O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Нима муҳим – Толибонми ёки Афғон халқи?

Нима муҳим – Толибонми ёки Афғон халқи?
100 views
13 October 2021 - 20:52

Дунё раҳбарларининг боши қотган: Толибонни Афғонистоннинг легитим ҳукумати сифатида тан олиш-олмаслик ва мамлакат халқи юз тутаётган инсонпарварлик инқирози.

Жаҳондаги йирик 20 лик раҳбарлари Афғонистондаги вазиятни муҳокама этишга йиғилишар экан, хорижий қўшинлар мамлакатдан чиқиб кетгани ортидан у ердаги аҳвол яна оғирлашишишига йўл қўйиб бўлмайди, деган фикрга қўшилдилар.

Йирик 20 раҳбарлари Афғонистондаги иқтисодий фалокат олдини оламиз дея ваъда бердилар.

Халқаро ёрдам ташкилотлари оддий афғонистонликларнинг ҳаёти оғирлашиб бораётганидан, Афғонистон инсонпарварлик инқирозига рўпара келаётганидан огоҳлантирмоқдалар.

Бирлашган Миллатлар ташкилоти Афғонистонга миллиардлаб доллар ёрдам кераклигини айтмоқда, йирик 20 лик раҳбарларини маблағ ажратишга чақирган.

Виртуал шаклда ўтган саммитда раҳбарлар инқироз олдини олиш мақсадида Толибоннинг янги ҳукумати билан ҳамкорликдан ўзга чора йўқ деган фикрга қўшилдилар.

Йирик 20 лик саммитида гапирган Германиянинг лавозимини тарк этаётган Канцлери Ангела Меркел, Афғонистон бошбошдоқлик ичида қолишига йўл қўйиб бўлмаслигини, Толибон бошқаруви остида Афғонистон иқтисодиёти барбод бўлишидан дунё наф кўрмаслигини айтди.

Германия Афғонистонга инсонпарварлик кўмаги учун 600 миллион Евро ажратишга тайёрлиги айтилди.

Европа Комиссиси раҳбари Урсула фон дер Лейен Афғонистон ва Афғонистон қочқинларини қабул қилган қўшни мамлакатларга 1 миллиард доллар ажратишни таклиф этди.

Бунинг 300 миллион доллари Афғонистондаги гуманитар фалокат олдини олишга йўналтирилиши айтилди.

АҚШ Президенти Жо Байден урғулашича, кўмаклар тўғридан-тўғри Толибонга эмас, мустақил халқаро ташкилотлар орқали Афғонистонга етказилиши керак.

БМТ Бош Котиби Антониу Гутерриш ҳам пулларни янги Афғон ҳукуматига эмас, мамлакат иқтисодиётига ётқизишни ёқлаб чиққан.

Қатор саммит иштирокчилари Афғонистонга ёрдамлар Толибоннинг инсон ҳақларига риоя этишига боғлиқ қилиб қўйиш лозим деган фикрни билдирганлар.

“Мен айниқса, Толибоннинг қизлар ва аёллар борасидаги берган ваъдаларини бажармаётганларидан ташвишдаман”, деб айтган БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш.

Саммитда Афғонистоннинг яна халқаро терррорчи гуруҳлар маконига айланишига йўл қўйиб бўлмайди дейилди.

Йирик 20 лик саммити Толибон билан АҚШнинг Доҳадаги бевосита музокаралари ортидан ўтказилди.

Бу хорижий қўшинлар Афғонистонни тарк этганидан кейинги илк тўғридан-тўғри мулоқот бўлди.

АҚШ Давлат департаменти муокаралар “очиқ ва профессионал” руҳда ўтди, дея таърифлаган, Толибон ҳақида гапларига қараб эмас, амалларига қараб баҳо берилишини билдирган.

Афғонистонликлар даромадларидан айрилганлари, маош ва нафақаларини олмаганларини айтадилар.

Нарх-наво кўтарилиб кетаяпти.

“Ейдиган ҳеч нарсамиз қолмади” деб айтган бир кекса киши Би-би-сига.

Жаҳон Банкига кўра, Афғонистон Ялпи Ички Маҳсулотининг 40 фоизини кўмаклар ташкил этган.

Толибон Кобулни эгаллаган 15 августда АҚШ ҳукумати Афғонистон Марказий банкининг 10 миллиард доллар атрофидаги маблағини музлатиб қўйди.

Қатор мамлакатлар, хусусан, Ўзбекистон, Қатар ёки Туркия Афғонистонга кўмакларини Толибоннинг ҳукуматини мамлакатнинг қонуний раҳбарияти дея тан олиш-тан олмаслик масаласига боғлаётганлари йўқ, Ўзбекистон Толибон ҳокимият назоратини қўлига олганидан кейин инсонпарварлик поезди юборган илк мамлакат бўлди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистонни яккаламаслик кераклигини айтди.

Манба: bbc.com/uzbek