O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Наҳангнинг думини босмоқ

Наҳангнинг думини босмоқ
814 views
14 April 2022 - 20:50

Анора Содиқовага бўлаётган ноҳақликлар менга ҳам бегона эмас. Қанча постларим учун қилинган очиқдан- ёпиқ таҳдидлар, ота-онамнинг олдига бостириб бориб қилинган номардларча огоҳлантиришлар, сингилларимни қўпол қўрқитишлар, укамнинг машинасига ташланган наркотик, болаларимнинг ҳаёти билан ўйнашмасликни айтиб қилинган “сиёсат”лар…Афсонавий “қора рўйҳат” хақидаку гапирмасам ҳам бўлади.
Фарқим, мен булар хақида ҳеч қачон ошкор оғиз очмаганман. Зўравон, қавс ичидаги “псевдоватанпарвар”ларга юзма-юз келган бўлсамда қўлларидан ҳар қандай қабохат келиши мумкинлигини ўйлаб, дардимни ичимга ютдим. Мақолаларимни ўқигансиз. Профессионал тарзда бўлмасада, бахоли қудрат, тараққиётимизга болта ураётган жиддий нуқсонлар хақида бонг урдим. Ақлим етганча ечимини ҳам кўрсатдим. Аммо нуқсонларни топиб, ечиш ўрнига аёл киши билан ўчакишадиган, овозини ўчиришга харакат қиладиган жонзотларни ким деб аташ мумкин?
“Мақоланг фалон сайтга чиқиб кетибди. Олиб ташлатмасанг фалон бўлади. Писмадон бўлади” деб, эркакка хос бўлмаган дўқ-пўписалар, хақоратлар, “фас ” деса ташланиб, бўғзингига ёпишадиган овчаркалар фақат эгасининг буйруғигагина бўйсинадиган роботлар!
Улар жуда хавфлидир!
Анора катта наҳангни думини босди. Ўша наҳангни бемалол очофатлик қилишига йўл қўйиб берган, у сузиб юрган океанда идеал мухит яратиб берган ва ўлжасидан улуш олиб юрган улканроқ аждарлар хақида ҳам қистириб ўтди.
Афсус, улар битта эмас, бир дуне хақиқатпараст журналист, блогерларни қайта “тарбиялаб”, тарбияланмаса пашшадай эзиб, йўқ қилиб ташлашлари ҳам мумкин.
Яна такрорлайман. Токи тизим ўзгармас экан, сайраб-сайраб қолаверамиз.
Хорамхўр , амалқулларнинг илдизи таг-томири билан суғуриб ташланмаса пўпанак бойлаб кўпаяверишади. Халқ эса миллиардлаб қарзни бўйнига олиб қашшоқ яшайверади.

Муаззам Иброҳимова