O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Нахаъ қабиласининг элчилари

Нахаъ қабиласининг элчилари
221 views
15 June 2017 - 9:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 172
(давоми)

НАХАЪ ҚАБИЛАСИНИНГ ЭЛЧИЛАРИ

Нахаъ қабиласи Яман вилоятида яшайдиган катта бир қабиладур. Арабистонда Расулуллоҳга келган элчиларнинг энг сўнгиси эдилар. Булар келмасдан илгари Расулуллоҳнинг элчилари Муъоз ибн Жабал Пайғамбаримизнинг номаларини топшириб, уларни динга даъват қилмиш эди. Бутун қабила у киши қўлида мусулмон бўлган эди. Сўнгра бошлиқларидан икки юз кишини элчи қилиб, Расулуллоҳ олдиларига юбордилар. Расулуллоҳ билан кўришгач, улар ичида Зурора ибн Амр деган бир киши:

— Ё Расулаллоҳ, мен эрсам шу йўли сафаримда келаётиб бир туш кўриб, ундан кўп таажжубда қолдим, — деди.

Расулуллоҳ:

— Нима кўрдинг? — деб сўрадилар.

Ул айтди:

— Ўзимни қабила ичида бир урғочи эшакни миниб турганимни кўрдим. Шу чоғда ул эшак туғди, қарасам бир ола эчкининг боласини туғибдур. Эшакдан эчки боласи туғилганини кўриб, ҳайрон қолиб турдим, — деди.

Анда Расулуллоҳ:

— Уйингдаги хизматчи чўри хотин сендан бўғоз бўлмишдур. Ул эса ўғил туғмишдур, сенинг ўз болангдур, — дедилар.

Ул айтди:

— Ё Расулаллоҳ, нечук ола бўлур?

Расулуллоҳ секингина унинг қулоғига:

— Сен яшириб юрган танангда оланг бордур, у нарса болангда кўрилмишдур, — дедилар.

Анда ул:

— Улуғ Аллоҳ номи билан қасам қилурманким, сен Аллоҳнинг улуғ Пайғамбари эрмишсан. Мендаги бу сирни ҳеч ким билгани йўқ эди, сенга Аллоҳ билдирмишдур, — деди.

Элчилар ҳақида ёзган сўзларимизнинг энг охири шу ерга етди.

Ўқитувчи мўминларга етарлик бўлғанликдан қолганларини ҳам қолдирмай ёзмоқни кўп лозим топмадим. Бошқаларини ҳам ёзиб, бу мақсад устида китобимни энг охирига еткизмагим учун, эй улуғ Тангрим, ожиз қулингга ўзинг мадад бергайсан, омин.

(давоми бор)