O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Нега айтмас эканман? Ҳаммага айтаман!

Нега айтмас эканман? Ҳаммага айтаман!
25 views
30 June 2013 - 1:09

Қулупнай мавсуми тугади. Аммо бу йилги қулупнай мавсуми бизга жуда қимматга тушди. Ўтган йили далада яшаганимизда, қулупнай эгатларига инсон ахлатини оқизишганига гувоҳ бўлган эдим. Ҳатто қулупнай мевалари ахлатга тегиб туриб пишар эди. Инсон ахлати ерга кўмилиб, ўғит ҳолига келмагунча, ундан фойдаланиш мумкин эмаслиги ҳақида кўп эшитганман.

medical-murderҚизим меҳмонга бориб, қулупнай еб келди-ю, ҳамма жойига қип-қизил тошма тошиб кетди. Бадани Бухорони патирига урилган чакичдек  эди. Бир қўшнимнинг қистови билан Абдуғофир исмли профессорнинг қабулида бўлишимизга тўғри келди. Профессорнинг бизга биринчи берган саволи шу бўлди: “Эмлашларни ўз вақтида олганми?”

– Йўқ, албатта. Мен болаларимга  прививка қилдирмайман.
– Касал бўлса қандай даволанасизлар?
– “Пайғамбар табобати” деган китобим бор, шу китоб асосида чораларини кўраман.
– Сизларнинг пайғамбарингиз профессорми? – деди, хохолаб кулиб. Яна, “бирорта эмлашни қилдирмаган болани даволай олмайман”, деб қўшиб қўйди.
– Сиз Роберт Мендельсонни “Болаларга қилинган эмлаш уларнинг танасига қўйилган бомбадир” деган китобини ўқиганмисиз?
– Йўқ. Ўқимаганман ўқимайман ҳам, чунки мен Профессорман! –деди жаноб.

Профессор қабулидан чиқиб кетар эканмиз, орқамиздан “сизлар жоҳил ва саводсизсанлар, итдан ит, битдан бит туғилади”, деган овози эшитилиб турди.

Нимагадир дўхтирларимиз орасида Доктор Хаус услубида сўкиб, ҳақорат қилиб даволаш урф бўлди.

Қизимни халқ табобати бўйича даволадик – у тузалди.

Аслида биз оиламиз билан беш-олти йилдирки, табиб ва дўхтирларга эҳтиёж сезмаймиз. Лекин яқинда қизиқувчанлигим сабаб, бир табибнинг хузурида бўлишимга тўғри келди. Табиб аёлни танишларим ўрнини келтириб таърифлаб беришган эди, етти йил Шимолий Хитойда Тибет табобатини ўрганиб келган, тирноғингга қараб бор дардингни айта олади, устига устак хижобли хоним, дея. Хуллас, навбатимиз етиб, 12 ёшли қизим билан ҳузурига кирдик, биздан аввал кирганлар 30-40 нафарча беморнинг ҳаммасини қўлида бир хил Каротина ёғи билан чиқиб келишди. Кейин билсак, табиба ўша фирманинг аъзоси экан. Мен шубҳалана бошладим, наҳотки қирқ хил касалликнинг ҳаммасига битта ёғ даво бўлса?

Киришимиз билан қизингини ичи тўла қурт, фалон пул тўлаб компьютеримга тушасан, улар паразитнинг турини аниқлаб беришади, мен унга қарши сизга ёғ бераман, деди.

Қизимни гайморит безовта қилар эди, биз буни халқ усулида консерва қутисида прополисни тутатиб даволар эдик, аччиқ тутундан безган қизим енгилроқ йўлини излаётган эди.

Мен, “аппаратга тушишимиз шартми, биз қуртдан эмас гайморитдан шикоят қилиб келдик”, – дедим. У эса, “қанақа жоҳил онасан, икки ойни ичида қизинг ўлади, агар шу ёғни ичириб қуртдан халос қилмасанг”, деб қолди. Қизимнинг кўзлари саволга тўлди, у ўша саволлари билан дам мени, дам табибни ғажирди гуё…

Биз унинг хонасидан чиқдик, бирма-бир хоналарга кўз ташлаб кетардим, ҳар бир хонада биттадан хоним пул санар эди, клиниками бу ер ёки банкми, деворгинг келарди беихтиёр.

Бу воқеага ҳам икки йил бўлди, худога шукур қизим тирик, (икки ой ичида ўлиб қолмади). Хориж киноларида кўрамиз, дўхтирлар ўлаётган беморга ҳам, “сиз тузаласиз, ўлмайсиз” дейди. Айтиб ҳам кўрсинчи, ўша куни рухсатномасидан ажралади. Улар беморлари билан ниҳоятда эхтиёткорлик ва назокат билан гаплашишади.

Куни кеча рўй берган бир воқеа мени яна-да хайратга солди. Яқин дугонамга ўзимда хомиладорлик белгиларни сезаётганимдан шикоят қилдим. У ёшим катта эканлигини, икки марта сариқ касалига чалинганимни ва буйрагимдан операция бўлганимни биларди. Бундан қутулишнинг йўли бор, фалон жойда бир опа бор, тажрибали гинеколог, уйида хусусий клиника очган, деб қолди. Опа билан боғландим, у нархини айтди, шунча пулни қучоқлаб ҳузурига бордим. У мени диванга ётқизиб қўлида шприц билан тепамга келди.

– Нима қилмоқчисиз? – сўрадим, ҳайратимни яшира олмай.

–Наркоз қилиб қўяман, сизга таъсир қилгунча бошқа беморимни кўриб тураман, – деди, у.

–Балки мен хомиладор эмасдирман, сезгиларим алдаётгандир, сиз мени УТТ қилмай туриб, хеч нимани сўриштирмай абортга тайёрламоқчимисиз?, – дедим.

Дўхтир хоним сергак тортди. У мени УТТ қиляпти-ю, кўзларидаги фикрларни ўқир эдим.

Ниҳоят хулосасини айтди:

– Бола бор, лекин у бачадондан ташқарида, буни аборт қилиш хавфли, уни таблетка билан туширса ҳам бўлади. Сизга юз минг сўмлик таблетка бераман, икки кун ичида уни ичиб кейин ёнимга келасиз.

У ердан чиқдим-у, 2- туғруқхонада қайта текширувдан ўтдим. Улар “Ҳеч қанақа бачадонда ҳам, ундан ташақарида ҳам ҳомиладорлик белгилари йўқ. Сизни камқонлик безовта қилмоқда”, деган хулосани беришди.

Икки кундан кейин ўша опанинг клиникасига туғруқхонанинг хулосасини  олиб бордим. Мен уни қимматбаҳо таблеткаларини ичмаган эдим, зеро бунга хожат ҳам йўқ эди. Опа қўрқа-писа буни  ҳеч кимга айтмаслигимни сўради.

– Нега айтмас эканман? Ҳаммага айтаман! Эҳтимол кимлардир ҳақиқатни ёлғондан ажрата олар, аммо ёлғонни танимайдиганларнинг ҳоли нима кечади?

Ёзувчи Асқад Мухторнинг бир гапи бор: Ёлғон ўзи хавфли эмас, унинг ҳақиқатга ўхшаб кетишлиги хавфлидир, деган. Биз ҳам  ёлғоннинг ҳақиқатга даъво қилишлигидан қўрқамиз.

Муаййада Шукурова