O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Не кўйларга солди, қаранг, тирикчилик.

Не кўйларга солди, қаранг, тирикчилик.
192 views
03 August 2013 - 11:08

2osel

 

 

 

 

 

 

Ей дўстларим дилда дардим кўп айтмоққа,
Тугма топиб қадай десам, йиртиқ ёқа,
Етмиш ҳунар камлик қилди кун кўрмоққа,
Минг кўчага бошлаб кирди йигитчилик.
Не кўйларга солди, қаранг, тирикчилик.

Еллар олди қайноқ ёшлик заволини,
Олмасайдим орзуларнинг уволини.
Жуда оғир кўтармоқ дил малолини,
Яхшини ҳам ёмонни ҳам мана кўрдик,
Не кўйларга солди, қаранг, тирикчилик.

Тирикчилик деб кирмадик не йўлларга,
Ёмғирдан қочиб учрадик биз дўлларга,
Тақдиримизни топширдик ёт қўлларга,
Битта эмас, ўнта эмас биз кўпчилик,
Не кўйларга солди, қаранг, тирикчилик.

Мақтайверманг ҳадеб сохта қадримизни,
Эрта кимдир титмасмикан қабримизни,
Кимлар зимдан синамоқда сабримизни,
Дўсту душман орасида совуқчилик-
Не кўйларга солди, қаранг, тирикчилик.

Аввал бошқа ҳозир бошқа замон деманг,
Ўзни яхши бошқаларни ёмон деманг,
Ор номусин сотганларни ёлғон деманг,
Маҳаллийчилик бор ёки ўзбекчилик,
Не кўйларга солди, қаранг, тирикчилик.

Кимларгадир кўринябмиз қувга ўхшаб,
Нафсимиз деб қолаябмиз ёвга ўхшаб,
Талашамиз ўрмондаги овга ўхшаб,
Қайга кетди ахду паймон шерикчилик,
Не кўйларга солди, қаранг, тирикчилик.

Тингламасак ахир кўнгил нидосини,
Куйган юрак берар бир кун садосини,
Баъзан кийдик мунофиқлик либосини,
Йўқ нарсани бор деб гапни кўпиртирдик,
Не кўйларга солди, қаранг, тирикчилик.

Илмин сотди туппа-тузук юрган олим,
Бир пул учун мулла бўлди ҳатто золим,
Биров жоним деб йиғлайди, биров молим,
Айтинг дўстлар билмадим бу не кўргулик,
Не кўйларга солди, қаранг, тирикчилик.

Қорин тўйса, паймона ҳам тўлмайдику,
Сабр қилса одам ахир ўлмайдику,
Бўйин товлаб бундай яшаб бўлмайдику,
Турмуш асли тўрт муш экан-ўликчилик,
Не кўйларга солди, қаранг, тирикчилик.

Ҳеч ким боқмас кимсан наслу насабингга,
Ота чидар нодон ўғил асабига,
Бундай фарзанд учрар Оллох ғазабига,
Илдизимиз ярми хаста, ярми чирик,
Не кўйларга солди, қаранг, тирикчилик.

Нетай, ахир, тилкалар бир тиғ кўксимни,
Ҳақ талашиб юз кўрмасдир оға-ини,
Гуноҳкор деб айтолмайман бирор кимни
Қайси юртда тер тўкади эл бизчалик,
Не кўйларга солди, қаранг, тирикчилик.

Иморатлар қуриб қўйиб қават қават,
Ўз онаси оч ухлайди бермас овқат,
Машинаю доллорларин санар фақат,
Бойлигига итдек қила қўриқчилик,
Не кўйларга солди, қаранг, тирикчилик.

Аҳад Қаюм