Бу қадим саволга биз ЎХҲ ташкилотчилари ва аъзолари “Қўзғолон қилишимиз керак”, дея жавоб берамиз. Худди Тунис ва Миср халқлари ўз давлатларидаги диктатураларга қарши “Қўзғолон” қилганлари ва диктаторларни ағдарганлари каби Ўзбекистон халқига ҳам Ислом Каримов диктатурасига қарши “Қўзғолон”ни амалга ошириш вақти етиб келди. Ислом Каримов режимининг диктатура эканлиги бугун ҳеч кимга сир эмас. Мамлакатимиздаги аҳвол ва халқаро сиёсий аҳвол Ислом Каримов диктатурасига жон бағишлаётгандай бўлиб кўриниши мумкин. Аммо бу вақтинчалик жон бағишлашдир. Чунки бугун ўзларининг манфаатлари учун диктатор Ислом Каримовни қўллаб-қувватлаётганлар кутилмаганда уни тарк этадилар. Худди, Миср диктатори Ҳусни Муборакни ёки Ливия диктатори Қоззафийни тарк этганлари каби. Демак, Ўзбекистон халқи учун Ислом Каримов диктатурасига қарши қўзғолонни бошлаш учун вақт етиб келди ва биз бу вақтнинг талабига кўра ҳаракат қилишимиз керак. Хуллас, савол аниқ ва унинг жавоби ҳам аниқдир. Аммо бу аниқ савол ва аниқ жавоб уни амалга оширишга шошилмаётган инсонларимизда яна икки қўшимча савол туғдирмоқда: Биз нима учун қўзғолон қилишимиз керак, яъни унинг мақсади нима ва натижалари қандай бўлади? Иккинчи савол эса янада оддийроқдир: Қўзғолонни қандай амалга оширишимиз керак?
Биз нима учун қўзғолон қилишимиз керак, деган саволнинг жавоби ҳам аслида жудда оддийдир: Қўзғолондан мақсад Ислом Каримов диктатураси ўрнига эркинлик, ҳуқуқ ва адолатга асосланган фуқаровий жамият қуришдир.
Эркинлик нима ўзи? Бу аввало эътиқод, фикр, матбуот, турли сиёсий ва ижтимоий ташкилотлар ва жамиятлар қуриш ва уларга аъзо бўлиш, маҳаллий ва марказий ҳукумат органларига сайлаш ва сайланиш эркинлигидир. Бу эркинликлардан ҳеч бири Ислом Каримов диктатурасада мавжуд эмас. Бу эркинликларни қўлга киритиш учун халқ қўзғолон қилса арзийдими? Албатта, арзийди. Бунга ҳеч кимда шубҳа бўлмаса керак. Аммо эркинликни ўзича тушунадиганлар ҳам бор: Масалан, сўз эркинлигим бор, дея бировларни ғийбат қилиш, бировларга туҳмат қилиш, аслсиз хабарлар тарқатиш орқали жамиятда фитна-фасод чиқариш…Бундай салбий “эркинликлар” сўз эркинлигига кирмаслиги ўз-ўзидан маълум. Шундай экан, худди автомобиль йўлларида қизил чироқ ёнганда чорраҳани кесиб ўтиш тақиқлангани каби, сўз эркинлигини суистеъмол қилишни истаганлар ҳам эркинликнинг ўзига яраша қизил “чироқлари” борлигини билишлари керак бўлади. Худди шундай матбуот эркинлигимиз бор, дея газеталарда, журналларда, интернет ва телевидениеда шаҳвоний мазмундаги суратлар, видео материаллар, кинофильмлар “ижод ” қилишни истаганлар ҳам топилади. Матбуот эркинлиги таъминланиши керак. Яъни, ижодкорлар ижод қилишда ҳеч қандай тўсиққа дуч келмасликлари шарт. Аммо матбуот эркинлиги шаҳвоният эркинлиги эмаслигини ҳам ҳамма билиши шартдир…
Эътиқод эркинлиги ҳам инсоннинг жуда муҳим эркинликларидан биридир. Унинг маъноси инсонларнинг эркин ҳолда динларини танлашлари ва унга амал қилишларидир. Бу эркинликни тақиқлаш жуда ёмон оқибатларга олиб келишига Ислом Каримов диктатурасининг аксил Исломий сиёсати ва мусулмонларга қарши қилган жиноятлари далилдир. Бундай сиёсат натижасида аввало мусулмонларнинг ўз динларини тўғри ўрганишлари учун имкон қолмади. Шунинг учун ҳам мусулмонлар орасида турли оқимлар, тушунмовчиликлар, ўзаро низо ва келишмовчиликлар авж олиб кетди. Ўртага чиққан ҳар бир тоифа ўз билганини ўқиди. Шу тарзда баъзилар “Халифат ” қуриш, бошқалари эса “Жиҳод” майдонига отилиш йўлини танладилар. Ҳолбуки, агар жамиятда эътиқод эркинлиги таъминланадиган бўлса ва ҳукуматнинг ўзи мусулмонлар билан билан муроса қилиб, Ислом динида ягона ҳисобланадиган ўрта, мўътадил йўлдан боришни тарғиб қилса, мусулмонлар ҳам шундай муросавий ва тинч тараққиёт йўлини танлаган бўлар эдилар. Мана шундай вазиятда ҳам баъзи гуруҳлар ўртага чиқиб, “халифат”, “жиҳод” чақириқларини ўртага ташлайдиган бўлсалар, уларга қарши аввало исломий маърифат ва мусулмонларнинг ўзаро иттифоқининг шартлиги далил келтирилади. Чунки Ислом динида гуруҳбозлик йўқлиги ва ҳеч бир гуруҳ мусулмонларнинг барчасини тамсил қилмаслиги бир ҳақиқатдир. Хуллас, эътиқод эркинлиги таъминланадиган бўлса, мусулмонлар бу эркинликдан аввало маърифий ишларни ривожлантириш ва ўзаро иттифоқни йўлга қўйиш учун фойдаланишлари керак бўлади. Бу масалада унутиб бўлмайдиган яна бир ҳақиқат Ислом динида барча масалаларнинг аста-секинлик билан тараққий қилишидир. Қуръони Каримнинг 23 йилда нозил бўлишининг сабаби ҳам мана шу ҳақиқатга кўрадир. Совет даврида ва Ислом Каримов диктатураси давомида Ўзбекистон халқи афсуски Ислом ҳақида тўғри маълумот олиш имконига эга бўлмади. Аҳолининг асосий қисмида мана шундай диний тушунмовчиликлар ва илмий камчиликлар бор экан, бир гуруҳнинг ўртага чиқиб, ўз билганича ҳаракат қилиши мусулмон омманинг бошига қаттиқ мусибатлар келишига сабаб бўлиши мумкин. Хуллас, эътиқод эркинлигининг шиори “Исломий маърифат ва мусулмонларнинг иттифоқидир”. Шу билан бирга Исломдан бошқа динга мансуб бўлганларга ҳам, Ўзбекистонда буларнинг сони жуда оз бўлишига қарамай, ўз эътиқодларига кўра яшаш ҳуқуқи берилиши керак.
Сиёсий эркинликлар масаласи ҳам муҳим ва ниҳоятда нозик бир масаладир. Сиёсий эркинликлар фуқароларга ўз сиёсий ташкилотларини тузиш, эркин сайловларда иштирок этиш, бундай сайловларда ўз раҳбарларини сайлаш ёки раҳбариятга сайланиш, бу орқали давлат бошқарувида иштирок этиш имконини беради. Ўзбекистонга хос шартларда, яъни аҳолиси асосан мусулмонлардан иборат бўлган давлатда, қуйидаги сиёсий тушунчаларга ўрин бўлмаслиги керак, деб ўйлаймиз. Биринчи, ирқчилик ғояларини олға суриш. Бунинг натижасида фуқаровий низо ва ҳатто Аллоҳ қўрисин, фуқаролар уруш ўртага чиқиши мумкин. Шундай экан, ватанимизда ирқчиликнинг ҳеч бир кўринишига йўл қўйиб бўлмайди. Ўзбекистонда аҳолининг асосий қисми ўзбек миллатига мансубдир. Шунинг учун ҳам давлат тили ўзбек тилидир. Аммо миллий озчиликларнинг ўзбек тили билан бирга ўз тилларини ўрганиш ва миллий урф-одатларига амал қилишлари учун барча шартлар яратилиши зарурийдир. Иккинчидан, ахолининг асосий қисми мусулмонлардан иборат эканлигини ҳисобга олиб, Ислом динини ижтимоий ҳаётдан ажратишга қаратилган сиёсий тушунча ва ташаббусларга ўрин берилмаслиги керак. Бундай қилиш жамиятда диний масалаларда тушунмовчиклар, Ислом дини тарафдорлари ва унга мухолифлик қиладиганлар орасида низоларни келтириб чиқариши мумкин. Сиёсий масалада йўл қўйиб бўлмайдиган учинчи хусусият эса, Ислом динини ўзлаштириб олишни истайдиган тоифаларнинг жамиятдаги мутлақ ҳукронлигига йўл қўймасликдир. Бундай тоифалардан бири ўзларини диний “зодагонлар” ҳисоблайдиганлар тоифасидир. Ислом динида зотан бундай “мақаддас оталар” тоифаси йўқдир. Яна шундай тоифалардан бири мусулмонлар орасида тахтни эгаллаб, уни ўз мол-мулкига айлантиришни, эгаллаб олган тахтини ота-бола, қариндош-уруғлар орасида тақсимлашни истайдиганлар тоифасидир. Булар салтанат пешволари ва уларнинг ҳамтовоқларидир. Мусулмонларнинг тажрибаси уларнинг бундай тоифалар (диний зодагонлар ва салтанат пешволари) томонидан бошқарилиши жамиятнинг бутун соҳада орқага кетишига олиб келишини кўрсатди. Шундай экан, сиёсий масалада ҳам мусулмонлар фаол бўлиш, ўз раҳбарларини сайлаш, уларни танқид қилиш ва лозим бўлганда уларни лавозимдан четлатишни йўлга қўйишлари керак бўлади. Сиёсий эркинлар масаласида энг муҳим масала аввало жамиятда соғлом эътиқоднинг, маърифатнинг, яхши ахлоқнинг, ижтимоий адолатнинг устунлигига ва иқтисодий барқарорликга эришишдир. Мана шу беш омил жамиятда сиёсий тўполонларнинг олдини оладиган асосий омиллар ҳисобланади, деб ўйлаймиз.
Энди мавзунинг бошига қайтайлик: Ҳозирги вазиятда “Нима қилишимиз керак”, деган саволга Ўзбекистон халқи Ислом Каримов диктатурасига қарши Қўзғолон қилиш керак, деб жавоб бердик. Бундай қўзғолон натижасида Ўзбекистондаги диктатура тугатилиб, унинг ўрнига эркинлик, ҳуқуқ ва адолатга асосланган фуқаровий жамият қуриш мақсадга мувофиқ, дедик. Бундай эркин жамият фуқароларга сўз, фикр, эътиқод, матбуот эркинлиги, турли ташкилотлар ва жамиятларга аъзо бўлиш,эркин сайловлар ўтказиш, уларда раҳбарларни сайлаш эркинлиги беришини таъкидладик. Бу эркинликларни амалий ҳаётга қандай тадбиқ қилиш ҳақида ҳам қисқа мулоҳазалар билдирдик.
Энди, масаланинг охирги қисмига ўтайлик: Бу Мисрда ва Тунисда амалга оширилган халқ қўзғолонни Ўзбекистонда қандай амалга оширамиз, деган масаладир. Бундай қўзғолонни ватанимизда амалга ошириш учун аввало уни бошқарадиган сиёсий куч, яъни ташкилот бўлиши шартдир. Бундай ташкилот ўз фаолиятига халқимизнинг эътиқодий ва миллий қадриятларини, мусбат умуминсоний қадриятларни (сўз, матбуот, сайлов эркинлиги ва ҳк) асос сифатида олиши керак. Яна бундай ташкилот жамият тараққиётининг ҳар қандай ҳаддан ошишлардан узоқ, ўрта, мўътадил йўлини танлаши керак. Бундай ташкилотнинг фаоялиятларини ўзаро маслаҳатлашиш билан олиб борадиган кадрлари, мамлакатимизда ва хорижий давлатларда танилган раҳбари бўлиши керак. Ўзбекистон Халқ Ҳаракати мухолифат ичида мана шундай талабларга жавоб берадиган асосий ташкилотдир. Ўзбекистонда Халқ Қўзғолонини амалга оширишнинг иккинчи шарти эса халқимизнинг илғор тоифаларининг (зиёлилар, талабалар, фермерлар ва ҳк) ЎХҲда бирлашиб, қўзғолон учун қулай вақт келиши билан уни амалга оширишларидир. Бундай қулай вақт учун шартлар етишиб келаётгани ҳаммага маълум. Бу шартларга мисол сифатида Ўзбекистон ҳукуматининг зулм ва порахўрлик батқоғига ботиб, бошқарувни қўлдан чиқара бошлаганини, бундай зулм сиёсатидан халқимизнинг ниҳоятда норозилигини, кадрларнинг қатоғон қилиниши натижасида мамлакат бошқарувида поракандалик бошланганлигини, нарх навонинг ошиб бориши халқни янада кўпроқ ғазаблантираётганини, ЎХҲ тарғибот ва ташвиқотларининг Ўзбекистон аҳолиси ичида оммавийлашиб бораётганини кўрсатишимиз мумкин. Демак, Ислом Каримов диктатурасидан қутулишни истаган инсонларимиз ЎХҲ дастури билан яхши танишишлари, уни билмайдиганларга ҳаракатимиз фаолиятини таништиришлари ва бу йўлда бирлашишлари керак бўлади.
Ушбу мавзудаги қўшимча материал: http://www.uzerk.org/archives/7330
Намоз Нормўмин, ЎХҲ Муассислар Мажлиси аъзоси
15 март 2012 йил.