O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Наҳотки…!

Наҳотки…!
164 views
27 July 2012 - 14:53

Бугун Туркияда чиқадиган “Замон” газетасида ўзбек мухолифларини наҳотки, дея ҳайратлантирадиган “Ўзбекистондан Туркияга мақтов” номли хабар ўқидик. zaman.com.tr

Бу хабарда айтилишича, Туркия Жумҳурияти Бош Вазири Режаб Тоййиб Эрдўғон куни кеча ўз мамлакатидаги чел эллик элчиларга ифтор зиёфати берган. Бу зиёфатда Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчиси Улфат Қодиров ҳам қатнашган. Элчи президент Каримовнинг рамозон муносабати билан Бош Вазир Эрдўғонга табрик мактубини топширган.

Ушбу хабарда айтилишича элчи Қодиров “Ўзбекистон Эрдўғонни ҳурмат қилади. Туркия Ўзбекистон учун дўст ва биродар ўлкадир. Турк халқи Ўзбекистон учун ҳар замон биродар бўлиб қолади. Туркия келажаги порлоқ давлат бўлади. Чунки Туркиянинг бошида бугунги ҳукумат бор, бугунги вазирлар бор, бугунги Адолат ва Тараққиёт партияси бор. Туркия кўплаб ўлкаларга демократик давлат қуришда ўрнак бўлди”, деган.

Қизиғи шундаки, ушбу хабарнинг бошланишида “Туркия билан дипломатик алоқаларда 10 йилга яқин узоқ масофада турган Ўзбекистондан илиқ баёнлар келди, дея таъкидланган.

Яъни, 10 йиллик орадан кейин Ўзбекистон ва Туркия мунсабатларида яна илиқлик кўринадими, деган табиий савол ва ҳатто ҳайратланиш пайдо бўлиши табиийдир. Чунки Ислом Каримовнинг Туркияга нисбатан нодўстона сиёсати бу мамлакат жамоатчилигига яхши таниш эди. Масалан, Ўзбекистон ҳукуматининг Туркияда ўз мухолифлари борлигини баҳона қилиб, ўзбек талабаларни ватанларига мажбуран чақириб олиши, Tуркия фуқароларига виза жорий қилиши, Туркия билан иқтисодий ва маданий алоқаларга болта урганлиги ва ҳатто Ўзбекистонга сармоя келтирган турк иш одамларига зулм қилиб, уларнинг бир қисмини қамоққа ташлагани ҳаммага маълумдир.

Шундай экан, Ўзбекистон Туркия муносабатлари қайтадан жонлашини ва Ўзбекистон элчиси айтганидек бу икки давлат “дўст ва биродар ўлкалар” бўлишининг шартлари нималардан иборат бўлади?.

Аввало шуни айтиш керакки, Туркия Бош вазири Тоййиб Эрдўғоннинг “дунёнинг қаерида бўлишидан қатъий назар, ўз халқига зулм қиладиган раҳбарларга қўлимни узатмайман”, деган гапи машҳурдир. Бошқа сўз билан айтадиган бўлсак, Ўзбекистондаги диктатура режими билан Туркиядги муҳофазакор демократиянинг “дўст ва биродар” бўлишини тасаввур қилиш имконсиз. Демак, Ўзбекистоннинг Туркия фуқароларига визани бекор қилиши, турк иш одамларига Ўзбекистонда фаолият олиб бориш учун нормал шароитлар яратиши, ноҳақ қамалган иш одамларини озод қилиши ва уларнинг тортиб олинган сармояларини қайтириб бериши, ўзбек талабаларининг Туркияда ўқишлари учун тўсиқларни олиб ташлаши бу икки мамлакатнинг“дўст ва биродар” давлатлар бўлишининг шартларига киради.

 

Намоз Нормўмин, 27 июль 2012 йил.