НИШОНЛАР АЛЛЕРГИЯСИ
Раҳматли отам Мадаминбег Бегжонбег ўғлининг Иккинчи Жаҳон Урушида олган беш-олтита нишони бор эди.
Улардан иккитаси катта кумуш танга шаклидаги “За отвагу” медалини беш ёшимда кўксимга тақиб ўйнаганим эсимда.
Бу менинг нишонларга ҳурмат борасида илк тажрибам эди.
Кейин бошланғич мактабда “пионер”лар тақадиган “қизил галстук” ҳаётимга кирди.
Бу қизил матоҳни бўйнимга тақар экан, ундан чиққан “шитирди”дан туйган ғалати ҳисни ҳали ҳам хотирлайман.
Нишонларга нафрат ВЛКСМ (комсомол) нишонидан бошлади. Уни бир неча марта йўқотиб кўйиб, муаллимдан дакки эшитганимни эслайман.
Совет армиясида хизматим даврида ҳам мени ҳар хил нишонлар таъқиб этди. Аммо уларнинг ҳеч бирига лойиқ ҳурматни кўрсатмадим: уларни тақмадим.
Аскарликдан сўнг, 1970 йил Тошкент Давлат Университетининг журналистика факултетига кирдим.
Нишонлар таъқиби бироз тўхтади.
Талабалик йилларим совет нишон-символларига қарши маънавий жиҳодимнинг энг интенсив йиллари эди.
1975 йил Тошкент Университетини битирдим.
Диплом билан нишон ҳам беришди.
Мовий-оқ қоришиқ бир ромб эди, янглишмасам.
Дипломни олган куним раҳматли хоразмлик шоир Қадам Саидмуроднинг уйига зиёфатга бордим.
У ерда Университетдан олган нишонимни Қадамнинг кичик ўғлига ҳадя этдим.
Бу мустамлака нишонларига қарши сўзда эмас, амалда муносабатим эди.
У пайтларда Ўзбекистонда Қирим (татар) турклари гуруҳидан бошқа бир диссидент ҳаракати йўқ эди.
Биз уларга ҳавас билан қарар эдик. 70 -йиллар урталарида Мустафа Жамил ва генерал Григоренконинг диссидентлик мужодаласини таъқиб этардик.
Раҳматли Рауф Парфи билан Олмазордаги бир эски уйда қиримлик қардошларимизнинг “гизли суҳбат”ларини тинглардик. Уларнинг кўксидаги миллат севгиси биз учун энг гўзал нишон эди. Биз ана шу нишонга ҳавас қилардик.У пайтда Мустафа Жамил оғамиз Янгийўлда яшарди, аммо ҳаракатнинг юраги яна у эди.
70-йил ўрталарига келиб, Совет режимининг ҳур фикрга қарши сиёсий тазйиқи биздаги маънавий қийматлар мезонини радикал ўзгартирган эди.
“Бирорта урушда қатнашмай туриб,
Ҳеч кимни ўлдирмай,
Асирга тушмай ҳам
Олтмишга кириши мумкин одамзод.
Ҳеч қачон ҳарбийга бормаган,
“Тил” тутиб келмаган бобо билан ҳам
Фахрланиши мумкин набира.
Байроқни ўпмай ҳам,
Қасам ичмай ҳам
Ватанни сотмаслик мумкиндир!”
(1981)
“Олис табассум сояси” – 1986
Янглишмасм, 1976 йил эди, бир ошномиз(ҳозирда депутат)нинг Талабалар Шаҳарчасига яқин ҳовлисида Рауф Парфи, Иброҳим Ҳаққул, Аҳмад Аъзам, Эркин Аъзам, Аҳмад Аъзам ва яна ёши кичикроқ бир неча қаламкаш “истилочи Совет режимида ва унинг вассали Ўзбекистон маъмуриятидан ҳеч қандай нишон, мукофот олмаймиз”, деб онт ичдик.
Гўё Совет режими бизга нишон тақиш учун ошиқиб тургандай!…
Лекин шундай бир эҳтимол йўқ эмас эди.
Ҳатто бу таҳликанинг оёқ сасларини эшитиб, 1979 йил ёзганим бир мақолада тенгдошларни огоҳлантиргандим гўё:
“Ҳар бир иқтидорли шоирни “машҳур бўлиб кетиш” хавфи таъқиб этиб юради. Таъқиб унинг адабиётдаги биринчи қадамлариданоқ бошланади. Бу хавфдан энг талантли шоирларгина қутулиб кетиши мумкин, аммо улар ҳам бир куни қўлга тушади: 60-йиллар ўзбек шеъриятини таҳлил этган танқидчи ёш шоирлар қаторида “Р.Парфи” деган исмсиз шарифни эътироф қилган эди.70-йилларнининг мунаққиди эса, бу таҳлилни ривожлантирди. У шоирнинг бир шеърини келтирди, мақтагандай бўлди ва … охирида “бироз мавҳум” деган гапни айтди-да, бутун танқидчиликнинг оғзига сақич солиб қўйди…” (“Икки шоир ҳақида бир оғиз суз”,1979)
Ҳақиқатан ҳам, зикр этилган уйда тўпланган ўша гуруҳ аъзоларидан биттаси(энди ҳар ҳолда халқ ёзувчиси) 1980 йилларга келиб, ўз сўзини тутаолмади. Қайсидир асари учун “Ленин Комсомоли” нишонини олди.
Уни ўзаро ” дўстона сазойи” қилган бўлдик.
Аммо бу “кор қилмади”.
Ўша уйида тўпланганларнинг аксарияти (Рауф Парфи хориж) навбатма-навбат бу ширин Тузоққа, севинарак туша бошладилар:
“Ўзгарар заминнинг жамоли,
Одам қиёфаси ўзгарар.
Муҳаббат ҳам бошқача:
Кечаги кўйлагин бугун киймайди.
Мардлик ҳам ўзгарди,
Кечаги мардлар
Бугун истеъфода, қарасаларки,
Бу хислат мазмуни кенгайиб,
Чуқурлашиб борар хотира каби!…
Бу-ку тураверсин,
Тузоқчи, у ҳам
Воз кечди ўзининг сийқа шаклидан:
Энди тепсида шабнамлар ёнар,
Булбуллар сайрайди унинг бошида,
Қошида товуслар керишади жим…
Унинг ўзи эса мутлақ тилладан!
Фақат таҳрир қилиш керак исмини.
(1979)
“Валфажр” 1985
Бутун совет нишонлари – тасвирланганимиз Тузоқнинг таҳрир қилинган исмлари эди.
Бизнинг миллиятчи мафкурамиз комммунстик мафкурага енгилди.
Сабаб объектив эди. 70-йиллар ўзбек жамиятида – бир-неча киши хориж – воқеликка миллий қараш шаклланмаган эди. Воқеаларни таҳлил этиш, ижтимоий позициясини белгилаш ва буни ошкор этиш анъанаси 30 йилларда Чўлпон, Фитрат, Беҳбудийлар билан бирга дафн этилган эди.
Бугун “кашф” қилинганидек, фақат Ҳамид Олимжон ва Ғафур Ғулом, Рамз бобожон ва Ҳамид Ғулом авлодлари эмас, балки Воҳидов-Орипов авлоди дохил, ундан сўнгра келган ора авлодлар силсиласи Совет мафкурасининг қўлида қўғирчоқ эдилар.
Улар учун режим берган ҳар қандай нишон инсонлик қийматини белгиловчи юксак мезон эди.
Шу боис, бу кишилар қўғирчоқлик мақомидан самимий фахрланар эдилар.
Мен уларни асло айблаётганим йўқ.
Бу бир дунёқараш масаласи чунки.
Биз томоша қилаётган манзара эса фарқли эди:
“Идоранинг эшиги
Бошқа эшиклардан фарқ қилмайди ҳеч.
Лекин ҳар идоранинг
Ўзига хос деразаси бор.
Ундан тикилганда кўчага
Уйингдаги каби
Онанг қараб турмас орқангдан.
Онадан ҳам азизроқ
Барча оналардан ҳам машҳур
Портрет тикилиб турар елкангга…
Сен бўлса, дераза рахида
Бирор марта мажлисга кирмаган
Чумчуқни кўриб ҳайратга тушасан!…
(1976)
(“Валфажр” 1985)
Бу шеърдаги ҳар деталнинг прототипи бор.
Масалан, “елкага тикилиб турадиган Портрет” 1976 йилда Брежнев портрети эди.
“Мажлис” – 1976 йилда Ғ.Ғулом нашриётида ўтказиладиган ўзини “халқ отаси” деб эълон қилган “ҳайбатли” директор Ҳамид Ғуломнинг мафкуравий мажлислари эди.
Бу “мажлис”га кирмаган чумчуқ эса – ўша нашриёт биносидаги “ишлаб чиқариш” бўлимининг деразаси рахида муқим ўтирадиган энг ҳайбатсиз, заволли бир қушча эди.
У даврда раҳматли Рауф Парфи билан “выпускающий” мақомида типографиялардан босилаётган китобларнинг гранкаларини нашриётнинг “мини-ҳайбатли” редакторларига ташиш каби “муборак” вазифани бажарар эдик.
Биз юқоридагидек очиқча антисовет шеърлар ёзар экан, уларни бостириш хаёлимизга ҳам келмас эди.
Аллоҳнинг мўъжизасига қаранг, 5 йил ўтар ўтмас бу “анти” шеърларнинг аксарияти айнан ўша “ҳайбатли” Ҳамиджон акамизнинг нашриётида чоп этилди!…
“…Қарғалган миллатнинг қозиси – тосиқ,
Олими – савдогар, илм сотиб яшар,
Шоирлари эса, ақлдан озиб,
Душмандан мукофот олмоққа шошар…”
(1983)
(Бу Брежнев даврини бугунги сиёсий режимлар билан муқоясисини сизга ҳавола қиламан. Мен бу матнга жорий сиёсатни қўшмасликни ният қилдим).
1990 йилда Олий Кенгаш депутати сайландим. Депутатлик мандати билан нишон ҳам беришди.
Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси байроғи шаклидаги бир нишон эди.
Уни бир марта ҳам таққаним йўқ.
Чунки нишон – биз ўша вассал билган давлат Ўз.ССР байроғи эди.
Бу нишонни 1992 йил 2 июл куни Олий Кенгашидан истеъфо этаркан, Каримов ўтирган жойга улоқтирдим.
Шу билан нишонлар таъқиби мен учун тамом бўлди, алҳамдулиллоҳ.
Муҳаммад Солиҳ
2020
Суратда: Мустафо Жамил Истанбулдаги уйимизда меҳмон