Мен Фарғона вилоятида туғилганман, ҳозирги пайтда оилам билан Тошкент шаҳрида истиқомат киламан. Узоқ йиллар давомида Олий таълим вазирлигида ишлаганман. Бир неча йилдирки, тижорат ишлари юзасидан мамлакатимизнинг бир қанча вилоятларига доимо чиқиб туришим туфайли оддий халқ ичида юрган фикр ва мулоҳазалардан ўз вақтида хабардор бўлиб тураман. Кейинги пайтларда юртимизда сиёсатга қизиқмаган одамнинг ўзи бўлмаса керак, мен ҳам шу туфайли интернет орқали таъқиқланган ўзбек мухолифатининг бир қанча сайтларини кўпчилик қаторида мунтазам равишда ўқиб бораман. Шунинг учун бугун сайтлардаги хилма хил мақолалар йўналиши мазмунидан ва халқ ичидаги аллақачон юзага келган мулоҳазалардан келиб чиқиб ҳозирги муқим даврнинг баъзи долзарб масалалари устида тўхталиб ўтишни лозим топдим. Албатта маълум сабабларга кўра ҳеч ким билан бахслашмоқчи эмасман ва шу билан бирга мухолифатдаги фаолларини ёмонлаш ниятим йўқ, мақташдан ҳам йироқман. Ҳар бир инсонни ўзига инсоф берсин, кимнинг гуноҳи бўлса унга фақат унинг ўзи албатта жавоб бериши аниқлиги ҳаммамизга маълум. Шундай қилиб…..
Айни пайтда И.Каримов Ўзбекистон президенти лавозимини қизи Г.Каримовага режалаштирилган юзаки сайловлар орқали топширишига ҳам икки йилча вақт қолди, мухолифат ичидаги вазиятга нисбатан прогнозлар ҳаммани кун сайин қизиқтириб, кўпчилик юртдошлар ичида нима бўларкин, деган фикр кундан-кунга кучайиб бормоқда. Аммо шуни айтиш лозимки, ҳамма вилоятларда мухолифат раҳбарларидан айнан Муҳаммад Солиҳ номзодига нисбатан ишонч кундан-кунга ўсиб бораётганлигини беихтиёр гувоҳи бўласиз. Ушбу ҳолатни ҳатто интернетдаги http://electionsmeter.com/ сайтида ҳам кузатиш мумкин. Ватан ичкарисидаги аксарият аҳоли И.Каримовнинг 23 йиллик зулмидан жони халқумига келиб ташқаридаги мухолиф кучларнинг Муҳаммад Солиҳ бошчилигидаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати атрофида бирлашишини жуда ҳам орзу килаётганлигини минглаб мисолларда кўриш мумкин.
Мухолиф партиялар ва Ҳаракатнинг интернет сайтига кирсангиз ёки уларнинг вакиллари билан бирлашиш масаласи юзасидан мулоқот юритсангиз, барчанинг тўғрилигини кўриб таажубга тушасиз, нотўғриларнинг ўзи йўқ. Ҳар бир фаол ўзи ва фаолиятининг ҳақиқат томонидалигини исботлайди ва айримлари қолганларни қоралаш билан овора. Парадокс! Бир вақтнинг ўзида ҳамма раҳбарлар китобларда келтирилгандек тўғри-ю, лекин уларнинг айримлари юрт келажаги учун ўзаро бирлашишдан узоқлашмаса бўларди. Бу ҳол ҳатто соғлом фикрлашга доир ёки табиат қонунларига зид ҳолатдир, агар ҳамма тўғри бўлса, унда нега бирлашишмайди деган савол туғилиши табиий. Чунки уларнинг Ватани, дини, миллати, тили ва маданияти ҳам бир бўлса-ю, унда сабаб нимада? Ҳатто мозорлари бир ватан тупроғида жойлашганини айтмайсизми?
Ушбу санаб ўтилган муқаддас тушунчаларни ўзида мужассам этган, ўзини эр билган, мен ҳақ йўлдаман деб билувчи ҳар бир инсон она ватан ва унинг келажаги йўлида ЎХҲга бирлашмоғи лозимдир деб ўйлайман. Шундай экан, ватандан ташқаридаги юртдошлар, ака-укалар, опа-сингиллар бу тупроқда улар учун азиз бўлган авлод-аждодлари ётганини унутмаслиги керак. Бу йўлда ўзбек мухолифати етакчилари ўзларида мавжуд бўлган ҳар хил гина-кудурату адоватни унутиб, ЎХҲга бирлашиб ягона ҳаракат йўналишнинг ватанга қайтиш бўйича стратегия ва тактикасини тузишлари зарур ва бу даврнинг муҳим талабидир. Халқ ичида аксарият инсонларнинг ишончи керагидан ортиқ комилки, яъни мухолифатдаги таниқли лидерларнинг ижтимоий келиб чиқиши ҳар хил, ҳар доим жамиятда эгаллаган ўрни бошқа бўлган ва улар ўртасида ўзаро бўлолмайдиган нарса ёки ҳал бўлмайдиган муаммонинг ўзи бўлмаслиги ҳаммага маълум.
Шундай экан, мавжуд бирлашмаслик муаммосининг сирлари ҳам ўз-ўзидан кўриниб турибдики, сунъий асослардан иборат. Демак М.Солиҳ, С.Умаров, А.Пўлатов, Б.Чориев хамда бир қанча бошқалар ўртасида бир-бирларига нисбатан тўлиқлигича аниқ ва шахсий мақсадлар йўлида асосланган зиддиятлар йўқ, бўлиши мумкин хам эмас. Хўш, унда бу сунъий равишдаги муаммоларнинг сабаби нимада ва бу кимга 20 йилдан ортиқроқ муддат мобайнида керак бўлиб келмоқда? Нега бир юртнинг вакиллари бўлган, бир мақсадга эга бўлганлар ўртасида ўзаро келишмовчиликлар авжига чиқиб бормоқда?… (А.Бойматовнинг кимлигини ҳуқуқбонлардан бошқа ҳеч ким билмайди, унинг на обрўси, на бу каби ташаббус кўрсатиш учун маънавий ҳаққи йўқдир. Бойматовнинг бу каби қилиқларини ҳеч ким жиддий қабул қилмай қўйганининг сабаби, унда мухолифатни бирлаштириш деган ниятнинг ўзи йўқлигидир, унинг асл мақсади эса, шунчаки ўзини кўз-кўз қилишдан бошқа нарса эмас – таҳр.)
Ўзбекистон ўзининг “мустақиллигига эришган биринчи кунлариданоқ” И.Каримов ўзбек халқ мақолидагидек “ўзи хон ва кўланкаси майдон” бўлишини жуда орзу қилиб Ўзбекистонда абсолют монархия барпо этишни, давлатни бошқаришга энди фақат каримовлар династиясининг ҳаққи борлигини режалаштирганди. Чунки 90-йиллар бошида унинг фойдасига тарихда мисли кўрилмаган сиёсий воқеалар юз бера бошлади. Ўша кунни аниқ эслайман, телевизорни қўйсам И.Каримовнинг Хиндистон сафаридан қайтиши ва журналистлар томонидан самолёт бортида ёзиб олинган суҳбати эфирга узатилаётган экан. Суҳбат чоғида И.Каримов фавқулодда юзага келган вақтинчалик ҳукумат – ГКЧПга ўзининг катта ишончларини жон куйдириб Ўзбекистоннинг жаҳонда тенг ҳуқукли мустақил давлат бўлишига карши фикрларини ифода этарди. Унинг …“бизар СССР тарқалишига йўл қўймаймиз, “бизар”(самарқандча шевада) Иттифоқ сақланиши ва ГКЧПга бўйсиниб уни хар томонлама қўллаб қувватлаш тарафдоримиз”… деган гаплари ҳамон қулоғимда қолган. Албатта бу фикрларни тасдиқловчи видеотасвирлар Ўзбекистон телевидениеси архивларида сақланиб қолган бўлиши керак.
Шундан сўнг мен хизмат сафари билан бошқа вилоятга кетгандим. Аммо уйга қайтганимда, яъни бундан 4-5 кун кейинги телекўрсатувларда И.Каримов ақл бовар қилмайдиган бутунлай бошқа гапларни бутун борлиғи билан такрорларди. Аввалига ҳеч нарсани тушунмай қолдим. Яна бир ақл бовар қилмайдиган нарса шундаки, бундан салгина илгари И.Каримов айнан Муҳаммад Солиҳнинг Ўзбекистон ўзининг мустакилликка эришиши шартлиги борасидаги буюк ғояларини қораларди. Йиллар эмас, балки бир неча кун ўтгач эса унинг тўсатдан Муҳаммад Солиҳга “сотилганлигини” гувоҳи булдик. Аммо бу ҳолни чин кўнгилдан тан олишга президентимизда бир сўз билан айтганда эркакча ғурур етишмасди. Энди у тез орада Муҳаммад Солиҳни бутунлай унутиб мустақиллик ғоялари эса айнан унинг юраги тўрида йиллар давомида ётганини таъкидларди ва бир хафта олдингача ардоқлаб келган совет системасини ўзи тушунар тушунмас ҳолда “мустабид” деб атай бошлади (чунки ўзбек тилини яхши билмасди). Воажаб дейман, мисол билан айтганда, у бир неча кун илгари сувнинг инсон ҳаётида қанчалик муҳим ўрни ҳақида гапирган бўлса, энди бунинг бутунлай аксини ёки мисли кўрилмаган даражада катта зарари ҳақида гапириб исботларди. Бу ҳам камдек, ҳафта ўтгач эса атеист И.Каримов Қуръони Каримга қўл қўйиб…”халқ фаровонлиги йулида ҳалол хизмат қиламан”… деб қасамлар ичганини ва эртаси кунидан бошлаб ҳозирга қадар буни аксини қилаётганликларини гувоҳи булиб турибмиз. Унинг хукмронлиги йилларида муқаддас китобга қўл қўйиб ичган қасамларини унутиб юборганлиги жуда ҳам ачинарли ҳол, чунки ота-боболаримизнинг таъкидлашича қасам ва қарғишнинг оғир жавоби бўлиши муқаррарлиги кўпчиликқа маълум.
Бундай ачинарли ҳолат И.Каримов ҳаётида кундан-кунга кучайиб борди, ўйлайманки бугунги кунга кадар ўтган даврга нисбатан изоҳга ҳожат бўлмаса керак. Кейинги бир неча йил давомида халқимиз ичида нима бу одам ўзбек эмасми, мусулмон эмасми, ўз халқини ҳам шунча қийнаш мумкинми деган фикрлар кўпчиликни хайратда қолдиради. “Дард устига чипқон” деганларидек, ўзбек халқига ўзининг нафрати ва бефарқлигини яна бир бор исботлаб, ҳеч кимдан ҳатто фикр сўрамасдан ўз ўрнини қизига беришга ҳам қарор қилди. Нима Ўзбекистон зоопаркми? Ўзбек халқи ундаги сақланаётган ҳайвонлар тўдасими? Одатда зоопарк хўжайини алмашинишида хайвонларнинг хайвонлиги учун уларнинг ихтиёри сўралмайди… Ахир бу салкам 30 миллионлик ўз тафаккури, дунёқараши ва бой тарихига эга буюк халқ эмасми?
Тўғри, президентимизнинг томирида ўзбек қони умуман йўқ, у тожик миллатига мансубдир. Аммо бу муаммо бўлмаслиги лозим. Ўзбекистон азалдан кўп миллат вакилларига эга бўлган, улар асрлар мобайнида бир тан ва бир жон бўлиб яшашган, ёв келганида ҳамма биргаликда она ер ҳимоясида бўлишган. Ўзбек ва тожик халқлари эса ўзининг кўҳна тарихи, бой анъаналари ва қадим урф-одатларига эгадирлар, илгаридан улар бир-бирлари билан ҳатто қуда-андалик билан ҳам чатишиб кетишганини биламиз. Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи барча тожик миллатига мансуб аҳолининг ҳужжатларида Сталин даврида қабул қилинган талабларга мувофиқ фақат ўзбек миллати кўрсатилади. Шу туфайли президентимизнинг ҳам милати ўзбек деб кўрсатилиши ҳеч кимни хайрон қолдирмаслиги керак. Лекин гап президентимизнинг миллатида эмас, балки у хам ўзбек юртининг фарзанди эканлигини унутмаслигимиз керак. Фақатгина унинг ҳукмронлиги йилларида Қуръонга қўл қўйиб ичган касамларини унутиб юборганлиги жуда хам ачинарли ҳол, чунки ота-боболаримизнинг таъкидлашича, қасам ва қарғишнинг оғир жавоби бўлиши муқаррарлиги кўпчиликка маълум.
Хаммага маълумки, Совет даврида мухолифат бўлмаган, ягона КПСС раҳбарлиги бўларди, бунда раҳбарлик лавозимларида катта тажриба орттирган И.Каримов аввалига ўзи истамаган мустақилликга тўсатдан эришгач, дарҳол ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар ёрдамида И.Сталин ва НКВД-КГБдан мерос бўлиб қолган методлар асосида мухолифатсиз ҳукумат қилишга киришганди. Демократия ўрнига халқ оғзаки ижодидан ўрин олган ёлғонкратия дунёга келди. Натижада ҳозирги давлатчилик асослари ва хукумат И.Каримов ва Р.Иноятов модели бўлиб, у ёлғон ва туҳмат, қўрқоқлик ва сотқинлик, бузуқчилик ва касамхўрлик хамда коррупция ва адолатсизлик каби иллатлар устига кўрилди. Хатто совет даврида тил текказилмаган муқаддас динимизнинг йирик вакиллари террорист, сиёсий мухолифат фаоллари эса халқ душманлари деган ном олиб ўз ватанидан деярли хаммаси қувғин қилинди, қамоқларга солинди ва қатл этилдилар. Қўлга тушиб қолган миллатнинг етук вакилларини қийнаш учун немис фашистларига хос бўлган концентрацион лагерь (Жаслык) ҳам бунёд этилди. Одил сиёсатдан ном-нишон йўқлиги оқибатида халқ орасида йилар давомида оммавий норозиликлар кучайиб борди. Ёлғон билан ҳақиқат ўртасидаги азалий мухолифлик йил сайин сиёсийлашиб борди. 2005 йилда кўчага чиққан халқ қатлиомга хукм этилди. Норозилик намойишида қатнашган фаоллар эса илгари Тожикистонда жиноят содир этиб ҳозирда Ўзбекистонда МХХ томонидан яширин сақланаётган М.Худойбердиевнинг махсус тажрибага эга бўлган жангарилари тарафидан Андижонда отиб ташландилар.
Совет тарбиясини олган ва сайловларга ўрганмаган И.Каримов ва бош жаллод Р.Иноятов “ўзларининг мустақиллиги” йилларида мухолиф кучлар ўртасидаги тарқоқликни кескин ривожлантириб, фаолларни ёлғонга асосланган маълумотлар асосида лақиллатишга ўтишди. Бу махсус тайёрланган айғокчилар томонидан шу даражада амалга оширилдики, натижада шубҳага ўрин қолмаганди. Бундай тадбирлар улар томонидан ҳар хил сайтларда чоп этилган мақолалар билан доимо мустаҳкамланиб борди. Шу билан мухолифатнинг келажакда давлат тепасига келиб қолмаслиги учун унинг аъзолари орасидаги узвий боғликликларни бутунлай вайрон қилишга эришилди. Ҳақиқат қадрсизланиб борган сари ёлғоннинг ҳукмдорлиги кучайиб борди. Ватан ичкарисида эса фуқаролар сиёсий фикрлаш эркинлиги ҳуқуқидан суд ҳукми ва бошқа йўллар билан маҳрум этилдилар. Натижада ватан ташқарисида сунъий даражада юзага келтирилган тарқоқлик кескин даражада ҳукм сура бошлади, энди сиёсий фикрлар плюрализми ўзаро қолипда турмас уятсизларча сўкишиш билан хам тугайдиган бўлиб қолган вақтлар хам бўлди ва хоказо. Ваҳолангки бу усул И.Каримовга жуда қўл келиб Р.Иноятовга хар томонлама чекланмаган имкониятлар бердики, оқибатда у ўзига Л.Берия каби “давлат ичидаги давлатни” тузишга муқаррар булди. Унинг раҳбарлик йилларида Тошкент клани шаклланиб жиддий ижтимоий ва сиёсий кучга айланди.
Энди эса Р.Иноятов баъзан қутурган ит каби ўз эгаси И.Каримовга ташланиб ундан бутунлай халос бўлиш йўлларини орзу қиладиган бўлгани халқимиз ичида сир бўлмай қолди. Ўзбек мухолифати айрим фаоллари эса ўзини ўзи синдириш ва обрўсизлантириш билан ҳамон овора, биров лақилатганида ўзаро юзма-юз мулоқотга чиқиш ўрнига тўкилган ғийбатларга муккасидан тушишди. Эндиликда И.Каримов Ўзбекистондан ташқаридаги мухолиф кучлардан эмас, балки Р.Иноятовга мансуб бўлган тахтни олиш йулидаги ички зиддиятлардан жудаям қўрқиб қолганлиги кўпчиликка аён. Бундан хабар топган Оқсоқол қизини тахтга ўтқазишга қарор қилиб янги хийла ва қўшимча найранглар ўйлаб топди. Сиёсий майдондаги кураш мисоли шахмат ўйинига айланди. Р.Иноятов эса бунга жавобан юриш қилиб, дархол ўзининг биринчи муовини Ш.Ғуломовни МХХ раислигига номзод қилиб кўрсатди. Ташқаридан қараганда тарози паллалари яна тенглашгандай бўлди, аммо бу хол сиёсий тахлилчиларнинг фикрича Г.Каримованинг давлат тепасига келгунича давом этади. Г.Каримова тахтни қабул қилиши билан қисқа вақт ичида пойтахт кланини тор-мор этиб мамлакатда юзага келган барча сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий муаммоларда Р.Иноятов бошчилигидаги туда фаолларини айбдор қилиш эвазига ўз отасига хаётий алиби билан таъминлаши режалаштирилган. Режага мувофиқ бу харакат натижасида икки мухим масала ўз ечимини топади, биринчидан, “давлат ичидаги давлат” (МХХ) ва иккинчидан Г.Каримовага мухолиф бўлган пойтахт клани таъсири бутунлай тугатилади. Шундан сўнг самарқандликлар клани бошқа кланлар шаклланиши илдизига болта уриб, келажак сиёсий майдонида ўзларининг ҳар доим фақат ягона бўлиб қолишини таъминлайдилар.
Президентликдан кетгач И.Каримов ўзи имзолаган қонунга мувофиқ бир умрлик сенаторлик вазифасида қолиб, қизига норасмий маслахатчи бўлиши, қизи Гулноранинг бугунги кунда 20 ёшни қоралаган ўғли Ислом Мақсудийнинг кейинги 15-20 йиллар давомида тахт ворислигига тайёрлаши кўзда тутилган. Президент Девонида ва унинг қўриқлаш хизматида ишловчи мутасадди шахларнинг тасдиқлашича И.Каримов ўз яқинлари билан бўлган норасмий сухбатларда Ўзбекистонни унинг династияси бошқарса, келажаги буюк давлат бўлиши муқаррарлигини бир неча бор тасдиқлагани ҳақидаги маълумотларни хар қадамда эшитиш мумкин. Шу боис кўпчиликда аллақачон хилма хил фикр ва мулохазалар пайдо бўлиб алохида эътиборга сазовор бўлмокда. Шунда нима учун ўз халқи тақдири ва келажагини ўйламайдиган, хар томонлама нолойиқ инсон қариганда тавба қилиш ўрнига ўз кизига президентликни бериб янада лақиллатишни давом этирса деб ўйланиб қоласан киши. Ахир қаранг, тахлил қилинг, нахотки бир муттаҳам ва ўта пихини ёрган биргина найрангбоз И.Каримов нафақат чекист хисобланмиш Р.Иноятов бошчилигидаги кучли пойтахт кланини ёки ватан ташқарисидаги мухолифат фаолларини, балки ўзи яшаб турган ернинг қарийб 30 миллионлик халқини осонгина лақиллатиб ўтирса? Биз ўзбекларнинг кимдан кам жойимиз бор? СССР тарқалиб 21 йил ўтибдики мустақилликнинг туб маъносидаги жамиятни орзу қиламиз, аммо хамон унга эриша олмадик. Мустақиллик деб аталувчи тушунча ва унинг серқирра қулайликлари фақат икки шахсга хизмат қилиб келмокда, бу И.Каримов ва Р.Иноятовлардир.
Улар ҳақиқатан ҳам ҳар томонлама мустақилликга эришдилар, аллақачон Иттифоқ йўқ ва улар қўрқадиган идора ёки раҳбар ҳам қолмади. Улар йиллар давомида ўзбек халқининг нонини еб моддий семириш билан бирга, халқнинг бутун бойликларини талон тарож қилишди, минглаб халол инсонларни қамоқларда қийнаб қатл этишди. Ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб ва норозилигини билдириб кўчага чиққан халқ вакиллари Андижонда отиб ташланди. Миллионлаб йигитларимиз нон топиш учун ватандан ташқарига чиқиб мардикор ва баъзи холларда кимларгадир қул бўлишга мажбур бўлдилар. Статистик маълумотлар тахлили шуни кўрсатиб турибдики, яъни кейинги пайтларда Россия худудида ўзбекистонлик мехнат мухожирларини камситиш ёки уриб ўлдириш одат тусига кириб қолди. Опа-сингилларимиз йўқчиликдан бировларга чўрилик қилишга, вақти келганда ўзини хам сотишга мажбур бўлмоқдалар. Худди одамлар орасидаги оқибат бутунлай йўқолиб кетаётгандек туюлади, натижада мана шундай мудхиш холлардан хар куни хабардор бўлсак хам бефарқлигимизни индамай давом эттираяпмиз. Миллий ғурур деган тушунча кун сайин йўқолиб бормоқда. Тахлил қилсангиз бор йўғи икки нафар миллат душмани бутун бир халқни олдига солиб пода каби хайдашни давом эттирмоқда. Бу хам камлик қилгандай, энди улар бутун бир давлатни хусусийлаштириш ҳуқуқига хам эга бўлишди. Натижада улар Ўзбекистоннинг яқин 15-20 йил давомида ва ундан кейинги даврда ким бошқариши масаласини ҳам мутлақо ўзбошимчалик билан ҳал қилиб қўйдилар.
Ўзбекистондаги истиқомат қилаётган заҳматкаш халқимизнинг аксарияти хали қалбларидаги ғурурни, ғайрат ва шижоатни, орзу ва ниятларни бутунлай сўнмаганлигини қайд этиб, ватандан ташқарига хар хил сабаблар билан мажбуран чиқиб кетган юртдошларимизни бирлашишга, сиёсий уйғонишга, жиддий сиёсий кучга айланиб ўз тупрогига қайтишини жуда истаётганликларини яна бир бор таъкидламокчи эдим. Чунки мухолифатга мададкор бўлишга тайёр турган халқимиз ҳақида истеъдодли шоир Чўлпон нинг қуйидаги шеърини эслаш кифоя:
Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир,
Халқ исёндир, халқ оловдир, халқ учдир,
Халқ қўзғалса, куч йўқдирким тўхтатсин,
Қувват йуқким, халқ истагин йўқ этсин,
Халқ исёни салтанатни йўқ қилди,
Халқ истади, тож ва тахтлар йиқилди…
Халқ истаги: Озод бўлсин, бу ўлка,
Кетсин унинг бошидаги кўланка,
Бир қўзғолур, бир кўпирар, бир қайнар,
Бир интилур, бир ховлиқар, бир ўйнар,
Йуқликнида, очликни-да йўқ этар,
Ўз юртини ҳар нарсага тўқ этар…
Бутун кучни халқ ичидан олайлик,
Қучоқ очиб халқ ичига борайлик!
Одилхон Отабеков