларда яшаяпмиз ўзи, ҳозир нечанчи аср?”- дея савол бераман. Илгарилари бунақа эмас эди-ку!
Кўчамиздан ўнқир-чўнқирларни эҳтиёт бўлиб ҳатлаб ўтиб катта кўчага чиқаман, бу ерни асфальти яхшироқ, машиналарнинг тез қатнаётганидан билса бўлади.

Катта кўчаларнинг асфальтини яхши сақлаш керак, чунки ўзимиздан чиқаётган “Шўрвалет”, и, ие.., кечирасиз, “Шевролет” автомобиллари юрмай қўярмикан. Балки панароқ кўчаларни, яъни магистриал бўлмаган кўчалар юзасини нотекис сақлангани яхшидир, чунки Шевролет эҳтиёт қисмларининг ҳам бозори юриб туриши керак-ку ахир. Борадиган манзилимга етиш учун ўша шўргинанг тўкилгур ўзбек, ие.., кечирасиз, Шўрвалет фирмасининг етти йўловчи зўрға сиғадиган “Дамас”ини тўхтатаман. Машинанинг афтига қараб бўлмайди, ювилмаганига анча бўлганга ўхшайди-ю, аммо шодон ҳолда сакраб чиқиб оламан. Бу автомобилнинг ичида ўтириш ўзига хос ранго-ранг ҳисларни уйғотади, хайдовчини диди, фаҳм-фаросатига қараб.

Баъзисини ичида ўтиргингиз келмайди, кир-чир, чанг, лой, устига-устак мусиқа ҳам қуйиб олишади: “реп”, “хип-хоп”. Баъзисини сигнали шунақа баландки, паровозда ҳам бунақаси бўлмаса керак, ичида ўтирганингизда ҳам сигналнинг овози асаб толаларингизни чертади.
Баъзида пиёдаларга қарата чалинган бундай сигнал товушидан қўрқиб ҳам кетади одамлар. Ҳайдовчи ёшроқ бўлса борми, одам эмас, худди ўтин ташиётгандек силкитиб тормоз бериб, газ бериб юради.

Ҳозирги кунда кўчаларимизда автобусчалар ҳам пайдо бўлган. “Автобусча” деганимнинг сабаби, улар кичик, ўттиз еттита ўтириш ўрни бор. Буларни ҳам сигналлари паравозникидай!
Мен бу ерда сигнал хақида лоф ураётганим йўқ. Автобусча хайдовчиси қўққисдан сигнал чалса борми, юраги бақувват одам ҳам “президент касалига” – инфарктга чалиниши ҳеч гап эмас. Дарвоқе, “Президентимиз” ўлмай қолганига афсусдаман, афтидан унга ҳам ўлиши учун шунақа автобусча керак шекилли.

Йўлимиздан янглишмайлик-да, шаҳарда ҳаракатланишда давом этайлик. Манзилга етганда ҳайдовчидан машинани тўхтатиб қўйишини илтимос қиламан, агар ишонсангиз, йўлнинг қоқ ўртасига тўхтайдиганлари ҳам йўқ эмас, фақат ўзини ўйлайди, орқадан келаётган бошқа машиналар ҳам тўхтаб қолади. Светофорларда тўхтаган хайдовчилар йўловчиларни чорраҳада тушиб қолишларига ҳам моънелик қилишмайди.

Келинг, ҳозир мана шу мен чиққан “Дамас” машинасини Наманган шаҳрини ўртасида жойлашган, қурилиши анчадан бери давом этиб тугашига ҳали-бери ҳеч кимни ақли етмаётган “Чорсу” бозорининг янги дарвозаси қаршисида тўхтатайлик-чи.

Машинадан тушиб, нариги томонга, бозор томонга ўтиш учун келаётган автомобилларга имлаб, йўл беришларини илтимос қилиб, зўрға ўтиб оласиз. Баъзи хайдовчилар ўзлари тўхтаб йўл беришади. Бу шўрвалет қурғур мунча кўп экан-а? Нима Россиядан мардикорлик қилиб ишлаб келганларнинг ҳаммаси “шўрвалет” сотиб олаяпдими?

Йўлдан тезроқ ўтиб олақолай, бозорга кириб анча харид қилишим керак. Бозорга яқинлашганимни биламан, не кўз билан кўрайки, бозорнинг дарвозаси берк ва атроф жим-жит. Пашша ҳам йўқ! Узоқроқда маҳалла жойлашган тарафда, янги қурилиб, битганидан бир йил ўтиб бузиб ташланган иморат асотирларини одамлар юраверганидан текисланиб кетган жойида чайлалар кўринади. “Чайла” деганим – бу катта савдогарлар тутадиган зонтлар, шу чайлалар тагида савдо авжида экан.

Баҳор даракчиси кўкатлар анча сероб, исмалоқ, жағ-жағ, беда, ялпизларни кўк сомса, кўк манти учун сотишаяпти. Сал нарироқда укроп, ош-кўк ичкарироқда, сут махсулотлари – сузма, қаймоқ, яшикларда эса олма, мандарин, бананларни, нонвойлар устига ёғ сурталган патир, ширмойларни, кондитерлар ўзларининг пишириқ маҳсулотларини сотишаяпти.

Бу санаб ўтганларимнинг ҳаммаси ерга териб қўйиб сотилаётган маҳсулотлар. Атрофда харидорлар юраркан, ердан кўтарилаётган чанг хаммаси шу махсулотларга ҳам қўнади. Кўкатлар-у, мевалар майлику-я, уларни ювиб истеъмол қилинади-ку, сут махсулотларини, хамирдан тайёрланган маҳсулотларни эса ювиб бўлмайди!

Аттанг, эски бозорни бузиб юборгани жуда чатоқ бўлди-да, янгиси ҳали битмасдан очиб, кейин қайта беркитишибди. Ўзи Ислом Каримов илгари бир мақолни кўп ишлатгани эсимда:

“Янгисини қурмай, эскисини бузма”! Афтидан, шу президентларнинг гапи маҳаллий ҳокимларни у қулоғидан кириб, бунисидан чиқиб кетган чоғи. Савдогарлардан “нимага бу ерларда савдо қилаяпсизлар?”, “нега бозорни беркитишибди, ўзи яқинда очилган эди-ку?” – деб сўрасам, кўплари нима бўлаётганини билмас эмиш. Бозорни беркитилиши ҳақида на бир огоҳлантириш бўлибди, на бир эълон.
Афсусланиб излаганимни топа олмай роса бозор айландим, яхшиям бир инсофли киши учраб қолиб, менга керакли сабзавотларнинг бозори ва бошқа махсулотлар бозорлари қаерда эканлигини айтиб, миннатдорчилигимни олди.

Демак, Наманган шаҳри “Чорсу” бозори тарқатиб юборилиб, ҳар ҳил махсулотлар энди шаҳарнинг ҳар ҳил бозорларида сотиладиган бўлибди. Ўша бозорларга боришни хоҳламаган савдогарлар эса кўча кўйларда милисалардан қочиб савдо қилишга махкум эканлар. Масалан, менга керак бўлган сабзавотлар бир ярим километр нарида, “Ғишт кўприк” даҳаси ҳудудидан, бозорга мўлжалланмаган ердан, яъни автостоянка ўрнидан жой олибди. Автостоянкачига ҳам бари бир эмасми, машина турса ҳам олаверади, савдогар келса ҳам, жой ҳаққи олаверади. Қайтанга бир автомобиль ўрнига икки-уч савдогарни жойлаштириш кони фойда.
Шундан бўлса керак, савдогар ҳам шод, стоянкачи ҳам. Ҳукуматимиз назарида ривожланиш, ислоҳотларни чуқурлаштириш шунақа бўлса керак.

Келгусида шаҳримизга саёҳатни яна давом эттирамиз. Ҳозирча эса, ислоҳотларни чуқурлашишини кузатиб турайлик-чи, бу ислоҳат дегани шунақа чуқурлашиб бораверса сайёрамизни нариги тарафи бўлган Америкадан тешиб чиқса керак…

Илҳом Мамедов
Наманган шаҳри