Жорий йилнинг март ойидан бошлаб Самарқанд вилоятининг барча туманларида кексалар ва ногиронларнинг пенсия пуллари кечиктириб берила бошлади.
Сентябрь ойига келиб эса аҳвол бундан-да ёмонлашди. Ойнинг ўрталарида Самарқанд туманининг ўзим яшайдиган маҳалла ҳудудида жойлашган почта биноси олдида эрталабдан ўзига тегишли пенсия пулини олиш умидида тўпланиб турган кўплаб одамларни кўриш мумкин эди.
Пенсия бериладиган куни эса шундай ҳам (хона сатҳи тахминан 3Х5 метр) почтахона ичкариси суро-сур, бақир-чақир бўлиб кетганини ҳар ой кузатаман. Негаки, ўзим ҳам пенсионерман.
Бундай аҳвол октябрь-ноябрь ойларида ҳам ижобий томонга ўзгармади.
Почта ходимларидан пенсия пулларини кечиктириб берилиши сабабини сўраганимда, у ўз жавобини банкларда нақд пулнинг йўқлиги билан изоҳлади. Дарҳақиқат, тахминан 4 ойча олдин “Озодлик” радиоси Ўзбекистон Марказий банки раиси ўринбосарининг Бош Вазир Шавкат Мирзиёевга мамлакат иқтисодиётида вужудга келган нақд пул тақчиллиги боис банкларда ойлик ва бошқа ижтимоий тўловларни вақтида бериш учун над пул қолмаганлиги тўғрисида ҳисобот жўнатгани тўғрисида хабар тарқатган эди.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 16 июлида бўлиб ўтган ярим йиллик ҳисобот йиғилишида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 8,1 % га экспорт ҳажмининг ўсиши 7,4 % га, товарлар ишлаб чиқариш ҳажми 13,5 % га, чакана товар айланмаси эса 14,8 % га ўсгани айтиб ўтилган эди.
“Халқ сўзи” газетаси ўзининг 2015 йил 3 июлдаги №130-сонида Республикада йиллик иқтисодий ўсиш 10 йилдан бери 8% дан кам бўлмаганлигини мақтаниб ёзиб тарқатган.
Ҳукуматга қарашли телевидение ва газеталар мана 24 йилдирки Республикада ҳар йили 7 миллон тоннадан ортиқ бошоқли дон, 3 миллион тоннадан ортиқ пахта йиғиб олинганини, ўртача иш ҳақи ойига 500 (Америка Қўшма штатлари пул бирлиги) доллардан кам эмаслигини, сўмнинг қадрсизланиши – инфляция даражаси 5-6 % атрофида бўлганлигини даъво қилади. 9 ой якуни бўйича ҳам иқтисодий кўрсатгичлар деярли ўзгаришсиз қолди. Фақатгина инфляция қисқа ва лўнда қилиб прогноз параметрлари доирасида деб кўрсатилди холос.
Ҳақли савол туғилади. Модомики, иқтисодий кўрсатгичлар юқорида қайд қилинганидек аъло даражада экан, демак, муомалада ушбу иқтисодий кўрсатгичларга яраша пул бирлиги бўлиши керак. Пул эса йўқ. Натижада пенсия ўз вақтида берилмаяпти. Пул йўқ баҳона ўқитувчи, шифокор ва бошқа касб эгалари уч-тўрт ойлаб маошсиз қолишмоқда. Банкларда пул йўқ баҳона пенсионерларнинг пенсияси, ўқитувчи, шифокор ва бошқа касб эгаларининг маоши уларнинг розилигисиз пластик карточкаларга ўтказилмоқда. Нега? Нега банкларда пул йўқ? Бозорда бир ойлик бузоқча бир қоп турадиган сўмлар қаерда?
Эгамқул ХУДОЙБЕРДИ
2015 йил, ноябрь