Нажот йўли
(21-қисм)
БАЛОҲАТ
Илм ўрганиш воситасида ақлий қувватларини камолга етказмайдиган ва оқибатда ақлий фазилатдан маҳрум қолган жамоага балоҳат сўзи қўлланилади. Яна шундай жамоа борки, ҳидоят излаб ҳаракат қиладилар, яъни билмаганларини уламолардан сўраб-суриштирадилар, лекин асли ҳақиқатни билишга майллари йўқдир. Бу сўнгги жамоа, яъни ҳар ишнинг ҳақиқатини билишга ва нодонликнинг зарарини йўқотишга ҳаракатлари бўлмаганлар инсонлар доирасидан ташқаридадирлар, махлуқсифат, балки махлуқдан ҳам батгар ва бешарафдирлар.
«Биз жинс ва инсдан кўпларини жаҳаннам учун яратганимиз муҳаққақдир. Уларнинг диллари бору англай олмайдилар, кўзлару бору кўра олмайдилар, қулоқлари бору эшитмайдилар. Улар чорвалар кабидирлар, йўқ, улар (беақл, бефаҳмликда) чорвалардан ҳам баттардирлар. Ана ўшалар ғафлатда қолган кимсалардир», — дейилган Қуръони каримда183.
Дунёда қайси бир дин ўз тобеъларини ҳар бир нарсанинг ҳақиқатини билишга қаттиқ амр этади? Эй ўзингизга жаҳду ғафлатни туну кун ҳамроҳ қилиб олган мусулмонлар! Қуръон ҳукмига қаранг! Келинг, уддалай олсангиз, ўзингизни шу илоҳий китобдан ташқари чиқарингчи. Лекин, ҳайҳот! Аввалги жамоа, яъни билмаганларини уламолардан сўрайдиганлардан уламоларнинг жавобини ақлу хирад мезонида ўлчаб, кейин қабул қиладиганлар ва уламолар сўзларини кўр-кўрона қабул қилувчи тақлидчилар ҳам бор. Аммо бундан ҳам халос бўлиш мумкин. Менинг назаримда, тақлидий ақлнинг зарари жаҳолат зараридан қолишмайди.
Ўтган бобларда камоли равшанлиқ билан исбот қилган эдикки, инсон табиат ҳукмига кўра тараққий этишга мажбур. Тақлид касаллигига гирифтор бўлганлар орқада қолиб, охири нобуд бўладилар. Худованди карим Қуръонда тақлид ва тақлидчиларни мазаммат қилади: «Қачон уларга «Аллоҳ нозил қилган нарсага эришинглар» дейилса, улар «Йўқ, бизлар ота-боболаримизни ниманинг устида топган бўлсак (ана ўшанга) эргашурмиз» дейишади. Агар шайтон уларни ўт азобига чақириб турган бўлса ҳам-а?!»184
Қози Байзовий айтганки, «шу ояти карима бизни тақлиддан очиқ-ойдин манъ қилади».
«Мен одамман, ҳар вақт сизни бирор-бир диний ишга амр қилсам, қабул қилинг, аммо сизни ўзимнинг рўпарамдан чиққан бирор ишга амр қилсам, билингки, мен ҳам одамман», — деб ривоят келтиради Муслим ўзининг «Китоби фазоилун наби» (номли асари)да185.
Ҳазрати муборак Наби (с. а. в.) бу ҳадиси шарифда айтмоқчиларки: диний хусусдаги бирор иш мендан содир бўлса, қабул қилинг, зеро, мен диний амрларни ҳазрати Роббил иззатдан таълим оламан, аммо бошқа бир нарса хусусида гапирсам, уни муҳокама қилинг ва ақл тарозусида ўлчанг, зеро, мен ҳам одамман, хато қилишим мумкин.
Пайғамбар алайҳиссалом ўзлари бизни тақлиддан манъ қилганларидан кейин, нега биз бошқаларга тақлид қила- миз?! Аммо уламолар сўзини ақл билан текшириб, ҳақ бўлса қабул қилиб, ботил бўлса рад қилганлар. Шубҳа йўқки, улар дунё ва охиратда нажот топадилар.
«Гапларни тинглаб, ҳақни қабул қилганлар, улар Аллоҳ ҳидоятга солганлардир, улар соҳиби ақлдирлар»186. Шу ояти каримадан далолатки, айтилган гапларга қулоқ солиб, кейин уларни ақл мезонида ўлчаб, мақбул бўлса қабул қилиб, ёмон бўлса рад қилганлар ҳақиқий нажот топгувчилардир.
ҲАБ
Илмда ноқис кишилар ақлий қувватларини камолотга етказа олмайдилар. Бу эса ҳақиқий инсоний вазифалардан ғофил қолишга олиб келади, эгаллаган илмларини ҳам лойиқ ишларга сарф қилолмайдилар. Башарий фазилатларни махлуқий ҳаваслар натижаси деб билиб, бир тарафдан, тасбеҳ ўгириб, мисвок ишлатадилар, яна бир тарафдан эса, пора олиб, зулм қиладилар. Зоҳиран Аллоҳга иймон келтирадилар-у, лекин Аллоҳ ҳукмларига итоат қилмайдилар. Охиратнинг роҳат ва саодатини иссиқ уйлари эвазига фидо қиладилар. Агар уларга эртага фалончи 20 тангангизни зўрлаб олмоқчи, ё мазах қилмоқчи десангиз, туни билан беқарор бўлиб, юлдуз санаб чиқадилар.
Аммо, ватанимизни жаҳолат хароб қилди, ғафлат динимизни заиф қилди, деб ҳар қанча фарёд урсангиз ҳам қилчалик ғам чекмайдилар. «Гўр ёнса ҳам қозон қайнасин» деган гап уларнинг хатти-ҳаракатлари асосини ташкил қилади. Гоҳида меъдаларини тўйдириш учун минглаб фосиқу фожирларни қатор қилиб, жаннатий деб ҳукм чиқариб юборадилар. Қулоқлари ором олиши учун баъзан ҳақни гапирган юзлаб комил мусулмонларни қўл ва гарданларини боғлаб, дўзахга равона қиладилар. Шунда дин ҳийлаю тазвир187 домида қолади, авомни худди махлуқлар каби ўз фойдалари учун ишлатадилар. Баъзан салом бермай қолсанг, ғазабга келиб, баъзан бир луқма нон берсанг, шукронаси учун мақтовингни келтирадилар. Ҳар бир миллатнинг орасида шу каби одамлар пайдо бўлса, мисоли омбордаги пахтага тушган оташдек шу қавмнинг ҳаётини тамоман ёндириб, куйдирадилар. Инсон ихтиёрларини шунақа одамлар қўлига топширган қавм икки дунё саодатини кўрмайди. Шунинг учун ислом дини бизни бу жамоага эргашишдан манъ қилади: «Эй мўминлар, ўша донишмандлар, рақиблардан кўпчилиги одамларнинг молларини ноҳақ (йўл) билан ейдилар ва Аллоҳнинг йўлидан тўсадилар, олтин-кумушини босиб, уни Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилмайдиган кимсаларга аламли азоб «хушхабари»ни етказинг!»188
Дин учун уч офат бор:
1) фожир фоқиҳ189;
2) зулмкор ҳукмдор;
3) жоҳил мужоҳид.
«Одамларнинг энг ёмони ёмон уламолардир», — дейилади «Ал-жомеъ ас-сағир»да. Вақтики, илм олиб, унинг воситасида балоҳат ва ҳабдек паст мартабадан халос бўлиб, ҳикматнинг баланд чўққисига эришсангиз, шу вақт ақлий қувватингиз комил бўлади ва сизни кўзлаган мақсадингиз, яъни икки дунё саодатига ҳидоят қилади.
Жуда яхши, энди фараз қилайлик, биз лозим бўлган илмларни ўқиб, ҳикмат фазилатини қўлга киритдик, унинг воситасида ақлимизни комил этдик, шу ақлий қувватимиз бизни бахтиёр (қилиб), икки дунё саодатига етказадими? Ҳаргиз етказмайди! Икки дунё саодатининг йўли шу қадар қўрқинчли ва хатарлики, ҳеч бир қувват (сизни) бу йўлдан хатарсиз ўтказолмайди, бу йўл тор ва қоронғу, ҳар қадамда минглаб жаҳаннамий ҳандақлар мавжуд. Худо кўрсатмасину агар бирор киши шу ҳандаққа тушиб кетса, икки дунё саодатини хаёлига бошқа келтирмаса ҳам бўлади. Чунончи, биз айтдикки, инсонда ақлий қувватдан бошқа яна икки хил қувват бор: бири шаҳвоний, бири ғазаб қуввати.
Агар ақлий қувват сизга йўлбошчи бўлса, ҳукман лозимки, бу икки қувват унга ҳамроҳ бўлиб, унинг хизматида бўлиб, амрларига итоат қилиши керак. Ваҳоланки, бу икки қувват (яъни, ғазаб қуввати ва шаҳвоний қувват) ниҳоятда саркаш ва худбиндирлар, ҳар дақиқада неча бор зўр бериб ўзларини ақл фармонидан чиқаришга уринадилар. Агар, Худо кўрсатмасин, бир марта ақл фармонидан чиқиб, ўзлари учун ҳаракат қилсалар, сизни икки дунё саодати йўлидаги мавжуд ҳандақларнинг бирига қулатишлари мумкин.
Шу жойда хотирангизга «модомики, бу икки қувват бизга зарар келтирар экан, уларнинг ҳамроҳлиги лозим эмас» деган фикр келади. Ва, аввало, шу икки қувватни маҳв этайлик-чи, яъни тарки дунё қилайлик, — дейсиз. Арз қиламизки, бу ҳам мумкин эмас, зеро, бу икки қувватни ўлдирсангиз, ақл сизга йўлбошчилик қилишдан ожиз қолади. Шунинг учун шу ерда айтсак, шариатимиз ҳам тарки дунё қилишни ҳаром қилганини ҳам эсга оламан. Бас, бу икки қувватга бутунлай бепарво бўлиб, озод ҳам қўйманг, шунингдек, ўлдирманг ҳам, балки мўътадил чегарада ушлаб туриб, ақлингиз фармонига тобеъ қилинг.
Ажабо, бу икки қувватни тамоман маҳв этган ё эркин қўйган суратда нима зарар кўрар эканмиз? Мўътадил чегарада ушлаб турган тақдиримизда кўрган фойдамиз қанақа бўлади? Кейинги баҳсларда ана шу саволларга жавоб берамиз. Лекин, аввал ушбу баҳсимизга хулоса қилсак.
Хулоса
Ҳикмат ақл камолотининг натижасидирки, илм орқали ҳосил бўлади. Одамлар унинг воситасида ҳақни ботилдан фарқлайдилар. Балоҳат ва ҳаб — худбинлик ақлий нуқсондан, яъни ҳикматнинг йўқлигидан ҳосил бўлади.
Балоҳат нодонлик ва тақлиддан иборат, буларнинг иккови ҳам шаръан қабиҳдир.
Ҳаб — олимона макрдан иборат, бу ҳам қабиҳ ва ёмон амалки, шариат бизни бунга эргашишдан манъ қилади.
Ақлий қувватнинг танҳо ўзи бизни икки дунё саодатига бошлай олмайди. Балки у ғазаб қуввати ва шаҳвоний қувватнинг ҳамроҳлигига муҳтождир.
Ажабланарлиси шундаки, бу йўлнинг хатари ана шу икки қувватнинг саркашлигидан зоҳир бўлади. Бу икки қувватни тамоман маҳв қилиш ҳам, унга нисбатан тамоман бепарво бўлиш ҳам зарар қилади. Бас, бу икковини эътидол190 чегарасидан чиқармаслик зарур.