Мирзиёнов. Ўзаро суҳбатларда ўзбекистонликлар республика Бош вазири Шавкат Мирзиёевни шундай деб аташади. Ўзбеклар Бош вазирнинг фамилиясини унинг қўлостидаги ходимларни сўкиши ва дўппослаши учунгина эмас, балки мамлакат иқтисодиётига келтираётган улкан зарари учун ҳам шундай аташади. Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев мамлакатга қандай зиён келтирмоқда?
Зиён келтирувчи мулозим
Президент Каримовнинг қўлостидаги ходимларни дўппослаш, меҳнат шароитларини оғирлаштириш ва эркинликларни камайтириб бориш тамойиллари бўйича иш юритадиган Шавкат Мирзиёев ҳозирги Ўзбекистон иқтисодиётига энг кўп зарар келтирувчи мулозим ҳисобланади.
Ҳукумат раҳбари сифатида у Ислом Каримов томонидан илгари сурилган “иқтисодий ривожланишнинг ўзбек модели” ҳақидаги ғояларнинг амалиётга киритувчи шахс бўлиб етишди. Моҳияти иқтисодиётнинг бозор механизмлари асосида ривожланишини инкор этиш ва халқ хўжалигига маъмурий буйруқбозлик усулида аралашишдан иборат ушбу ғояларни амалда қўллаш бўйича Шавкат Мирзиёевга етадиган мулозим бўлмаса керак Ўзбекистонда.
Ҳеч кимга сир эмаски, ҳар кузда ўзбекистонлик мактаб ўқувчилари мактабда дарс ўтиш ўрнига далаларда пахта теришади. Мактаб ва коллежларнинг ўқитувчилари эса ўзларининг асосий ишлари – ўқитувчилик қолиб, ўқув муассасаларини қуриш ва ҳудудларни ободонлаштириш ишларида иштирок этишади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда банк ходимлари банк операцияларини амалга ошириш ўрнига фуқаролардан коммунал (газ, электр, сув, истиш ва ҳоказолар учун) тўловларни ундириш билан шуғулланишиши ҳам ҳеч кимни ҳайрон қолдирмаса керак.
Ушбу “ажойиботлар”нинг муаллифи Бош вазир Шавкат Мирзиёев бўлиб, у ёки бу “кечиктириб бўлмас вазифа учун иқтисодиётнинг бошқа соҳалари вакилларини жалб қилиш ҳақида” ҳар куни сон-мингта топшириқ ва кўрсатмалар беради.
Бюджет ташкилотлари ишчиларининг маошларидан коммунал тўловлар учун мажбурий тарзда пул ундирилиши, бутун Ўзбекистон бўйлаб галма-галига электр узиб қўйилиши, ривожланиб бораётган ўзбек компанияларини режадан ташқари равишда текширишлар ва бозор иқтисодиёти тушунчалари ҳамда қоидаларига зид бошқа ишларнинг аксарияти Ўзбекистон Бош вазирининг “ноу хау”сидир.
Мирзиёевнинг бундай “ихтиролари”дан нафақат мамлакат иқтисодиёти, балки таълим соҳаси ҳам зарар кўрмоқда. Масалан, олий ўқув юртларига ректорларни тайинлаш ва олий таълим соҳасининг умумий назорат қилиш ваколатларини олгач, Шавкат Мирзиёев махсус қарор қабул қилиб, ўқитувчиларнинг ишлаш шароитларини оғирлаштирди, шартнома асосида таълим олаётган талабаларга эса фақат дарсларга қатнашганлик учун юқори баллар ва имтиҳон баҳоларини олиш имконини яратди.
Мирзиёевнинг ушбу “ташаббуси” бугунги кунда ўз меваларини бермоқда: Ўзбекистондаги олий ўқув юртларида шартнома асосида таълим олаётган баъзи талабалар дарсларга фақат уяли телефонлари билан кела бошлашди, ўқитувчиларга нисбатан ўзларини қиролдек тутиб, улардан талабчанларини устидан юқори идораларга шикоят қилиш билан қўрқитишга ўтиб кетишди. Олий ўқув юртларининг ўқитувчилари ва раҳбарлари билан тортишувларда бундай талабалар Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “важ”ни келтириб, “Биз институтингизнинг ғазнасини тўлдиряпмиз”, – дейишади.
Шунинг учун ҳам “Мижоз доим ҳақ” деган ибора Ўзбекистон олий ўқув юртларида сал бошқачароқ тарзда – “Талаба доим ҳақ” деб айтиладиган бўлиб қолган. Бунинг натижасида эса малакали ва ҳалол ўқитувчилардан аксарияти ишдан бўшашга мажбур бўлиб, ўз ўринларини малакасизроқ, аммо эгилувчанроқ ва итоатлироқ ҳамкасбларига қолдириб кетмоқдалар.
Бир пайтлар олий ўқув юртида ўқитувчи ва ректор вазифасида ишлаган Шавкат Мирзиёев олий таълим соҳасидаги мутахассислардан қаттиқ ҳафа бўлган кўринади. Акс ҳолда у олий ўқув юртлари ўқитувчиларининг меҳнат шароитларини оғирлаштириб, уларни талабалар олдидаги ҳимоясиз ва бечора одамларга айлантириб қўярмиди?! Шавкат Мирзиёевда ўқитувчиларга нисбатан ҳайвоний бир нафрат борлигига қуйидаги воқеа ҳам исбот бўла олади.
Жоҳил Бош вазир, “боксчи” Бош вазир…
Ўзбекистон Бош вазири патологик муштумзўр эканини кўпчилик билади. Масалан, Жиззах вилояти ҳокими бўлиб ишлаган кезларда Шавкат Мирзиёев ўз қўлостидаги ходимларни мунтазаб дўппослаганини, совуқ кунларда фермерларни ҳокимият ҳовузидаги сувда туриб, хашак чайнашга мажбур қилганини фақат саноқли одамлар билмаса керак.
Ўзбек миллатига нисбатан ҳайвоний бир адоват туйғуси билан яшаётган Шавкат Мирзиёев охирги пайтларда хотин-қизларни ҳам дўппослай бошлади. Мисол учун, 2012 йил май ойида Ўзбекистоннинг “боксчи” Бош вазири Тошкент шаҳридаги 53-сонли мактабга ташриф буюриб, ушбу мактаб директори Норбуви Шамсутдиновна Иристоевани калтаклади.
Пойтахтнинг Хамза туманида жойлашган ушбу мактабга тўсатдан келган Шавкат Мирзиёев ўқув муассасасининг ҳудудида ён атрофдаги маҳаллада яшовчи фуқароларнинг қўйлари ўтлаб юрганини кўриб қолади ва “Мактаб директори қўйларни атайлаб мактаб ҳовлисида боқяпти”, – деган хулосага келади. Бу манзарадан ва ўзининг хулосасидан ғазабга келган “боксчи” Бош вазир мактаб директори Норбуви Иристоеванинг кабинетига отилиб кириб, 60 яшар аёлнинг юзига ҳе йўқ, бе йўқ зарба тушириб, нокаут қилади. Қўшимчасига эса, хумордан чиқиш мақсадида Ўзбекистон Бош вазири ерга йиқилган кекса аёлни тепкилайди ҳам.
Ушбу воқеадан сўнг Норбуви Иристоева Бош вазирдан олган шикастларини узоқ муддат даволатиб, ўз истагига кўра ишдан кетган. Афсуски, кекса педагогнинг мактабдаги охирги иш куни шундай аянчли тарзда якун топган.
Бироқ Шавкат Мирзиёевнинг ўзи ҳам вақти вақти билан худди шундай аҳволга тушиб туради. У ҳам калтак еб туради. Ислом Каримовнинг ўзидан еб туради.
“Боксчи” Бош вазир бокс халтаси ролида
Шавкат Мирзиёев охирги марта мамлакат президентининг кабинетида жорий йилнинг кузида калтакланганди. Ўшанда Ўзбекистон Бош вазири Тошкентдаги “Бунёдкор” спорткомплексининг очилиши билан боғлиқ тантанали тадбирларнинг хом сценарийсини олиб кириб, президентнинг ғазабига дучор бўлганди.
Гап шундаки, Ўзбекистон ҳукумати республика Футбол федерацияси билан биргаликда режа тузиб, спорткомплекс очилиши муносабати билан ўзбек футболининг 100 йиллик юбилейига оид тантаналарни ҳам ўтказишни ният қилганди. Бироқ Ислом Каримов мазкур юбилей ҳақида фақат янги стадионнинг очилиши билан боғлиқ тадбирларнинг сценарийсидан хабар топган.
Дарғазаб диктатор юбилей тантаналарини “Бунёдкор” спорткомплексининг очилиши билан боғлиқ тадбирлар дастуридан олиб ташлашни, “Ўзбек футболига 100 йил” сўзларини ҳеч қаерда ва ҳеч қачон ишлатмасликни, “ўзбек футболининг эмас, совет футболининг ривожига хисса қўшган фаҳрийлар”ни “Бунёдкор” стадионининг очилишига бағишланган тадбирга киритмасликни талаб қилган.
Ва ниҳоят, сўкиш ва ҳақоратларга бой бўлган “суҳбат” сўнггида президент Ислом Каримовга тегишли ғазаб “машинаси”нинг тормозлари ҳар галгидек ишламай қолиб, “юртбоши” Бош вазир Шавкат Мирзиёевни ва Футбол федерацияси раҳбари Мираброр Усмоновни хумордан чиққунча калтаклаган.
Бошқа мулозимлар учун андоза
Шавкат Мирзиёев президент Ислом Каримовнинг орзусидаги стандартларга жавоб берадиган мулозимдир. Диктатор Каримов Ўзбекистондаги барча раҳбар ходимлар мамлакат Бош вазиридан ўрнак олишини истайди.
Ҳа, ҳа! Ўзбекистон президенти мамлакатни минглаб мирзиёевлар бошқаришини, бундай жоҳил мулозимлар ўзбек халқини итоатли қўйлар ўрнида кўришини, ҳар бир вилоят, туман, завод, цех ва илмий лабораторияда кичик шавкатлардан ташкил топган муштумзўрлар армияси ишлашини орзу қилади. “Шундай бўлса, ўзим ҳам, ҳокимиятим ҳам тинч бўлади”, – деб ўйлади Ислом Каримов.
Бироқ бундай андозадаги амалдорлар, сон-мингта мирзиёновлар биргалашиб алал оқибат нафақат мамлакат иқтисодиётига, балки Каримов ҳукуматининг ўзига ҳам зарар келтириши президентнинг ҳаёлига ҳам келмайди. Чунки ҳар қандай кичик ёки катта норозилик мамлакат марказида бўлсин ёки ҳудудларида бўлсин охир-оқибат давлат раҳбарига бориб тақалади. Халқ минглаб мирзиёновлардан келадиган офатларнинг сабабчиси сифатида ўша мирзиёновларнинг ўзларини эмас, балки шундай кадрларни “етиштириб”, жойларга қўйган президентни айблашади.
Бироқ бу фикр диктатор ва мустабидларнинг ҳаёлига келмайди. Бу эса ҳаммани алдаш ниятида бўлган Ислом Каримов тоифасидаги маккорларга Тангри томонидан юборилган ҳийла ва макрдир.
Абдураҳмон САИДОВ