O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

На Аллоҳдан, на ўзидан, на халойиқдан уялмаган ҳар кимнинг бир махлуқ каби ақлу андишаси бўлмайди…

На Аллоҳдан, на ўзидан, на халойиқдан уялмаган ҳар кимнинг бир махлуқ каби ақлу андишаси бўлмайди…
71 views
28 April 2016 - 8:00

1 (6)11Абдурауф ФИТРАТ

Нажот йўли

(31-қисм)

ВАҚОҲАТ

На Аллоҳдан, на ўзидан уялмай, жаҳаннам ва халойиқдан қўрқмай, ҳар қандай гуноҳга ошкора ва пинҳон қўл уришликни вақоҳат (уятсизлик) деб атайдилар. Бу маразга мубтало бўлган кимсалар қанчалик жоҳил ва ғофил бўлишлари мумкин-а?!

Бир мулоҳаза қилинг, аввалдан Худованди карим одамни махлуқотлар орасида энг шарафли ва аъзам қилиб яратди, малойикаларга унга сажда қилишга амр берди, заминнинг мутлақ ҳокими этди, Қуръони каримда одам Худонинг ердаги халифаси деб айтилди. Албатга, Худога халифа бўлган одамга ҳар қандай гуноҳга журъат қилиш муносиб эмас. Бас, уятсизларча гуноҳ қиладиган одам бу хусусиятларни хотирасига келтирмайди. Биз маҳалла оқсоқоли ҳузурида қимор ўйнамайдиган қиморбозларни биламиз. Нега ўйнамайдилар? Чунки уяладилар, ўз гузарининг оқсоқолидан уялган одам нега оламларнинг Холиқи, одамларнинг султони аъзами бўлмиш бизга бўйин томиримиздан ҳам яқинроқ Аллоҳдан уялмайдилар?! Мен агар кишининг иймони заиф бўлмаса, Аллоҳдан уялмаслиги мумкин эмас, деб ўйлайман.

Маълумки, ҳар ким ўзининг яқинлари, дўстлари орасида шараф ва эътиборга эга. Агар разил ва ёмон ишлар билан шуҳрат топса, бу ҳурмат-эътиборга путур етади.

Шу муқаддима охирида арз қиламанки, на Аллоҳдан, на ўзидан, на халойиқдан уялмаган ҳар кимнинг бир махлуқ каби ақлу андишаси бўлмайди. Шуни эътиборга олиб, ҳазрати Расули акрам айтганлар: «Кишининг ҳаёси бўлмаса, хоҳлаганини қилса, бу беҳаёлик махлуқларга хосдир, махлуқлар эса даъват ва талабдан ташқаридадирлар». Бу ҳадисни Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ривоят қилишган.

ТАХАННУС

Баъзи одамлар борки, оила кўришга эътироз билдирадилар, мудом мурдадилликни ихтиёр қиладилар ва ўзларини ҳаёли деб ҳисоблайдилар. Уларнинг шу ҳолати таханнус (хунаса) дир, ҳаё эмас ва Расулуллоҳ суннатларига ҳам бу хилоф ҳолатдир. Биз юқорида айтган эдикки, Худованд шаҳвоний қувватни бизга шахсий ва навъий мавжудиятларни ҳимоя қилиш учун ато этган. Уни бутунлай тарк этиш куфрони неъматдир ва шахсий ҳамда жисмоний мавжудиятларимизга зарар етказади.

СИДҚ

Сидқ жамики ҳуқуқларимиздан фойдаланишимиз ва барча вазифаларимизни адо этишимиздир. Сидқ ҳазрати Пайғамбар алайҳиссаломнинг афзал бўлган сифатларидан бири эди. Сидқ икки дунё саодатига етакловчидир. Бу дунёда мўьтабар, охиратда бахтиёр бўлишни истаганлар ўзларида сидқни пайдо қилиб, доимий одатларига айлантиришлари керак. Ижтимоий алоқаларнинг ягона назоратчиси сидқу садоқатдир.

Вакилларининг орасида сидқ бўлмаган миллат хоҳласа-хоҳламаса паришонликка мубтало бўлади. Бир миллатнинг вакиллари сидқ сабабли бир-бирларига ўзаро ёрдам берадиган ва бир-бирларидан фойда оладиган бир оила аъзолари кабидирлар. Агар бир оилада сидқ бўлмаса, у уйда осойишталик ҳам бўлмайди. Инчунин, миллат аъзоларининг орасида садоқат бўлмаса, роҳат, боқийлик ҳам бўлмайди. Хулоса қилсак, одамларимиз орасида садоқат бўлишлиги ҳамма нарсадан ҳам зарурроқ. Зеро, биз жамиятимизни ислоҳ қилмоқчимиз, бир-биримизнинг кўмагимизга муҳтожмиз, мадад беришлик муҳаббатнинг бошланишидир, муҳаббат эса садоқатнинг натижасида ҳосил бўлади… Зотан, ислом дини ҳам бизни сидқ ва ростгўйлик, тўғриликка амр этади… «Эй мўъминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва иймонларида ростгўй бўлган зотлар билан бирга бўлингиз!»226

«Тўғрилик хайрга бошлайди, хайр эса жаннатга олиб боради, ҳар ким доимо ростгўйлик қилса, унинг номини Аллоҳ ҳузурида сиддиқ деб номлашади. Ёлғон фисққа бошлайди, фисқ эса жаҳаннамга. Ҳар ким доимо ёлгон сўзласа, Аллоҳ ҳузурида унинг номи каззоб — ёлғончи бўлади» дейилган Бухорийнинг «Китобул-адаб» ва Муслимнинг «Китобул-бар»ида.

«Сидқни ўзингизга одат қилинг, зеро сидқ хайрнинг ҳамроҳидир ва буларнинг иккиси ҳам жаннатга элтувчидир», — деган ҳадис «Ал-жомеъ ас-сағир»да келтирилган.

Хулоса қилиб айтсак, ижтимоий хизматда машғул бўлганлар учун, айниқса, лозимки, қадамларини ердан сидқ билан кўтарсинлар, зеро бу хилдаги хизматлар учун сидқдан кўра яхшироқ назоратчи йўқдир. Шундан бизга ҳазрати Вожиб таоло Пайғамбаримизга муҳим хитоб қилиб, уларни сидққа ва тўғриликка амр этган.

(давоми бор)

226.Қуръони карим, Тавба сураси, 119-оят.