O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Нима қилмоқ керак?

Нима қилмоқ керак?
164 views
20 March 2013 - 13:20

(Қўрқоқлар ўқимасин)

Ўзбекистонимизда қандайдир бир шпиономания, ватан хоини ва кишиларни даҳшатга солиб турадиган шунга яқин атамалар мавжуд. Эмишки, фалончи Миллий Хавфсизлик Хизматининг агенти. Ундан эҳтиёт бўлиш керак. Ёки кимларнидир АҚШ Марказий Разведка Бошқармасининг (МРБ) агенти деб аташади. Аслида у ёки бу давлатнинг агенти, нолегал фаолият олиб борадиган жосус шахсларга нисбатан мутлақо зарарсиз ва  ўзи хизмат қилаётган разведка бошқармасининг топшириқларини бажараётган жонкуярлар бўлишади. Уларнинг мақсади – маълум бир давлатнинг бошқарувига, ёки унинг технологияларига зарар етказиш, ёки бўлмаса бу йўналишда олиб бораётган ишларидан ўз “иш эгаларини” огоҳ қилиш бўлади.

Хорижда ва ватанимизда мухолиф кучлар орасига кириб олиб, бузғунчилик, ёки МХХ га маълумотлар етказиб турганларни эса агентлар, жосуслар тоифасига киритиб бўлмайди.  Улар шунчаки “мухтабирлар” (русчада “доносчик”), “қулоқлар” (стукачлар), “ихборчилар” (режимга керакли маълумотларни етказувчилар) бўлишади. Энг кенг тарқалган ва қўлланиладиган атама бўйича улар “сексотлар” – яъни махфий ҳамкорлардир.

Махсус хизматларининг айни турдаги “ҳамкорлари” халқ учун хавф етказадиганлардир. Аслида улар давлат хавфсизлигини эмас, маълум бир режимнинг хавфсизлигини асрашади. Улар учун муқаддас бир туйғу, ғоя мутлақо мавжуд эмас. Ҳар қандай мамлакатнинг хавфсизлик хизматлари бир-бирлари билан тил битриктира олишади ва бир-бирларини қўллашади. Масалан, Ўзбекистон МХХ билан АҚШ МРБнинг олиб бораётган ҳамкорлиги Ислом Каримов режимини “Араб баҳори” каби инқилобий ўзгаришлардан асраб қолиш. Нега? Чунки АҚШ ҳукумати учун Ўзбекистон халқининг озод, фаровон турмуши эмас, балки Ислом Каримовнинг тахтда бардавом қолиши муҳим. Чунки унда куч бор, унда қатъият бор! Энг асосийси, унда сионизмга, Исроилга  садоқат бор.

Масалан, Эрон мухолифати ҳам хориж мамлакатларида фаолият олиб боради ва АҚШ ҳукумати Эрон мухолифатини очиқчасига қўллаб келади. Нафақат АҚШ, балки Исроил ва Европанинг бир неча мамлакатлари айни  йўналишда фаолият кўрсатади. Бунинг сабабини изоҳлаш жуда осон.  Эрон ҳукумати Исроил ва сионизмга, ҳамда АҚШ ҳукуматига қарама-қарши сиёсат олиб боради ва шунинг учун ҳам уларни йўқ қилишда ҳар қандай кучдан фойдаланиш, унга қарши турган ҳар қандай кучни қўллаш зарур.  Эронда инсон ҳуқуқларининг топталиши эса иккинчи, балки учинчи даражадаги масаладир.

Дейлик, Эронда Ислом Каримовга ўхшаган бирор диктатор ҳокимиятга келсин, бирор демократик мамлакат унга қарши бирор фаолият кўрсатмайди, ҳаттоки инсон ҳуқуқларини ҳурматлашга ҳам чақирмайди. Айни шундай манзарани Саудия Арабистони мисолида кузатиб турибмиз. Саудияда балоғатга етмаган қизалоқни 95 ёшли чол ҳам хотин қилиб олаверади, Худонинг берган кунида намойишкорона тарзда одамларнинг бошини кесиб ташлашади – булар ҳаммаси Саудия Қироллигининг ички ишлари ва уларга аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! Антиқа пародокс! Шундай эмасми?

Айни дамда дунё бўйлаб Каримов режимини асраб қолиш ҳаракатлари ҳам бораяпти ва бунда дунёнинг бир неча мамлакатлари махсус хизматлари иш олиб боришмоқда. Шу жумладан Швециядаги SÄPO ҳам бу мамлакатда яшаб келаётган ўзбек сиёсий қочқинлари атрофида ўралашиб қолди. Сабаби эса яқиндагина ойдинлашди. Ўзбеклар қайси мамлакатда яшаётганидан қатъи назар, ўша мамлакатлардаги нодавлат ташкилотлари, ҳамда Оммавий Ахборот Воситалари (ОАВ) билан яқин бўлмоқликлари керак. Айтмоқчи бўлганимиз, сиёсий фаол бўлган ўзбеклар! Юрагини ҳовучида олиб юрадиган, чумчуқ “пирр” этганда ичидан “ширр” этиб, бир нималар ўтиб кетадиган ўзбекларимиз учун эса ҳеч қандай хавф йўқ. Дунёнинг исталган бурчагида ҳам улар бемалол яшайверишади. Чунки дунёни сув босса ҳам, улар ўзим чиққан тепа омон бўлсин, деб индамай ўтираверишади ва улар қайси динда, ёки қайси сиёсий гуруҳда бўлишликларидан қатъи назар – улар биздан эмаслар!

Бу ёзаётганларимиз миллатнинг марди майдон ўғлонлари ва қизларига қаратилган. Демак, бизнинг мақсадимиз Каримов режимини ағдариб, ватанни диктатор зулмидан озод қилиш ва бу йўлда йигирма йилдан ортдики, сарсон ва саргардонмиз. Сабаб оддий: бизни қўллайдиганлар йўқ, бор бўлганида ҳам биз билан қизиқаётганлар бармоқ билан санарли. Уларнинг ҳам бир нечтаси одатда Ўзбекистон МХХнинг мухтабирлари бўлиб чиқади. Қандай жирканч бу – мухтабир (доносчик) дегани. Уларнинг дастидан ватанимизда янгидан янги қама-қамалар, одамларни қийнаб ўлдиришлар, сохта айбловлар тўхтовсиз давом этаверади. Халқ эса айниқса мана шу мухтабирлардан қўрқади: “Ҳой, жи-им, деворнинг ҳам қулоғи бор”, дея шивирлашга ярайди холос.

Олдимизда ё ўлим, ёки ҳадафга етишишдек буюк бир миссия турибди ва кимдир бунда қатъий бўлади, кимдир йўқ. Лекин бу бизни қўрқитмаслиги керак. Зотан бугун ким бизга қарши ишлаганини, ҳаттоки халқимизга қарши ишлаб миллатимизни каримовчиларга қул қилиб қўйганлигини ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз. Аммо бу кураш давомида яна неча ўн йилни ютқазамиз, мана буниси кўпларни қизиқтирса керак. Вақтни қўлдан бой бермаслик учун эса миллат фарзандлари қай тоифадан бўлмасин, улар билан бирлашиш зарурати ҳар кунгидан-да муҳимроқ бўлиб турибди.

Масалан, Каримов режимига душман бўлган шахс эҳтимол коммунистдир, демак у биз билан бўлиши даркор. Биз учун сиёсий фаол коммунист лоқайд диндордан кўра яқинроқ. Чунки лоқайд мусулмон ҳамма нарсани Аллоҳнинг ўзи қилиб беради, деб фаоллик йилларини асрларча кутишга чўзиб юборади. Унинг ўша мухтабирлардан кам жойи йўқ. У Аллоҳдан эмас, кўпроқ режимдан қўрқади ва ўз шахсий хотиржамлигини ўйлаб, бемалол ёлғон гапираверади.

Айни шу назариядан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ўзбек мусулмонлари орасида ҳам Каримов режимига душман бўлганлар бор ва улар ҳам биз билан бирга бўлмоқликлари лозим. Сиёсатни динлар белгилайдиган замонлар ўтиб кетган ва энди қайтмайди. Ҳозирги давр сиёсатини эса халқлар белгилай олади. Ҳар неки, бизнинг ватанда. АҚШда халқ сиёсатга таъсир қила олмайди. Уларда сиёсатни Рокфеллерлар белгилайди.

Ҳозирда қилиниши керак бўлган ишлардан яна бири, собиқ Совет Иттифоқи ҳудудларида янги бир иттифоқни барпо этиш, бунда бирорта буюк миллат бўлмасин, аммо у сионизм деб аталадиган бало олдида қалтирамасин. Мана шу ҳудуддаги мухолиф кучлар бирлашиб, шунақа иттифоқни туза олсалар, у ўзбеклар учун ҳам озодлик сари ташланган ката қадам бўла оларди. Ёлғиз ҳолда биз тиш тирноғигача қуролланган, ҳамда АҚШ ва Исроилнинг ҳимоясида турган режимга қарши бора олмаймиз. Дард устига чипқонга ўхшаб, халқимизнинг каттагина бўлаги бошини кўрпанинг ичига тортиб яшайдиган қўрқоқлардир!

Миллатдан бугун сўралаяпти: “гапир, фикринг хато бўлса ҳам уни айтгин!” Лекин бу миллат уни айта олмайди. Ундан кўра “ҳу анави ёмон, ҳув манави сотқин” деб бошқаларга ишора қила олади холос. Бу аҳволда Каримов режими абадий қолаверади азизлар!

2015 йилда Гулнора Каримова тахтга ўтиради, кейин яна бир Ислом Каримов вояга етиб келаяпти. У ҳам тахтга ўтирмоқчи. Ёш Ислом Каримовнинг ҳам боласи бўлади албатта ва у ҳам тахт истайди. Токи келажакда каримовлардан қайсидир бири жаҳон сионизми олдида бошини тик тутмаганича уларнинг сулоласи ҳокимиятни бошқариб тураверади. Каримовлар ҳеч қачон сионистлар олдида бошини тик тутолмайди! Демак, улардан халос бўлишнинг якаю-ягона йўли – собиқ Совет Иттифоқи ҳудудларида янги бир иттифоқни барпо этиш бўлиб қолаяпти. Бизга бундан бошқа йўл йўқ! Пашша қўриб ўтиравериб, осмондан чалпак ёғишини кутаётган ватандошларимиздан умидни узган маъқул! Улар ҳам ҳеч қачон мағрур бош кўтара олишмайди. Фарқи йўқ уларнинг қайси динда, қай мазҳабда, ёки умуман динсиз эканлиги. Аслида биз учун ўзбек ароқ ичадиган, номусулмон бўлса ҳам, режимга қарши курашадиган бўлса – мана бу муҳим!

Ўзбекистон Халқ Ҳаракатини (ЎХҲ) террористик ташкилот деб кўрсатишга уринаётганлар кўп. Аммо бунда ташкилот ичида турган террорчини, ёки бу ташкилотнинг бирор террористик хужум уюштирганини биров кўрсата олмайди. Лекин буниси муҳим эмас! Мақсад – мана шу ташкилотдан ўзбекларимиз узоқроқ туришига эришиш лозим. Бу МХХ мухтабирларининг мақсади. Улар элнинг юрагини қамраб олган қўрқув ҳиссидан унумли фойдаланишмоқда, афсус билан шуни эътироф этиш лозимки, улар мақсадларига ҳам  етишаяпти.

Демак, бу элдан умид бор, лекин жуда кам. Нима қилмоқ керак? Камина ўз фикримни келтирдим. Тўғри, ёки нотўғри фикр бўлишидан қатъи назар, бу бир фикр холос. Сизда қандай фикр бор, азиз ватандош?  Фикрим нотўғри бўлса, уни танқидга тутинг ва яхши йўлни кўрсатинг. Фақат Аллоҳнинг ўзи ҳаммасини қилиб беради, биз ибодат қилиб ўтираверишимиз керак деб, қўрқоқлигингизни хаспўшлайдиган бўлсангиз, яхшиси ибодат қилиб ўтиришда давом этинг. Фикрингиз керак эмас! Шунинг учун ҳам мақоланинг аввалбошидаёқ уни қўрқоқлар ўқимаслигини сўрадик.

Тўлқин Қораев
Швеция