O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Нима дедингиз? Бизники маъқулми? (ҳажвия)

Хавф ўлгур туғилаверади-туғилаверади. “Ҳой барака топгур, йигирма йилдан бери битта хавфни бартараф этолмасанг, нима қиляпти ёмон қовуннинг уруғига ўхшаб кўпайган бу милисалар?” дейдиган ўтюрак йўқ.

Нима дедингиз? Бизники маъқулми? (ҳажвия)
176 views
29 October 2012 - 17:13

Келажагибуюк Каттаев

Ажиб замонлар келди. Ким нима деётганини, гоҳида эса нима қилаётганлигини ҳам билмайди. Яқиндагина Советлар сиёсатига ҳамду-сано айтиб, коммунизм эртагига лаққа тушиб, керак бўлса, Брежнев билан оғиз-бурун ўпишиб юришлар энг тараққийпарварлик чўққиси бўлгучи эди. Гарчи эркакларнинг бир-бирига лаб босиб ўпишишлари ўзбекнинг ота-боболарида ҳам учрамаган урф бўлса-да, бунга биров “чурқ” этолмасди.

У кунлар ҳам ўтди-кетди. Бугун мана мустақилмиз. Мустақил бўлганимизга аллақачон йигирма йилдан ошди-ю, лекин ҳалиям ўша йигирма йилдан ўтган эски, сийқаси чиқган Истиқлол пластинкамиз тўхтамайди.

Юртимизга кимлардир хавф туғдираяпти экан, деймиз. Айбдорлар дарров топила қолади, жазога тортилади. Ахир Берия бобомиз бекорга айтмаганда: “Истатя бўлса бўлди, одам топилади”.  Аммо хавф ўлгур туғилаверади-туғилаверади. “Ҳой барака топгур, йигирма йилдан бери битта хавфни бартараф этолмасанг, нима қиляпти ёмон қовуннинг уруғига ўхшаб кўпайган бу милисалар?” дейдиган ўтюрак йўқ.

Пластинка эса тинмай айланаверади-айланаверади…

Нима эмиш, биров масжидга борса бас, у террорчи эмиш!  Биз ҳам худди каптархонадаги полопонларга ўхшаб, тепадан нима келса, озғимизни ланг очиб тураверамиз. Қўлимиз кўксимизда:  “Сизники маъқул”!

Кеча қўшним бир латифа айтиб қолди.
Афанди қози экан. Ким келса, “Сизники маъқул” деб чиқариб юборавераркан. Арздоргаям, айбдоргаям, айбсизигаям ўша битта гапни қайтаракан. Бир куни хотини танбеҳ бериб қопти-ю: “Нега энди ҳаммага битта гапни айтаверасиз? Лоақал бир марта бировга “сеники номаъқул” десангиз-чи”!
Шунда Афанди бироз ўйланииб туриб: “ “Ана, бор-э хотин, сеникиям маъқул”” деган экан.

Шунақа, бизда ҳозир ким тепага келиб қолса, бас, ўшаники маъқул. Нима деса, фақат маъқуллаймиз, бечора полапонлар ккаби бўлсин, “чурқ-чурқ” эта олмаймиз.

“Ўзбекистонда аёллар ҳижоб ўрамасин! Бу – эскилик сарқити! Ҳижобли аёллар террорчи бўлишади!”  Гап йўқ! Катта айтдиларми, тамом. “Подшонинг амри – вожиб!”, биз ҳам айнан шуни айтмоқчи бўлиб турувдик ўзи. Нақд халқнинг кўнглидаги фармонни чиқардилар. Қўшқўллаб-қувватлаймиз: “Сизники маъқул”!

Бошқа биров айтади: “Замонавийлик бизга нима бердики, унга тақлид қилсак?”  Биз эса яна икки қўлимиз кўксимизда: “Сизники маъқул!” деймиз. Одамлар мусулмон бўлиб кетаётгани бизни даҳшатга солади гоҳида.  Ҳой барака топгурлар (юртбошимизгаям жиндак тақлид қилвордик ана), қани ўша мусулмон? Мусулмончилик фақат соқол, ҳижоб, намоздан иборат деб ўйласангиз  қаттиқ янгилишасиз.

Қани мусулмон биродарлиги? Мусулмончиликни аксар ҳолларда кимларнингдир зоҳирий кўринишларида кузатамиз, ботинан эса ўша ўзимизнинг совет даври одамлари ҳаммаси. Буни кимдир тушунади, кимдир умуман фаҳми етмайди. Буни ҳам ичимизда, сасимизни чиқармай айтамиз.

Мусулмон билан мусулмон эмаснинг фарқи, ароқ ичиб-ичмаганими? Ўзбекистонда ўн мингдан зиёд аҳоли фақат намоз ўқигани учун қамоқда. Қайси мусулмон уларнинг ғамини еди? Ёки динсиз ўзбек билан диндор ўзбек фарқ қилаяптими? Йўқ! Униси ҳам, буниси ҳам тепанинг дубинкаси олдида тиззаси қалтираб, ҳатто ўз ҳаққини ҳам сўрашга ботинолмайди.

Лекин диктато…, э…, (хориждаги “қора кучларнинг” тарғиботига учиб, гуллаб қўяй дебман узр), хуллас… муҳтарам юртбошимизнинг тактикасига ҳам беш кетмайман баъзан.

Мақсад нима? Одамларни масжиддан бездиришми? Бундан осонроқ ишнинг ўзи йўқ-ку. “Террорчи” деган тамға босадиган суднинг ҳам кераки йўқ. Намозга рухсат берилади, лекин намозни фақат масжидда ўқийсан, деган фармон чиқарилади. Бу ёқдан диний бошқарма ва ҳоказо тўтиқуш полапонлар ишга солиниб, бу фармонга ҳам “Мошоллоҳ, мошоллоҳ” деб иймон келтирилади.

Одамлар масжиддан узилмай қолганидан кейин, ҳар бир масжиднинг меҳробига диктато… ээ… кечирасиз, муҳтарам юртбошимизнинг тиржайиб турган сийратлари илиб қўйилади. Эҳтимол, намозхонлар бунга норози бўлиши мумкин. “Масжидда хачирнинг калласига  бало борми?” дейишлари тахмин этилиши мумкин. Лекин буниям йўли бор, Анвар Турсуновга ўхшаган силлиқ имомларимиз “пирт” этиб фатво чиқаради-да, юртбошимизнинг муборак сиймолари меҳробда акс этиб туриши вожиблиги, ва бу юртимизда тинчлик ва огоҳликни таъминлашда бош омил экани машруъ бўлади. Лаббай? “Унақа масжидга биров оёқ босмайди” дейсизми? Сизники маъқул! Айни муддао-да! Қарабсизки, шу баҳона намозхон ҳам қолмайди.

Ёки, айтайлик, намозхонга солиқ солиш керак. Намоз ўқийсанми, бир солиқ! Тарк этсанг, яна бир солиқ. Соқол қўйсанг, бошқа солиқ. Олдирсанг, яна бошқа солиқ. Ҳижоб кийсанг, солиқ, ҳижобдан чиқсанг ҳам солиқ. Қарабсизки, мусулмоннинг уруғиям қолмайди: ўттиз миллион – ҳаммаси муртад!

Юртбошимиз қанчалар муғомбир бўлмасин, барибир бизчалик бўлолмасалар керак. У киши шоҳида юрсалар, биз баргида юрамиз ахир.

Нима дедингиз? Бизники маъқулми?