Баднафслик инсонни не кўйларга солмайди дейсиз?
Ғузор туманида туғилган Махсум Тошбоев укалари билан биргаликда Россия давлатининг Якутия ўлкасида Ўзбекистондан бориб ишлаётган ҳамюртлари тумандошларининг меҳнати ҳақларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб олди. Якутиядаги қурилишлардан бирида 152 нафар Ўзбекистонлик меҳнат қиларди.
Уларнинг 120 нафари Ғузор туманида истиқомат қилувчи фуқаролар эди. М. Тошбоев укалари Қобил Нозим ва Соли Тошбоевлар билан иш боши сифатида ҳамюртларининг паспортларини олиб қўйиб, уларни ишлатишарди.
Қурилиш раҳбариятидан ҳамюртларининг меҳнат ҳақларини тўлиқ ака-ука Тошбоевлар олишарди Махсум Тошбоев бир йил оғир қурилиш ишларида ишлаган ҳамюртларнинг ҳар бирига ойига 10 минг рублдан ҳисоблаб ҳақ тўлайди. Ҳар бир ишчининг ойига 30-50 минг рублдан иборат меҳнат ҳақини эса бермасдан ўзида олиб қолади. Ваҳоланки, қурилишда ишлаган ишчиларнинг меҳнат ҳақларини у раҳбариятдан тўлиқ олганди. Махсум Тошбоевдан иш ҳақини беришни талаб қилганларида зуғум қилиб, уларни ҳақоратлайди. Ҳатто Рашид Ботиров деган ишчини бошига кулдон билан уриб жароҳатлайди.
Шу тариқа фирибгарлик билан ҳамюртларидан ўмариб қолган пулларни мунтазам равишда Ўзбекистонга, вилоятимизнинг Шаҳрисабз туманидаги ўзига тегишли қариндошига жўнатиб туради. Бу пуллар ҳисобига Махсум Тошбоев Шаҳрисабз шаҳрида 17 минг АҚШ долларига битта ҳамда 33 минг АҚШ долларига иккинчи ҳовли жой, 11 АҚШ долларига 3 хонали квартира, 21 минг АҚШ долларига “Эпика” русумли, 25 минг АҚШ долларига “Ласетти” русумли автомашиналари сотиб олади. 17 минг АҚШ долларини отаси Латиф Тошбоевга бериб қўяди.
Мираки шаҳарчасидан 33 минг АҚШ долларига сотиб олган ҳовлини онасининг номига, “Ласетти” автомобилини акасининг номига расмийлаштиради. Махсум Тошбоевнинг ҳамюртлари меҳнат ҳақидан ўмарган маблағи, шундай қилиб, 657 минг АҚШ доллари миқдорини ташкил қилганди. Баднафс махсум Тошбоев ва укалари қилган жиноятларига яраша суд ҳукми билан жазо олишди.
Ганжа Мухси.