Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
БУ КУНЛАР
(84-қисм)
Кичик хулоса
Кишида биронта касалликка чидам қобилияти камайса ё йўқолса, танаси ўша касалликка чалинувчан бўлиб, унга қарши курашолмай қолади.
Тил ҳам худди шундай: ўзини сақлаш қобилиятини йўқотса, чеккадан бостириб кирган ҳар қандай “ахлат”ни қабул қилиб олаверади. Тилга муносабатда тушкун кайфият шунинг учун ҳам хавфлидир, бундай ҳолатдан қанча тез қутулсак, шунча яхши.
Оллоҳга шукр, тилимизнинг ўзини сақлаш қобилияти, анча кучсизланиб қолган демаса, ҳали-ҳозир буткул йўқ бўлиб кетмаган. Бир оз унутилган, ишга солинмаяпти, лекин бор. Бу қобилиятни қўзғаб, тил сандиқларимизни титкилашга ва ота-боболаримиздан қолган туркона сўзларимизни излаб топишга озгина хафсала керак, холос.
Ўзимиз ялқовмиз.
Сўзлаётганимизда ё ёзаётганимизда, айтмоқчи бўлган фикрларимизни ўзимизнинг тилимизда ҳам жаранглатиб ифодаласа бўладими-йўқми деб ўйлаб кўришга-да эринамиз ва тилимизнинг ичкари (маҳрам) ҳовлисига, суриштирмай-нетмай, ичкарининг эҳтиёт чорасини кўрмай, четдан ёт (номаҳрам) сўзларни осонгина киритиб юбораверамиз.
Хўш, нима қилса тил тоза сақланади, обрўйи ҳам кўтарилади?
Бу масалада “биринчидан”, “иккинчидан”… “тўртинчидан”… “ўнинчидан”… деб анча чора-тадбирни айтса бўлади.
Энг муҳими – тил миллий давлатчилик асосларидан бири эканми, биринчи галда давлат тилни доимий ҳимоясига олиши керак.
Замон ўзгарди, янги шарт-шароит юзага чиқди, энди Тил тўғрисидаги олдинги қонун ҳам эскирди. Янги замон, янгича шароитлар тил соҳасида ҳам деярли ҳар куни янги-янги масалаларни ўртага қўйяпти. Йигирма йиллик тажрибалардан чиқиб келиб, бугун тил ҳақидаги қонунни тубдан янгилашимиз, янада такомиллаштиришимиз лозим. Бу қонунда, жумладан, жой номларини, атамаларни, четдан кираётган сўзларни ёзувда қандай ифодалаш йўл-йўриқлари, унутилиб кетаётган сўзларни асраб қолишнинг чоралари, чеккадан сўз қабул қилиш тартиблари майда-чуйда нуқталаригача ҳисобга олиниши, мустаҳкам чегаралар қўйилиши керак.
Бунинг устига, кейинги йилларда ҳаёт имло қоидаларига ҳам жиддий ўзгартишлар киритишни тақозо этяпти. Ҳозирги лотин алифбоси асосида яратилган имлода анча-мунча камчилик борлиги билинди.
Давлат худди шу жараённи назоратига олиб, бошқариб туриши керак. Бу иш ниҳоятда долзарблигидан ҳозирги паллада тил билан шуғулланадиган махсус вазирлик ташкил қилса ҳам арзийди ҳатто. Бугун илм, фан, маданият, техника жуда тез юксаляпти. Бу жараён ичида янги-янги сўзлар ҳам бостириб кириб келяпти тилимизга. Биргина кампутир ё қўл тилпонини олинг. Ҳали буларнинг “тили” ўзбекчалаштирилмади!
Таклиф қилаётганимиз вазирлик қошида моддий-техник янгиликларга тегишли махсус ўзбекча луғат тузадиган, бу иш билан ҳар куни шуғулланадиган ишчи гуруҳлар бўлиши керак.
Биз бу борада аллақачон кечикиб бўлдик: тилпон ва кампутир амалларини бошқарадиган тил яна-тағин ўрисча бўлиб қолди. Халқимиз оғзидаги “СМС ёз”; “Лайк бос”; “Сохранить қил”; “Фалончининг профили”; “Отправитьни бос”, “шаре”, “тег”, “Поделиться қилдим” (ва ҳоказо) каби юзлаб ифодаларга бугун қулоқларимиз ўрганди. Тилпон ва кампутир тили ўз вақтида ва қулай ҳолда ўзбекчалаштирилмагани натижасида одамлар тилига топшириқларнинг ўрисча-инглизча шакли ўрнашиб бўлди!
Бу масалани оддий одамлар ўйламайди. Бошиданоқ давлат ўйлаши керак эди. Чунки бу иш давлатнинг бўйнида. Тилни ўйласа, пулни аямасди. Афсус, давлатимиз муаммони арзимас санади ва бу соҳада тилимизни бой бериб, тараққиётга қурбон қиляпти.
Ҳали ҳам кеч эмас. Такрор айтаман: вазирликми ё бошқа бир номдами махсус тузилма ташкил этиб, ишни тил билағонларига топшириш лозим.
Бошқариш нимага керак?
Тил ҳодисаларини бошқариб бўлмайди дейдиганлар, дўст бўлса, хато қилади, душман бўлса, тилимизни бузиш учун атай шундай дейди. Тил ҳам бошқарилади ва бошқарувга муҳтождир.
Масалан, четдан келаётган товарлар юртга роса текшириб киритилади. Бунинг учун махсус божхоналар бор. Қонунга қаралади, шу товар мамлакатга кирса бўладими ёки тақиқланганми – ўрганилади. Тақиқланган бўлса, чегаранинг ўзидаёқ ушлаб қолинади, киритилмайди. Устига устак, қонунда тақиқланган товарни киритмоқчи бўлганларга қарши жазо чоралари қўлланади: моли мусодара қилинади, эгасига жарима солинади… ва ҳоказо.
Нега тилимизнинг божхонаси бўлмаслиги керак? Тил қонунига тегишли моддаларни битайлик-да, чеккадан киришга уринаётган ҳар бир сўзни тил божхонасидан ўтказдирайлик. Буни фақат давлат қила олади. Кираётгани ҳам марҳамат қилиб божини тўлаб қўйсин, ўзининг мақомини билсин, мезбон тилни ҳурмат қилсин, ана ундан кейин кирсин. Қолганлари чегараданоқ ватанига қайтиб кетаверсин.
Бу тажриба бошқа давлатларда бор. Тил қонунини ишлаётганимизда (“Қайта қуриш” паллалари) “Правда” газетида ўқиган эдим: Фарансанинг тил қонунига кўра, оммавий ахборот воситаларида бўладими, илмий, бадиий асарларда ёки атамаларда бўладими, четдан кирадиган сўзларга беш фоиз (5%)лик чегара қатъий қилиб қўйилган. Шундан ортиб кетса, муаллиф ва ношир жарима тўлайди. Муҳими – ҳар бир фаранг энг олдин жаримагача бормасликка, ўз тилини асрашга ҳаракат қилади, ҳурмат қилишга ўрганади.
Айрим олимларимизда, четдан сўз қўшилса тилимиз бойийди-ку, кирса нима қипти, деган хато тушунча бор. Бир тилда бор сўз устига кираётган ёт сўз ҳеч қачон тилни бойитмайди, аксинча, суриб чиқариши билан босқинчилик қилган бўлади ва мезбон тилни қашшоқлаштиради. Худди бугун “кўчирмоқ”ни “эвакуация”, “қоровул”ни “секурити” сўзлари сиқиб чиқараётгани сингари.
Фикримизни битта “аввал” сўзи мисолида очиқлашга ҳаракат қиламиз. Шу битта сўзни ўринли-ўринсиз қўллайверишимиз натижасида тилимиз неча мартага камбағаллашиб кетганини ўзингиз кўринг:
- “Биринчи” маъносида. Нимагадир “Биринчи келди” демаймиз, “Аввал келди” деймиз.
- “Биринчидан” маъносида. Арабчада “аввалан… саниан… саласан…” деб саналади, бизда “биринчидан… иккинчидан… учинчидан…” дейилади. Лекин биз кўпинча, “биринчидан”нинг ўрнига “аввало”ни ишлатамиз.
- “Илк” маъносида. Нимагадир “илк фикр”, “илк палла”, “илк кунлар” (ва ҳоказо) эмас, “аввалги фикр”, “аввалги вақт”, “аввалги кунлар” дейишга одатланганмиз.
- “Олдин” маъносида. “Мен сендан олдин келдим” эмас, “Мен сендан аввал келдим” деймиз. “Олдин сен ўзингни таништир” десак ўзбекчароқ бўларди, лекин биз негадир “Аввал…” деб бошлаймиз гапни.
- “Бурун” маъносида. “Элдан бурун туриб олиб…” деган ифода кўпинча “Элдан аввал туриб олиб…” тарзида сўзланяпти.
- “Эски” маъносида. “Эски ишлар” яхши эмасми? Нимага уни “Аввалги ишлар” дейишимиз керак?
- “Ўтган” маъносида. “Ўтган гапларни кавлама” дейишимиз мумкин бўлган ерда “Аввалги гапларни кавлама” дейиш ҳам тилни камбағаллаштиришга киради.
- “Бош” (Бир ишнинг боши) маъносида. “Йиғилиш бошидан…” деб бошласа бўладиган жумлани “Йиғилиш аввалидан…” деб тузамиз.
- “Бош” (Вақтнинг боши) маъносида. “Бошидан бери…” ўрнига “Аввалдан бери…” қўлланади.
- “Бир” (Саноқ боши) маъносида. “Бир бошдан сана!” ‒ “Аввал бошдан сана!”
- “Бир” (Тартиб боши) маъносида. “Қани, бир бошдан гапириб бер-чи” дейиш мумкин ва зарур бўлгани ҳолда тилимиз “Қани, аввал бошдан гапириб бер-чи” деб жумла тузишга келишиб қолди.
- …
Йўлакай эсимга келганлари шу бўлди, кимдир бу мисолни яна давом эттириши мумкин.
“Аввал” сўзи аллақачон ўзбекчалашиб кетган, гап уни тилимиздан сиқиб чиқариш ҳақида кетаётгани йўқ. Аксинча, бўлак бирон сўз унинг ўрнини боса олмай қолганидагина ишлатиш керак демоқчимиз. Тепада санаганимиз ўн битта сўз матнда ё нутқда келганида ҳар бирининг иккинчисига ўхшамаган ранги-туси бор. Мана шунақа ранг-туслар билан тил бой ҳисобланади. Энди ўн битта сўз ўрнига битта сўзни қўллашга ўтиб кетсак, тил битта шу маънонинг ўзида ўн бир мартага камбағаллашган бўлади. Ўн бировини ўрни-ўрни билан фаол ишлатган тақдиримизда ҳам бордию бир ўринда “аввал” сўзисиз ишимиз битмай қолсаю уни қўлласак, шундагина четдан қўшилган сўзни “тилни бойитяпти” деса бўлади.
Мустамлака шароитида тилга тегишли қонун-қоидалар моҳиятида қарам тилимизни иложи борича ўрислаштириш сиёсати ётарди. Унга кўра, масалан, ўрис тилидан ва ўрис тили орқали Оврупа тилларидан кирган сўзлар тилни бойитади деб ўқитишарди ва, бошқа бир қоидага кўра, четдан кирган сўзларни эгаси қандай талаффуз этса, ўзбек тилида ҳам айнан ўшандай айтилиши талаб этиларди.
Ҳалигача шу мустамлакачи, қалбаки ва хавфли “илм” таъсиридан қутулиб кета олмаяпмиз.
Аслида эса:
биринчидан, тиллар ички имконият (шевалар, қардош ва қариндош тил)лар ҳисобига бойийди, чеккадан сўзлар чорасизликдан киради ва кирганлари ҳаммасиям тилни бойитавермайди;
иккинчидан, агар четдан бирон-бир сўзни киритишга мажбур бўлиб қолинса, мезбон тил у сўзни ўзининг талаффуз қоидасига мослаб, яъни, ўзлаштириб, “ўзбекчалаштириб” қабул қилади. Масалан, бир пайтлар ўрисча “подряд”, “арестанть” сўзлари “пудрат”, “аристон” деб, ажнабийча “велосипед” сўзи “валасапит” деб, арабча “муслимун” сўзи “мусулмон” деб (ва ҳ.к.) қабул қилингани каби. Шундай ҳолдагина бойиш ҳақида гапирса бўлади.
Оммавий ахборот воситаларида тилни асраш, ҳолатини яхшилаш бўйича тинимсиз тарғибот-ташвиқот ишлари юритилиб, ҳар хил тил ўйинлари ташкил этиб, тил қайғусини халқ ҳаракатига айлантириб юборса бўлади. Шунда, Оллоҳ хоҳласа, беш-олти йил ичида тилимиз анча-мунча тозаланиб, миллийлашиб, қаддини тиклаб, мустақиллашиб оларди.
Тилни асраш бўйича халқ ҳаракатини ташкил қилса бўлишига яқин кечмишдан бир мисол:
Ўтган аср саксонинчи йиллари “Ёшлик” журнали таҳририятида ишлаб юрган кезларим махсус “Тил сандиғи” деган рукн очдим. Тилимиздан ва ёзувимиздан тобора тушиб қолаётган, кундалик муомаладан аста-секин чиқиб кетаётган (совет даврида “архаик” – “эскирган” деган тамға билан атай сиқиб чиқарилаётган), лекин халқ тилида шевалар кўринишида яшаб турган нодир сўзларни тўплашни орзу қилган эдим.
Халқ қўллади, хатлар ёғилиб кетди, танлаб, жўрнолнинг ҳар сонида эълон қилиб бордим – тил ҳаракати юзага келди. Теша тегмаган юзлаб сўз топдик. Афсус, иш жойим ўзгариб, ниятимни охиригача амалга ошира олмай қолдим, лекин совет даврида тилимизнинг бойлиги ва бойиш манбаларини кўрсатиб қўйганимиз бугунги газ билан ўлчаганда ҳам катта ижобий ҳодиса бўлди.
Ҳарҳолда, халқимиз тилида ҳамма нарсага мустақил от қўя билиш, ҳамма ҳодисани ўзбекона ифодалай олиш қобилияти борлиги очиқ билинди ва билдирилди.
Тил халқнинг оғзида яшашини, одамлар бир сўзни айтмай қўйса, тил олдинига камбағаллашиши, бора-бора ўлишини сўзимизнинг бошида айтдик.
Чиндан ҳам, бирон нарса ё ҳодисага мустақил от қўя олмаган тил ожиз ва нотавондир. Оллоҳга шукр, ўзбек тилимиз ҳозир ҳам жуда унақа ожиз, нотавон бўлиб қолгани йўқ. Унга илгариги қудрати, қобилияти эслатилса, бир силкиниб, ўзини ўнглаб олишига ишончим комил.
Бундан ўн йилча бурун қишлоқларимизда жуда майда, оқиш бир ҳашорат пайдо бўлиб қолди. Бир жияним гап орасида уни “кепакчивин” дегандай бўлди. Олдин кепакчивинни кўрмаган ҳам, эшитмаган ҳам эдим. Айтишича, бу ҳашорат ғўзаларга боғлиқ бир сабаб билан кейинги замонларда чиққан. Ўзи кепак заррасидай кичкина, кўзга элас-элас кўринади, товуши ҳам йўқ, лекин чақиши чивинникидан баттар. Шу ҳашоратга ҳамқишлоқларим “кепакчивин” деб от қўйишибди. Ўксик кўнглимга бир малҳамдай туюлди. Хайрият, тилимизда нарса ва ҳодисаларга от қўйиш қобилияти тўласича сўниб кетмабди!
Демак, ҳали умид бор. Иншаоллоҳ, ўзбек тили эски лаёқатини тиклайди, ўлмайди. Юракларимизни яйратиб, ақлларимизни шошириб, то қиёматгача яшайди.