O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Нега Ўзбек ҳукумати мажбурий меҳнатдан воз кечишни истамайди?

Нега Ўзбек ҳукумати мажбурий меҳнатдан воз кечишни истамайди?
144 views
02 October 2014 - 10:51

пахта-2014Халқаро босимлар туфайли Ўзбекистон ҳукумати пахта йиғим-теримида болаларнинг мажбурий меҳнатидан воз кечган.

Бу йил бутун мамлакат бўйлаб ёши 18 дан кичикларнинг пахта мавсумида иштироки қатъий тақиқланган.

Бироқ фаолларга кўра, мўмай даромад келтирадиган пахта хомашёсини арзон ишчи кучи билан йиғиб олишга ўрганган амалдорлар шифокор ва ўқитувчилар, бошқа давлат идоралари ходимлари ҳамда хусусий бизнес эгаларини пахта даласига чиқишга мажбурламоқда.

Ўзбекистондаги бу йилги пахта йиғим-терим мавсуми бошланишидан олдин барча вилоятлар ҳокимликлари вояга етмаганларни пахта даласига олиб чиқиш оқибатларидан огоҳлантирилдилар.

Бугун Би-би-си билан суҳбатлашган Ўзбекистоннинг турли вилоятларидаги фаоллар айтишларича, пахта даласига асосан коллежларнинг 18 ёшдан катта ўқувчилари жалб қилинаяптилар.

Лекин таниқли инсон ҳақлари ҳимоячиси Елена Урлаеванинг айтишича, олдинги йиллари боласини пахтага чиқишини истамаган ота-оналардан пул ундиришни одат қилган таъмагир таълим муассасалари ходимлари эски одатларидан воз кечмаганлар.

Бу йил давлат идора ва ташкилотларида ишлайдиганлар, хусусий бизнес эгаларига босим олдинги йиллардагидан ҳам кўпайган.

Жойлардаги маҳаллий ҳокимликлар ҳатто икки-уч киши иш билан банд бўлган хусусий бизнеслардан ҳам пахта даласига одам чиқаришни ёки ўрнига пул тўлашни талаб қилаётганлари ҳақида хабарлар олинмоқда.

Мисол учун, шу кеча-кундузда Фарғонанинг Риштон туманида “пахтадан қутулиш” хусусий тадбиркорларга кунига камида 20000 сўмга тушаяпти, дейди журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Баҳодир Элибоев.

Хусусий тадбиркорларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш бутун мамлакат бўйлаб кузатилаяпти, дейди Елена Урлаева.

“Ҳозирда бутун Ўзбекистон бўйлаб, ҳаммани – ишбилармонларни ҳам, ўқтиувчи, шифокорларни ҳам пахтага сафарбар қилмоқдалар. Яқинда АҚШ элчихонасидаги бир йиғилишда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан келган ҳуқуқ фаоллари билан учрашгандик. Улар ҳам ҳамма минтақаларда давлат хизматчилари ва ҳатто шахсий ширкатлар ходимларини мажбуран пахта теришга жалб этишаётганини айтишди.

Ходимларнинг пахтага сафарбар этилишлари ҳатто Тошкентдек пойтахт шаҳарга ҳам етиб келганлигининг сабаби нимада, деган саволга Елена Урлаева, олдинги йиллардаги арзон ишчи кучи ўрнини қоплаш, дея жавоб қайтаради.

“Сабаби шуки, коллеж ўқувчиларини пахтага чиқаришни тўхтатишди. Улар эса анчайин катта меҳнат кучи эди. Ўтган йиллари коллежларнинг ҳамма курслари пахтада эди. Бу йил 1-2 курслар чиқарилмаган, фақатгина 3-курс талабаларини чиқаришган. Шунинг учун теримчи етишмаяпти. Расмийлар эса уларга умид қилгандилар. Шунинг учун энди катталарни ёппасига жалб қилмоқдалар. Андижондан бизга хабар беришларича, баъзи мактабларда ўқувчиларни эмас, энди уларнинг ўрнига ота-она ва ўқитувчиларни пахтага сафарбар қилмоқдалар. Тошкент вилоятигадги мактаблар ўқитувчилари билан ўзим гаплашган вақтим, ўқитувчилар ҳозир уйма-уй юриб ота-оналарни пахтага чиқишга кўндириш ўзларининг вазифаларига айланганини айтишди. Пахтага чиқа олмаганлар эса, ўринларига мардикор ёллаш учун пул беришлари кераклиги айтилар экан”, дейди Елена Урлаева.

Қулликка тенг меҳнат фойдаси

Охирги қарийб 10 йиллик Ўзбек пахтасининг бойкоти бутун дунёда Ўзбекистондаги мажбурий болалар меҳнатига эътиборни қаратди.

Бу кампанияни Ўзбекистон ҳукумати пахта етиштирадиган рақобатчиларнинг носоғлом рақобат кураши, деб атайди.

Бироқ охирги йилларга келиб Ўзбекистонда етиштириладиган пахта даромадидан республика бюджетидан ҳам кўра бир ҳовуч амалдорлар кўп фойда кўраётганлари ҳақидаги танқидлар кўпаймоқда.

Нега Ўзбек ҳукумати пахтани йиғиб териб олишда мажбурий меҳнатдан воз кечишни истамайди, деган саволга пахта етиштирадиган кўплаб мамлакатлар тажрибасини ўрганган собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев шундай жавоб қайтаради:

“Мен Суданда ҳам, Мисрда ҳам бўлганман. Ёки мана ёнимизда Қирғизистонда ҳам, Қозоғистонда ҳам фермер етиштирган пахтасини биржа баҳосида сотади. Бутун дунёда фермерлар биржада пахта нархи қанча бўлса, ўша нархда биржага ўзлари сотади. Бизнинг Ўзбекистонда мана шу пахтанинг сотилишидан манфаат кўрадиган томонлар бор. Пахта етиштирган фермерлар, деҳқонлар умуман ҳеч нарса олмайди, зарарига ишлайди. Фойда кўрадиганлар бўлса ўшанинг ҳисобидан катта-катта пулларни қилишади”, дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Мустақилликнинг илк йилларидан буён Ўзбекистон ҳукуматини пахта ва дон харид нархларини эркинлаштиришга чақириб келишади.

Лекин ҳукумат бу чақириқларни жавобсиз қолдириб келади. Ўзбек пахтакори Совет даврида камбағал яшаган. Мустақиллик йиллари эса буткул қашшоқлашди.

Аммо таҳлилчиларнинг ўйлашича, мамлакатдаги куч-қудрат ва ҳокимиятни эгаллаган бир ҳовуч амалдорлар учун пахта ҳамон бойиш манбаси бўлиб қолмоқда.

Оврўпода яшаётган иқтисодчи Алишер Таксановга кўра, пахта савдосидан ўта кам сонли ва энг юқори амалларда ўтирган бир неча мансабдор ҳамда уларнинг оила аъъзолари фойда кўришмоқда.

“Пахтадан келадиган даромаднинг бир миқдори Ўзбекистонга қайтаётгандир. Аммо катта қисми ғарбдаги қандайдир ҳисобларга тушаётган бўлиши мумкин”.

“Афсуски, бу пахта пуллари қаерга ва кимларнинг ҳисобларига кетаётгани изидан тушиш мушкул” – дейди Алишер Таксанов.

Олдинроқ Британиядаги обрўли Экономист журнали Ўзбек пахтасидан тушадиган даромад ғарбдаги “шаффоф бўлмаган ҳисоб рақамларига бориб тушаётгани” ҳақида ёзганди.

Ўзбекистон ҳукумати ҳеч қачон пахта толаси савдоси билан қайси ширкатлар шуғулланишини кенг жамоатчиликка очиқ айтмаган.

Шу боис, кузатувчиларнинг тахмин этишича, ўзбек пахтаси савдоси билан шуғулланувчи бир неча шахс қулликка тенг меҳнат ортидан улкан маблағ тўпламоқда.

Манба: bbc.co.uk/uzbek