O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Нега турончи бўлиш мавжуд тузумга мухолиф бўлишни англатади?

Нега турончи бўлиш мавжуд тузумга мухолиф бўлишни англатади?
199 views
03 October 2016 - 12:21

Митинг неформального узбекского объединения "Бирлик"Ҳозирги давлат тарғибот машинаси амалдаги ҳукумат вакилларини ва айниқса уларнинг марҳум бошлиғи Каримовни “мустақиллик меъморлари”, “мустақиллик учун курашганлар” деб таърифлашга тиришаётганини кўриб, ҳар бир соғлом фикрловчи одамда табиий савол туғилади:

Ватанимиз қайси ғоялар билан истиқлол сари қадам ташлаган? Ҳа, шубҳасиз, ҳар бир сиёсий ҳаракатда ғоя етакчи аҳамиятга эга, ватанпарвар ёзувчимиз Эврил Турон айтганидек, “дунё эътиқод билан тирик, эътиқод билан яшайди”.  Юртимизнинг ҳақиқий энг янги тарихидан хабардор инсонлар (аслида уни бутун халқ билади, шунчаки янги авлоднинг асосий қисми бироз бехабар қолган, ота-оналари эса кўп ҳолларда уларга гапириб беришмайди, чунки бу каби сиёсий мавзуларни алла қачон ёпилган ва тақиқланган деб билишади) жуда яхши билишадики, бизнинг мустақиллик сари интилишимизга куч-қувват, шижоат ва ғайрат берган халқимизнинг қалбида асрлар яшаб келган Турон ва Туркистон ғояларидир.

Ўзбекистондаги тузилган биринчи сиёсий партиялар – “Ерк” Демократик Партияси ва “Бирлик” Халқ Ҳаракати – ўша ғояларга содиқ бўлган ҳақиқий ўзбек зиёлийлари томонидан тузилганлиги ҳам сир эмас. Бу партиялар ўша пайтдаги коммунизм тузумига мутлақо қарши бўлган, бу тузумни тўлалигича инкор этган мард идеалистларнинг уюшмалари эди. Шундай қилиб, Турон (Туркистон) ғояси – жадидларнинг ғоявий ворислари бўлган ҳақиқий ўзбек зиёлийларининг ғояси.

Энди айтингчи, ҳозирги диктатура тузуми советлар давридаги коммунистик тузумдан нимаси билан фарқ қилади? Ташқи кўриниши ўзгарган, моҳияти эса ўша-ўша. Биргина қишлоқ хўжалиги соҳасини олинг: “биз бозор иқтисодига ўтяпмиз”, дейди-ю, лекин деҳқонларга қарши давлат зуғумини, тўғрироғи зулмини давом эттиришяпти. Ўша-ўша мажбурий пахта теримлари, ўша-ўша шўрлик деҳқонга эркин нафас олишни бермайдиган “план” деган бало.

Ҳокимларнинг бу борадаги зулми эса совет раҳбарлариникидан ҳам ошиб кетган: планни бажармадинг- сўкиш ва ҳақоратларни эшитишга, ҳатто калтак йейишга тайёрлан. Бозор иқтисодига ўтаяпмизмиш, 25 йилдан буён ўтаяпмиз – ҳалигача ўтиб бўлмадик. Ваҳоланки, 25 йил ичида нафақат тўлиқ бозор иқтисодига ўтиш, балки одамлар турмуш даражасини анча яхшилаш, молия, иқтисод, ташқи савдо алоқаларини мустаҳкамлаш мумкин эди.

Узоққа бормайлик: биз билан деярли бир вақтда совет асоратидан қутилган Болтиқбўйи ўлкалари, ҳатто ён қўшнимиз Қозоғистон биздан анча илгарилаб кетган, қисқа вақт ичида дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторига кирган Сингапурни гапирмасак ҳам бўлади.  Тўғри, Сингапур кичкинагина мамлакат, муаммолари ҳам, табиийки камроқ, камроқ бўлмаса ҳам, балки, ечишга осонроқ бўлган. Лекин Ўзбекистон ҳам Россиядек баҳайбат эмас-ку ахир!

Бундан ташқари, “мен иқтисодчиман”, деб кўкрагини кериб юрганлар наҳотки иқтисодчилигини кўрсата олмаган бўлса? Улар ҳеч қанақа иқтисодчи эмас-да, балки харомхўрлар тўдаси, шунинг

учун халқни, юртнинг истиқболини эмас, балик ўзларининг қабиҳ манфаатлари ўйлайди. Натижаси эса – ҳозирги таранг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий вазият.  Ҳа, мен “оғир” дейишнинг ўрнига, “таранг” деб ёздим,  негаки оғирлиги ва мураккаблиги ҳаммага маълум, таранг ва хавфли эканлигини эса ҳамма ҳам тушунмайди.

Хўш, ҳозирги кунда Ўзбекистонни куч ва зўравонлик билан эгаллаб олганлар собиқ коммунистлар,  бу ерда “собиқ” сўзини қўштирноқ ичига олиш керак бўлса, ижтимоий тармоқлардаги ўзини “турончи” ва “Туркистон ғоясига содиқ” қилиб кўрсатаётган кимсалар нима сабабдан туркчилик ва турончиликнинг ашаддий душмани бўлган диктатор Каримовга унинг суратларини жойлаштириб, уни мадҳ этиб ўз содиқлигини билдиришга интилишади? Агар улар ростдан ҳам турончи бўлса,  ИАКни севишларига жуда ўринли шубҳа бор. ИАК ғоясиз, моддиятпараст коммунист эди ва мамлакатда ҳам ғоясизлик ҳамда моддиятпарастлик муҳитини ўрнатди. Каримов халқимизнинг душмани эди, демак халқимизнинг чин миллий ғояси – туркчилик – ҳам унга мутлақо ёт эди. Шу сабабдан туркчилик, Турон ва Туркистон ғоялари ҳақиқий халқпарвар кучларнинг, бугунги ўзбек мухолифатининг ғоялари ва қачонки бу адолатпарвар ва халқпарвар кучлар иқтидорга келса, улар албатта ўз идеалларига содиқ бўлган ҳолда иш юритишади ва юртимизнинг ривожи учун бор куч-қувватини сарфлашади.

Демак, турончи бўлиш ҳозирги ғоясизлик, тубанлик, порахўрлик, ёлғон, иккиюзламачилик, ўрта асрлардаги каби ваҳшийлик иллталари ботқоғига ботган тузумга қарши бўлиш ва мухолифат билан бирга бўлишни англатади. 

Юртимизни босиб олган коммунизм қолдиқларига қарши курашиш ҳар бир ўзбек фарзандининг бурчидир.

Алпарслон Эркчи