Тошкент пропискасига кириш учун расмий рўйҳатдаги ҳужжатларни йиғишга вақтинча пойтахтда бўлиш муддати ҳам етмаслиги ҳақидаги мақолани чоп этган Кun.uz нашри, айни мавзудаги муносабатларни ҳам ёритди.
Бу мавзуда кейинги пайтларда сайт кетма-кет бир неча мақола эълон қилди.
Жумладан, бир неча танловлар совриндори бўлган ўқитувчи Тошкент вилоятидан сотиб олган шахсий уйига 6 йилдан буён ижарада туриб, вақтинчалик рўйхатда туриб ишлаётганини баён қилган.
«Доимий рўйхатга қўйишни илтимос қилиб президентга ҳам ёздик, ички ишлардан келган хатга кўра, биз рўйхатга қўйилиши мумкин бўлган тоифага кирмас эканмиз. Шунда ўзимга савол бердим: мен қайси тоифадаги фуқароман?» дейди мурожаатчи.
Шунингдек, у «порталга Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига «грин-кард» тизимининг менталитетимизга мослаштирилган вариантини қўллаш таклифини бергандим, бу таклифим ҳам қанчалик тўғри, билмадим, ахир барчамиз Ўзбекистон фуқаросимиз», дейди.
Бошқа бир мурожаатчи эса, 7 йил бурун турмуш қурган вилоятлик эрини доимий рўйхатга қўйиш ҳокимликнинг «уйингиз бузилиш ҳудудида» деган баҳонаси сабаб амалга ошмай келаётганини билдирган.
Аёл бу масала юзасидан халқ қабулхонасига мурожаат юборганида, у ердагилардан «ҳокимлик ишларига аралаша олмаймиз», деган жавобни олганини айтади.
«Виртуал қабулхонага не умидлар билан хат ёзгандим, ҳаммаси кўзбўямачилик ва хўжакўрсингами? Ҳокимлик ўзига монопол ташкилотни яратиб олган бўлса, халқ қабулхоналарини очишдан нима наф бор?» дея ўртанади аёл.
Мақолада фуқароларнинг пойтахт ва Тошкент вилоятида доимий яшашини чекловчи битта қонун, битта қарор ва битта низом борлигини эслатиб, пойтахтда шундай истиқомат қилаётганларнинг аксарияти давлатга тегишли муассасаларда ишлаётган ўқитувчи, шифокорлар экани, уларга уй харид қилиш ва пропискага қўйиш учун дарҳол имкониятлар тақдим этилса, айни муддао бўлиши таъкидланади.
Худди шу мавзудаги бошқа мақолада «Тошкент – Ўзбекистон пойтахти. Ҳеч қайси қонунда республика даражасидаги ташкилотларда фақат тошкентликлар ишлаши шарт, деб ёзиб қўйилмаган», деб кескин эслатиб ўтилади.
Шунингдек, бу борадаги мавжуд тартиб-қоидалар ҳам уларга риоя қилишга уринган фуқарони алал-оқибат қонунни бузишга мажбур этиши, мантиқсизликка тўла экани мисоллар билан асослаб берилади.
Аҳолининг аксарият қисмини қийнаётган, амалдорларининг порахўрлигига йўл очаётган пойтахт иқомати муаммосининг маҳаллий матбуот учун ҳам долзарб масалага айлангани кўриб, «Наҳотки, Тошкент мамлакат ичидаги мамлакатга айланган бўлса?» дея ўйлаш мумкин.
Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Манба: Eltuz.com