Намоз Нормўмин,
13 ноябрь 2012 йил
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
Сўз бошидан шуни таъкидламоқчиманки, мен бу мавзуда каломий, фалсафий ва тасаввуфий қарашларни четлаб ўтишга қарор қилдим. Яъни, бу мутаносибликнинг бундай қарашларга эҳтиёжи йўқ, деган фикрдаман. Бу баъзиларга тушунарли бўлмаслиги мумкин. Бошқалар эса, бунинг иложи йўқ, кимки нақл (ваҳий) ва ақл масаласига тўхталадиган бўлса, ҳеч бўлмаганда калом илмининг бекатидан ўтиши зарур, дея ҳисоблашлари мумкин. Аммо мени маъзур кўрсинлар. Ҳар кимнинг ўз йўли ва ўз қарори бор. Мен бу масалада фикримни ўзгартира олмайман ва ёшим ҳам анча илгарилагани учун энди орқага қайтишимга ёки бўлмаса майли ушбу масалада бироз бу соҳаларга ҳам эътибор қаратайлик, дейишга тоқатим йўқ тўғриси.
Мен фалсафани баъзи тенгдошларим қатори совет мактаби парталарида ўргандим. Диалектик ва тарихий материализмни, буларни қабул ва рад қилганларнинг далилларини ва тезисларини ўрганишга афсуски, ёшлигимнинг ким билсин, неча йилини қурбон қилдим. Кейин ушбу фалсафанинг асослари йиқилган дарахтнинг чириган илдизлари каби самарасиз эканлигини кўрдим. Унга асослаган совет режими ҳам бизнинг наслларнинг кўз ўнгида асфоласофинга кетди. Нақл либосини устидан отишга уриниб, ярим ялонғоч қолган ақлнинг бу бебошлиги назаран чириди, амалда йўқ бўлди, аммо унинг орқасида жоҳилият чўлларида саргардон эргашувчилари қолдилар. Мен эса фурсатдан фойдаланиб ёки ўзбекларнинг “оч баччағардан қоч баччағар” мақолига ўзим билмаган ҳолда амал қилиб, бу олий фалсафанинг етимлари кўз ёши тўкар экан, Истанбулнинг жин кўчаларида тасаввуфнинг турли рангга бўялган эшикларидан кириб чиқмоқда эдим. Бунга ҳам камида беш олти йилим кетиб, мадорим бир нуқтага келганда, мазҳаб имомиз Абу Ҳанифа (Аллоҳ раҳмат қилсин) иш бошида калом илми билан шуғулланганини, кейин унинг бу ишдан воз кечганини ўргандим. Ўзимга ўзим шу имомга эргашганингни иддоа қилганинг тўғри бўлса, қўй шу каломнинг эшигини ва ичидагиларини, дедим…
Булар ўз ақлини ўрнига қўйдим, деяётган банданинг фикрларидир. Аммо нақл (ваҳий) ва ақлнинг Эгаси ўз Каломи ва махлуқларнинг энг устуни (Расулуллоҳ (сав) марҳамат қилиб айтганлар “Аллоҳ ақлдан устун махлуқ яратмаган” (қаранг: Имом Ғаззолий “Иҳё…”) орасида мана шу уч “илмни” воситачи қилганми? Албатта, нафслари саҳиҳ далилга эргашадиганлар эмас, саҳиҳ далилнинг ҳавойи нафсларига эргашишини истайдиганлар бу масалада истанганларича далил келтиришлари мумкин. Аммо ҳақиқат ўртадидир: Аллоҳ таоло нақл ва ақл ўртасида бир фаришта элчи (Жаброил а.с) ва бир инсон пайғамбар (Муҳаммад (сав)дан бошқа воситачи қўймаган. У ҳолда биз нақлга буйинсунишдан ва ақлни мана бу мақсадда ишлатишдан масъулмиз…
Ақлни илоҳлаштирганлар (файласуфлар ва уларга эргашганлар) ёки шунга ўхшаш мақомга эргашганлар имом Ғаззолийнинг китобида келтирилган далилга (олимларнинг фикрича бу имомнинг китобида талайгина заиф далиллар ўрин олган) керагидан ортиқ хурсанд бўлишлари мумкин. Улар қўлларини ишқалиб “Мана биз тўғри йўлда эканмиз, ақл ҳамма нарсадан устун экан”, дейишлари мумкин ва менга буни айтган кишилар ҳам бор. Фақат ушбу далилни саҳиҳ деганимизда ҳам (у саҳиҳ бўлмаганда ҳам Қуръонда ақл ва унинг вазифалари ҳақида етарли далиллар бор) уни синчиклаб ўргансак, ақлнинг махлуқ (бу далилга кўра энг устун махлуқ) эканлигини кўрамиз. Аммо Холиқ ва Унинг ўзгармас Каломи махлуқ эмас ва шунинг учун ҳам барча махлуқлардан (энг устун махлуқдан ҳам) устундир. Гарчи ўз замонида золимлар нақлни махлуқ, дея эълон қилишган, ўзларининг бу ёлғон иддоаларини имомларнинг устозларидан бири Аҳмад ибн Ҳанбалга куч билан қабул қилдиришга уринишган ва бу золимликларида ўжарлик қилиб, имомни шаҳид қилган бўлсаларда, улар нақлнинг эмас, ақлнинг махлуқ эканлиги ҳақиқатини ўзгартира олмаган эдилар. Яна бир ақл устунлиги тарафдори менга “наҳотки оддий ҳақиқатни тушунмайсиз, ахир нақлга мукаллафлик ақл билан бўлади, ақл бўлмаса зотан инсон мукаллаф ҳисобланмайди”, дея дашном берганди. Бу “ақлли” дўстимдан жиннилар даволанадиган касалхона кўчасидан ўтганмисиз, дея сўрадим. Чунки унинг иддоаси у ерда даволанадиганларга оид эди. Ҳақиқатан ҳам, Аллоҳ Ўзи билган ҳикматга кўра жинниларни ақлдан жудо қилган ва шунинг учун ҳам улар нақлга эргашишга мукаллаф эмаслар. Аммо жиннилар инсоният ичида истисно ҳолидадирлар ва ҳақиқатга кўра истиснолар қоидаларни ўзгартирмайди. (Айтмоқчи, жиннихоналарга психатрия, яъни руҳ касалхонаси номини берганлар ҳам ақл эгаларидир. Улар ақлларини илоҳлаштирганлари учун ҳам ақл касалликга чалинмайди, дея ўйлаган бўлсалар керак. Аслида эса руҳда касаллик бўлмайди. Руҳ ё бор (ҳаёт) ёки йўқ (ўлим) бўлади.) Демак, Аллоҳ жиннихона деворлари ташқарисидаги шаҳар ва қишлоқларда айланиб юрган инсонларнинг барчасига ақл берган. Масала, ақлнинг йўқлиги эмас, унинг фаолияти, яъни қандай ва қайси томонга ишлатилиши масаласидир. Шунинг учун Қуръони Каримда нақлга эргашмаганлар ҳақида “Уларнинг қалблари (да ақллари) бору аммо тушунмайдилар (фикр қилмайдилар, ақлларини ишлатмайдилар)”, (Аъроф сураси 179 оят) дея марҳамат қилинади. Бу оятнинг ҳақиқати ҳақида имом Абу Ҳанифа ва имом Шофий ихтилоф қилганлар. Бу имомлардан биринчиси, ақл бошда, иккинчи эса қалбда бўлади, деган. Аллоҳ Ўзи билан ҳикматга кўра Қуръонда инсонларга ақлнинг “шакли шамойилини” танитмаган. Бунинг ўрнига (юқоридаги оятда бўлгани каби) унинг ўзанига ёки ақлнинг эгаларига ишорат қилади. “Афалаа таъқилуун ” (Ақлингизни ишлатмайсизларми? Анъом сураси 32 ёки Ақлларини ишлатмайдиларми? Ёсин сураси 68 ), “Ақл эгаларига ишоратлар бордир” (Оли Имрон 190 оят).
Бу дунё ҳаётида ақлларини тўғри ишлатмаганлар, охиратда шундай надомат қиладилар:
“Ва улар: “Агар эътибор қулоғи билан эшитганимизда ёки ақлни ишлатганимизда, дўзахийлар орасида бўлмас эдик”, дерлар” (Мулк сураси 10 оят)
Яъни, дўзахийлар охиратда Аллоҳ таолога эй бизни яратган Парвардигоримиз, нега бизни ақлдан жудо қилдинг, ақлсиз махлуқот ҳолига келтирдинг, деб эмас, Аллоҳ бизга берган ақлни тўғри ишлатмадик, дея вой вод қиладилар. (Аллоҳ бизларни шундай ҳолга тушишдан қўрисин).
Демак, ақли нақлга эргашсин, эргашмасин, жиннихона девори ичида яшаш тақдирида бўлмаган барча инсонлар ақл соҳибидирлар. Нақлга эргашганлар ақлларини тўғри ишлатганлар, эргашмаганлар эса бу буюк неъматга нонкўрлик қилиб, уни нотўғри ишлатадиганлардир. Буларнинг мисоли доимо булоқ сувидан ичиб, юзи кўзи булоқ сувидек нурли бўлганлар билан ҳар куни бўлмаса ҳам (баъзан ҳар куни бу ишни қиладиганлари ҳам топилади) булоқ суви ўрнига шароб ичадиларганлар мисоли кабидир. Кейингилар сўзда ақлни улуғлаган, ўзда эса унинг тагига сув қўйган, аммо заҳарли сув қўйган бечоралардир. Ёки бу икки тоифанинг мисоли, замонамизда автомобиль ҳайдаш анаъна бўлгани учун, автомобилини силлиқ йўлдан унинг қоидаларига амал қилиб ҳайдайдиганлар билан баъзан автомобилини силлиқ йўлдан, баъзан эса чангалакзолардан ҳайдайдиганлар мисоли кабидир…
Илм аҳлларининг яна бир устози Ибн Таймия (Аллоҳ уни раҳмат қилсин) “Фитрийликда (табиий ўлароқ, нормалда) нақл ва ақл ўртасида мутаносиблик (ўзаро қабул, ўзаро рад қилмаслик) бор. Агар булар ўртасида муаммо чиқадиган бўлса, ё нақл нотўғри ўринда далил сифатида келтирилмоқда ёки бўлмаса ақлда бирон муаммо бордир”, дейди.
Ҳазрати Али (ра) саҳобалар орасидаги уруш жанжалда ҳакамликни қабул қилмай кейинчалик хорижийлар тоифасига айланганлар “Ҳукм Аллоҳникидир”, оятини далил қилиб олганларида “Бу нотўғри ўринда айтилган Ҳақ сўздир”, деган экан. Яъни, нақлда ноқислик бўлмайди, аммо ноқислик уни ўз ўрнида эмас, нотўғри ўринда ишлатишда бўлиши мумкин. Яна бу улуғ зотга нақл ва ақлнинг ўрни оддий шаклда изоҳ қилинган мана бу таърифни ҳам нисбат қиладилар: Нақл ақлга эргашганида масҳнинг усти эмас, ости ҳўл бармоқлар билан тозаланиши керак эди. Чунки кир бўладиган масҳнинг товон тарафидир. Аммо таҳорат бузилганда маълум бўлгани каби масҳнинг товон тарафи эмас устки тарафи тозаланади ки, бу ҳам ақлнинг нақлга эргашишига далилдир..
У ҳолда баъзи ақллар (нақлни ҳеч ҳисоблайдиганлар шахсида) биз маъносиз яратилган эканманда, дея исён қилиши мумкин. Аммо уларнинг бу исёни яна ақлнинг заифлигини кўрсатади: Зеро нақл ақлга фақат ўз Эгаси Зотининг ҳақиқатига эриша олмаслигини айтади. “Иҳё…”даги бир ривоятда “Аллоҳнинг махлуқоти ҳақида тафаккур қилинглар. Унинг Зоти ҳақида тафаккур қилманглар, бу сизнинг ҳалок бўлишингизга олиб келади”, дейилади. Бу ривоят маъно эътибори ила ҳақиқатни ифодаланган. Чунки аввал каломчилар, кейин сўфилар ва файласуфлар айнан у Улуғ Зотнинг ҳақиқатини ақллари билан идрок қилишга уриндилар ва охир оқибат улардан баъзилари ақлларини йўқотди, баъзилари манзилга бориш ўрнига йўлга чиққан жойларини ҳам тополмайдиганларнинг ҳолига тушдилар. Бундайларни мен доимо ёнимда олиб юрадиган “Имон” китобининг муаллифи Мустафо Ислом ўғли шундай таърифлайди Файласуфлар ақлларини, сўфийлар эса ҳис туйғуларини илоҳлаштирдилар… (Қаранг: Мустафо Ислом ўғли, “Имон”, Denge Yayınları, 2005 İstanbul).
“Имон аввал имон эди, кейин унга сув қўшдилар, ақида бўлди. Кейин ақиданинг устига ҳам сув тўкдилар, калом бўлди. Шу шаклда каломдан тасаввуфга, ундан эса фалсафага (мусулмонлар орасида) айланди”. Бу муҳташам таъриф ҳам ушбу олимнинг сўзларидир. Бу ерда Онадўли туркчасидаги сув тўкиш, дарахтни суғориш маъносида эмас, шўрвага сув қўшиб уни ёвғонга айлантириш маъносидадир. (Мустафо Исломўғли илк китоблари билан Туркиялик мусулмонлар орасида машҳур бўлган эди. Аммо у ёзган тафсир мунозараларга сабаб бўлди, шунингдек жамоати ҳам илк китоблари каби кенг ва машҳур эмас).
Ақлнинг мен маъносиз эканманда, иддоасига узоқ тўхталиб ўтирмаймиз. Зеро, ақл эгалари учун еру ва осмонлар ва улар орасидаги барча нарсада (инсон, тоғу боғлар, ҳайвонлар ва ҳк) ишоратлар (фаолият майдони) бордир. (Оли Имрон сураси 190 оят). Шундай экан, ақл бемалол ўзига ажратилган майдонда от чоптириш имконига эгадир. Чунки ақл нақлга нисбат қилинганда чавондоз силаб сийпайдиган, кўз қорачуғидек асрайдиган восита мақомидадир…
Нақл ва ақл ўртасида номутаносиблик иккинчи ҳолатда, яъни ақлда муаммо бўлганда кўпроқ ўртага чиққан ва чиқади. Ақл ўз фитратига кўра ҳам муаммосиз, камчиликсиз бўла олмайди. Бу аввал дунё ҳаётининг имтиҳонлиги ва ақлнинг махлуқ (яратилган) эканлиги туфайлидир. Ақл тушуниш, фикрлаш, ўйлаб кўриш, ўрганиш, яхши ёмон тажрибаларидан хулоса чиқариш учун масъулдир. Шунинг учун ҳам ёмон тажрибасидан хулоса чиқармай, уларни такрорлайверадиганларга ахмоқ (ақли паст), дейилади. Ақлнинг табиий даражаси инсон умрининг улғайиши нисбатидадир. Яъни, ақл ўсмирдан талаб қилинади, чунки болакайнинг ақли мукаллафлик даражасида бўлмайди. Аммо бу ҳамма йигиту қизлар, ўрта ёшли жаноблар ва хонимлар ақл хазинасига айланадилар, деган маънони билдирмайди. Масалан, эндигина нақлнинг ҳақиқатини ўргана бошлаган аммо унинг учун мукаллаф бўлиш ёшига келмаган болакайнинг ақли шаробнинг ҳаромлигини (ёмонлигини) тушуниб етади, аммо умрининг чўққисида бўлган нақлни инкор қилувчи (атеист) профессор буни тушунмайди, назарияда тушунса ҳам, амалда шаробхўрликдан воз кеча олмайди (бу масалада ақлини тўғри ишлата олмайди). Демак, ақл нақлга эргашсагина ўз мукаммалигини қўрий олади. Зеро, ақлнинг мукаммаллигини мукаммал ҳолда таъриф этган ҳам (Аҳқоф сураси 15 оят) ва унга даҳшатли душманини тарк қилиш орқали чўққига чиқишни ўргатган ҳам (Зумар сураси 17 ва 18 оятлари http://www.quran.uz/tarjima) нақлдир…
Нақлнинг буюклиги ақлнинг фаолият майдонини кенг қилиб қўйганидадир. Яъни, инсон учун нақлнинг ҳукмида ҳалолларга нисбатан ҳаромлар жуда оз сондадир, эркинликларга нисбатан таъқиқлар жуда тор майдондадир. Ҳатто шу даражадаки, йигирма тўрт соатдан иборат бир кеча кундузда бир соатлик вақт кундалик фарз ибодатга ажратилган. Бу ибодатда ҳам нақлга эргашувчилардан ақлларини йиғиштириб қўйиш эмас, балки уни жамлаш, тозалаш, улуғлаш талаб қилинади. Чунки хушу ақлни бир жойга тўплаб, нақлни такрорлаш орқали ибодат қилувчининг мукаммаликка интилиши демакдир. Қолган йигирма уч соатда ақл ўзининг табиий фаолиятини давом эттира олади…
Шунга қарамасдан, баъзи ҳолларда ақл ўз тарихида нақлга нисбатан жуда кўп ҳақсизликлар қилган ва бугун ҳам бу бедодлигини давом эттирмоқда. Бундай ҳолларнинг бирида ақл ҳаёсизларча нақлга қарата “сен афюнсан” дейишгача борган эди. У бу гапни нақлнинг илк нусхаларига ўзича “тузатиш” киритгандан (уларни бузгандан) кейин ва шу шаклда ярим нақл ва ярим ақл эгалари “соф” ақл тарафдорларини ўтда ёққандан кейин айтганди. Ақлнинг бу ҳолдаги гапи ҳаромга қўйилган тўғонни ҳалол боғига, таъқиқ оловини эркинлик водийсига очишга уриниш ёки бошқа сўз билан айтганда ақлнинг интиҳор (ўзини ўлдириш) ташаббуси эди. Аммо имтиҳон дунёси ниҳоясига етмагани учун ҳам ушбу ҳолга тушган ақл бу интиҳордан ўлмасдан қутулди. Ҳозирги кунда бу “соф” , чалажон ақл ўз қилмишидан пушаймон бўлганми, бўлмаганми, номаълум вазиятда дунё кўчаларида тентираб юрибди…