Матназар АБДУЛҲАКИМ
ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд
“ОЙДИНЛИК” КИТОБИДАН
ЁВШАН
Арча, сенга осон, арча, сенга маза,
Ҳамма фасл сенинг пушти паноҳинг.
Либосинг ям-яшил хоҳ тўй, хоҳ аза,
Совуқ ҳам, иссиқ ҳам суянган тоғинг.
Менинг ҳар бир новдам тезроқ униб, ўсиб,
Тезроқ яшаб қолиш учун ошиққан.
Узоқ бир умрга етмайди кўзим,
Менинг ҳеч кимим йўқ баҳордан бошқа.
* * *
Ер тагида илон қимирлаганини
Бориб турган айёр илғайди баъзан.
Уникидан ошиб тушади макринг,
Яъни — у илонни сен юргизасан.
Юргизиб турганинг пинҳон илоннинг
Заҳарли экани сенга ёқади.
…Барибир содасан. Билмайсан шўрлик,
У фақат ўзингни чақади.
* * *
НАТИЖА
Боғлар — чўл, тоғларинг талқона чиқди,
Рост деб айтганларинг ёлғона чиқди.
Дарё деб қазганинг дўнди захкашга,
Қаср деб қурганинг — молхона чиқди.
* * *
ПИЙР
Бу пийр виқор билан ёш-ялангларга
Мўйсафид тилаклар тилайди.
Сон-саноқсиз эгик бошларни
Меҳрибонлик билан силайди.
Сўнг уйга шошилар қўл ювиш учун
Чимирганча бароқ қошларини…
Зудлик билан тарқалар ёш-яланглар ҳам
Ювиб ташлаш учун… бошларини.
(давоми бор)