O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Насиб бўлса келар Ҳинду Ямандан…

Насиб бўлса келар Ҳинду Ямандан…
123 views
01 June 2017 - 8:00

Кўҳна Самарқанд шаҳридан узоқ сафарга чиққан савдогар туяларнинг бирида эгар жабдуқ йўқлигини сезиб, биринчи учраган ҳунармадчилик дўконига кирди. Дўкон эгаси намоз ўқиш учун масжидга чиқиб кетган, ўрнига шогирдини қолдирган эди.

— Келинг амаки, — деди шогирд.

— Менга зудлик билан эгар керак.

— Ҳозир йўқ эди. Агар буюртма берсангиз, 3-4 кунда тайёрлаб берамиз.

— Нималар деяпсан, ўғлим? Мен бугун йўлга чиқаман. Туяларимдан бирининг усти бўш. Дарҳол эгар қўйишим керак, туя бўш кетмасин.

— Лекин амаки, ҳозир эгар йўқ-да, қаердан оламан?

— Кўрмаяпсанми? Карвон йўлга шайланган. Бироздан сўнг карвонбошининг қўнғироғини эшитасан. Қани дўконингни яхшироқ қара-чи, биронта эгар топилиб қолар.

Шогирд у ер бу ерга қарагандай бўлди-ю, бирдан кўзи йиллар бўйи шифтда осиғлиқ турган эски эгарга тушди.

— Буни қаранг, амаки. Шу эски эгар, бир неча йиллардан бери шифтда осиғлиқ туради. На унга биров харидор бўлди, на биз уни сотишга қўйдик. Мадомики, сизга жуда зарур бўлса, 40 танга бериб, шуни олақолинг.

Савдогар эгарнинг янги-ескилигини ажратадиган вазиятда эмасди. 40 танга бериб эгарни олиб, карвон томон югуриб кетди. Шогирд эски эгарни 40 тангага сотганидан жуда хурсанд эди. Устага бу омадли савдони айтса, ким билади, қанчалар хурсанд бўларкин?!

Бироздан сўнг уста дўконга қайтди. Салом аликдан сўнг шогирд:

— Сизга бир хушхабарим бор уста — деди.

— Айтчи қани, нима экан?

— Шифтда осиғлиқ турадиган эски эгар бор эди-ку. . .

Устанинг кўзи дарҳол шифтга қадалди, эгар жойида йўқ. Ранги оқариб, нафаси ичига тушиб қолди. Тиззалари қалтирай бошлади. Лаблари эса секин пичирлаб:

— Айт, нима бўлди, у эгарга?

— Бир савдогар келиб, зудлик билан эгар кераклигини айтди. Ҳозир эгар йўқ десам ҳам, қўярда қўймай, топиб бер, деди. Шу эски эгарга кўзи тушиб, бу ишга ярамайди дейишимга қулоқ солмай 40 танга бериб, олиб кетди.

Уста турган жойида чўккалаб қолди. Чунки у эгарда устанинг пул ташлайдиган халтачаси бор эди. Йиллар бўйи рўзғоридан орттирганини шу халтачада сақларди.

— Шунақа дегин, 40 йил тўплаганим 40 тангага кетибди-да!

Шогирд воқеликнинг ҳақиқатини билиб, қилган ишидан жуда пушаймон бўлди. Йиғлаб, оҳ-воҳ қилди. Уста ақлли, олийжаноб киши бўлиб:

— Болам, бунчалар ўзингни қийнама! Насиб бўлса келар Ҳинду Ямандан, буюрмаса нима келади қўлдан, — деб тасалли берди.

Орадан анча вақт ўтди. Салқин кунларнинг бири, тушлик пайти эди. Дўкон эшигида бир одам турарди. Бу ўша, эски эгарни 40 тангага олган савдогар бўлиб, қўлида ўша эгар турарди.

— Мен 6 ой аввал, шу дўкондан манави эгарни олгандим. Йўлда ўйлаб қолдим. Менга буни сотган шогирднинг устаси бу савдодан рози бўлдимикан? Мен шошилтирганим учун устасидан сўрашга ҳам имкони бўлмаганди. Устаси норози бўлган бўлса, шогирдини жазоламадимикин, деган ўй менга тинчлик бермади. Мана эгарингиз, қайтиб олинг. Менга бошқа ясаб беринг!

Уста ва шогирд бир-бирларига тикилиб қолдилар. Айни вақтда кўнгилларидан бир хил гап ўтарди:

“Насиб бўлса келар Ҳинду Ямандан. . . ”

islom.ziyouz.com