O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ниҳоятда пишиқ-пухта ўйлаб топилган қаллоблик ғилдираги

Ниҳоятда пишиқ-пухта ўйлаб топилган қаллоблик ғилдираги
186 views
03 June 2016 - 7:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(27-қисм)

Учинчи шох: Бунақаси дунёда йўқ

Ўзимизнинг мошинага тегишли яна бир тушунилмас ҳодиса: биринчидан, мошинага эҳтиёж кундан-кунга, йилдан-йилга ортиб боряпти ва неча йилдан бери тўхтовсиз ишлаб ётган Асака зовути мошинани ички бозорга – нақд оламан деб турган одамга етарли етказиб бера олмаяпти; иккинчидан, халқимиз кўпи камбағал бўлишига, мошинанинг давлат нархи эса отнинг калласидай эканига қарамай, устига яна “шапка”, “дўппи”, “чопон”, “дастурхон” каби номларда пора бериб бўлса ҳам оляпти.

Ошкоралик даври бўлганида-ку, қўлга қоғоз-қалам олиб чайқов алангаси гуриллатилаётган ўчоқ бошига шартта бориларди-да, ўчоқбоши-мутасаддилардан сўраб-суриштириб, атрофлича ўрганиб, тўғри хулоса чиқарса бўларди. Сўз эркинлиги йўқ шароитда икки-уч баравар кўп куч-ғайрат ва онг сарфлаб, тахминлар қилиб ўтиришимизга тўғри келяпти.

Бу масалада халқимизнинг ўзига хос хусусияти олдга чиққан кўринади. Ўзбек пул топса, қишда боласининг оёғига иссиқ патинка ё этик олиб бермайди, мошина мингиси келади. Уддабуронлар элимизнинг шу умумий
хусусиятидан фойдаланади. Ўзбек пул топса, уйи бир аҳволда, ҳатто муқим ҳожатхонаси йўқ… бўлса ҳам, тез мошина олгиси келади. Уддабуронлар элимизнинг шу умумий хусусиятидан фойдаланади.

Ўзбек пул топса, уни ўлиб-тирилиб, кимларгадир қул бўлиб, боласи тенгилардан отасидан эшитмаган ҳақоратларни эшитиб зўрға топгани эсидан чиқади ва… дабдабали тўй қилади, дастурхонга ароқни тўкиб ташлайди, шилта бир ашулачига роса дўллар қистиради – ҳаммасини бир кунда ҳавога совуради. Уддабуронлар элимизнинг шу умумий хусусиятидан фойдаланади.

Ўзбек пул топса, маърифатга сарфламайди, мен сендан камми қабилида қўшнисидан ўтгиси келади: қўшни “Дамас” олса, бу “Нексия” олишга, қўшни “Ласетти” минса, бу камида “Эпика” минишга ҳаракат қилади. Уддабуронлар элимизнинг шу умумий хусусиятидан фойдаланади.

Ўзбек пул топса, иши тезроқ битишини хоҳлаб қолади, навбатда тургиси келмайди ва пора узатиб бўлса-да, икки-уч кун ичида мошинали бўлгиси келади. “Устига икки юмалоқ кўкидан бердим, шу заҳоти калитни қўлимга тутқазворди!” деб мақтаниб маза қилади. Уддабуронлар элимизнинг шу умумий хусусиятидан фойдаланади. Ва…

…мошина савдосида ясама тахчиллик ҳосил қилиниб, йўқ ердан навбат яратилади!

Талаб катта бўлганидан кейин қайси уддабурон фойдаланиб қолгиси келмайди?! Зовут талабга яраша чиқариб улгурмаса, табиий, навбат ҳосил бўлади, талабга яраша ё ортиқча чиқарилган тақдирда ҳам “ўзбекистончасига” ясама навбат ясалади.

Мошина ўзимиздан чиқади, зовут тўхтовсиз ишлаб турибди, навбат нима дегани, деб ҳайрон бўлсангиз, “Ўзингизни овсарликка солманг”, деб кулиб қўйилади.

Масалан, ўзбек “Дамас”ни ёқтирди. Уни ишлатиб пул топса бўларкан. Бу ҳолдан биринчи галда давлатнинг ўзи фойдаланди – тани қанча нархга тушганига қарамай, сотувга отасининг баҳосини қўйиб чиқарди. Шунда ҳам одамлар тўхтамади, “Дамас”га ёпишаверди. Энди давлатнинг орқасига уддабурон ҳам мингашди – дарров ясама навбат ташкил этиб, шошилганларга “холис хизмат” кўрсата бошлади. 2000 (икки минг) дўллар “дўппи”сини берсин – марҳамат, мошина уники!

Ҳол бу ки, билағон кишилар айтишича, Асака зовутининг ҳовлиси ҳам, республика бўйича омборлар ҳам “Дамас”га тўлиб-тошиб кетган, фақат мошина дўконида йўқ. Борсангиз: “Пулини тўланг, навбатга қўямиз”, дейишади.

Ўзбек навбатга чидайдими?

Йўқ.

Демак, ҳалиги иш бўлади.

Ўзбек “Спарк”ни суйди – кўриниши замонавий, ҳам бензинни кам ичади. “Спарк” мошинасини тезроқ мингиси келган одам мошина дўкони (халқ тилида: автосалон) уддабуронига камида 2500 (икки ярим минг) дўллар “дўпписини кийгизади”, дўкондан шундай миниб чиқиб кетаверади. “Дўпписи”ни қизғонганларга қибла кўрсатиб қўйилади. Кутиб кўзинг қорайишини истасанг, навбатга тур, дейилади.

Масалан, Тошкентдаги “Роҳат” мошина дўкони (халқ тилида: автосалони) уддабуронлари айтишича, “Спарк”ка 2012 йил декабиридаёқ 2013 йил учун навбат тўлиб бўлган. “Январдан бошлаб 2014 йил учун буюртмалар қабул қиламиз”, дейди дўкончи.

Бу аҳволдан давлат хабарсиздир деб ўйламанг. Хабари бор. Давлат одамларнинг руҳиятини билади – қанча сиқса, қизиқиш шунча ортади. Яширган сарингиз, ёпишади. Шу боис “навбатни ташкил этувчилар”дан бири сифатида давлатнинг ўзи майдонга тушган. Давлат мошина савдосига алоқали уддабуронларга шерик эканига далиллардан бири – соҳа вазири ўринбосарининг хати билан дўкондан навбатсиз ва “дўппи”сиз мошин чиқарилишидир. Яъни, тепаларда ишлайдиганлар ёки тепаларда ишлайдиганларнинг танишлари вазирликка битта ариза ёзади, вазир ўринбосари имзо чекади, дўкондан хоҳлаган мошинасини миниб чиқиб кетаверади.

Демак, давлатнинг навбатдан хабари бор. Навбат туфайли кийгазилаётган “шапка”ю “дўппи”ю “чопон”лардан-чи? Бу ишлардан хабари йўқ десак, давлатга туҳмат қилган бўламиз. Чунки юқори доираларда визаланган аризаларнинг ўзи яққол далил-ҳужжатлардир. Ва бу ҳужжатлар Ўзбекистонда тепаларга аризасиз ва вазир ўринбосарининг имзосисиз мошинани навбат кутмасдан ҳамда давлат белгилаган нархда олиш имконсиз эканини, яъни, бу соҳада ҳам ишлар пачава эканини ўзига хос эътироф қилишдир.

“Навбат”дан яна бир мақсад кўзланган. Ҳеч диққат қилганмисиз, “навбат” пайдо бўлдию ойлаб кутиладиган мошина учун олдиндан пулини тўлаб қўйиш одати киритилди. Аста-аста кутиш муддати бир йилга, гоҳо ундан ҳам узоққа чўзилди. Бошларида умумий нархнинг эллик фоизи берилган бўлса, сунъий равишда тақчиллик ҳосил қилиш билан бу миқдор саксон беш фойизга чиқазилди. Таламош чоғи одам ҳамма шартга рози бўлворишини ўткир руҳиятшунос Давлат жуда яхши билади. Биров сезди, биров сезмай ҳам қолди: давлат Давлатлигидан чиқиб аллақачон айёр уддабурон бўлиб олган. Ҳали ишлаб чиқарилмаган маҳсулот учун сиз билан мен каби аҳмоқдан олдиндан пул олволяпти! Олган миқдори мошина таннархидан анча баланд! Демак, ҳали йўқ мошинани сотиб олувчининг пулига ишлаб чиқаряпти ва фойдасини ҳам анча олдиндан чўнтагига тиқяпти! Бунда кўптомонлама фойда кўряпти:

1. Мошина ишлаб чиқаришга ўз чўнтагидан бир тийин ҳам сарфламаяпти.

2. Сотиб олувчи пулига ишлаб чиқарилган мошинани сотиб олувчининг ўзига икки-уч баравар қимматига пуллаб, катта фойда кўряпти.

3. Ўзи ишлатган пул устидан эмас, сотиб олувчи пули устидан фойда кўряпти.

4. Ҳали йўқ товарга олдиндан йиғиб олган пулни йил давомида ёки ундан ҳам кўпроқ вақт хоҳлаганича айлантириб фойдаланяпти.

5. Сизнинг пулингизни бир йил бурун оляпти, бир йил давомида сиз у пулнинг ўзини ҳам, фойдасини ҳам кўрмайсиз, аксинча, унинг ҳузурини уддабурон давлат кўряпти!

6. Мантиқан қаралса, сотиб олувчи бир йил олдиндан катта пул бериб қўйгани ва “Давлат + зовут + уддабурон” қўшма корхонаси бу пулдан армонсиз фойда кўриб олгани эвазига мошина нархини тушириб бериши керак эди. Зотан, эсли дунёда ҳатто капиталист шундай қилади. Чунки унинг эсли халқи шундай бўлишини талаб этади.

Ўзбекистон бундан мустасно – нархни тушириб бериш ўрнига, ўртадаги шартномага: “Бордию мошина қўлга теккунича нархлар ўзгарса, фарқни сотиб олувчи тўлайди!” деган маънодаги моддани тиркаб, давлат чўнтакларимизни тўртинчи марта шиляпти. Халқимизни эси йўқ демаймиз, аммо ўз ҳақини талаб қилмасдан эси йўқнинг ишни қилаётгани аниқ!

7. Бутун мамлакат бўйлаб мошинага навбатда турганлар сонини ҳар бир киши олдиндан бераётган пул миқдорига кўпайтирсак, “хирмон”да жуда катта маблағ тўплангани кўринади. Давлатнинг ва давлат ҳимоясидаги уддабуронларнинг муғомбирлик даражаси ҳам шунақа улкан.

Ниҳоятда пишиқ-пухта ўйлаб топилган бу қаллоблик ғилдирагини тўхтатиш ўрнига туппа-тузук одамлар ҳам, орқада қолган – мохов, қабилида шу ғилдиракнинг бир чеккасига илашиб қолишга, таламош орасида ўзига ризқ чиқаришга тиришиб ётибди. Булар автодўконлардан навбатсиз мошина олиб чиқиб берувчи “холис кишилар”дир. “Шапка”, “дўппи”, “чопон”, “дастурхон”лар мана шу қатлам қўли билан у ёқдан бу ёққа ўтади.

Хуллас, мошина савдосидаги иш расво, лекин можаро булар билан тугамайди. Биз билмаганлари яна қанчадир. Савол туғилади: айб кимда? Айб менда, сизда, ҳаммамизда. Ва ҳаммамизни шунақа ҳолга тушириб қўйган Давлатда!

Тушунмайман, нимага мошинага бунча ҳирс билан талпинамиз? Хўп, керак. Хўп, ҳамма яхши яшагиси келади. Хўп, мошина тақчил. Лекин одам жичча ўзини босса, навбатини озгина кутса бўлади-ку? Нимага бунча таламош қиламиз? Кимлардир бизнинг сабрсизлигимиздан фойдаланиб қолишига имкон яратамиз?

Унинг ўрнига, ҳовлиқмасдан, олдин боламизнинг оёғига патинка кийдириб қўйиб, битмай ётган уйимизни битириб олиб, одамга ўхшаган бир ҳожатхона ва ҳаммом қуриб, ана ундан кейин, ўшанда ҳам қўшнининг мошинасига ҳасад қилмасдан, зарурат юзасидангина мошинага ҳаракат қилсак бўлмайдими?!

Шошилмасак, пора йўли кесилар ва давлат ҳам, уддабурон ҳам тўғри ишлашга, ҳатто мошинасини ялиниб сотишга мажбур бўларди! Чунки кирим йўли кесилишига капиталист чидамайди, эртасигаёқ шу савил мошинасини реклам қилишга тушади. Шунда ҳам олавермасак, дўконлар мошинага тўлиб кетиб (ахир зовут тўхтовсиз ишлаб турибди!), ярим насияга, балки ҳатто тўласича насияга бериш бошланарди.

Давлатни… кечирасизлар, камбағални урмай, сўкмай иштонини йиртиш керак! “Давлат + зовут + уддабурон” қўшма корхонасининг нафси ҳакалак отиб, ҳар қандай инсоф чегарасидан чиқиб кетдими, демак, унинг тегирмонини юрғизиб турган сувнинг йўлини тўсиш керак.

Мисол учун эртадан бошлаб бир йил, бор-йўғи бир йилгина сиз, мен ‒ ҳаммамиз бирданига мошина олмай қўйсак, ажнабийлар тили билан айтганда, бойқўт эълон қилсак, ўша заҳоти эси кириб қоларди. Чунки давлат ҳам, зовут ҳам, уддабурон ҳам мошина сотилсин дейди. Шундан фойда кўради. Сотилмаса, чўнтагига пул кирмайди. Чўнтагига пул кирмаса: уддабуроннинг уйқуси қочади, зовут ўтиради, давлат юраги ёрилади. Шунда у манфаатдор томонлар бир овоздан: “Марҳамат, хоҳлаган мошиналарингни хоҳлаганча шарт қўйиб олинглар!” деб ялина бошламаса, мана, биз кафил. Бутун дунёда шундай. Битта Ўзбекистон билан битта Кот Де Уварда бошқача.

Кот Де Увардан ҳам орқада қолмаслик учун халқимиздан озгина онг, озгина тўзим, озгина ғайрат талаб этилади, холос.

Тўртинчи шох: Бир бор экан, бир йўқ экан…

Ҳозир бир гап айтаман, бунга энди битта менинг эмас, ялпи дунё афкор оммасининг ақли етмаса керак:

Ўзбекистоннинг бир ҳарбий учоғи…

6 (олти) тўннами, 24 (йигирма тўрт) тўннами Ўзбекистоннинг тоза олтинини…

ҳеч қанақа ҳужжатсиз…

ҳеч қанақа текширувсиз…

давлат чегарасидан бемалол олиб чиқиб кетади…

“Бўлиши мумкинми шу???” деб сўраймиз ҳаяжонни кучайтириш учун орқасига учта сўроқ белгисини босиб. “Йўқ, бўлиши мумкин эмас!!!” деб юборасиз чексиз ҳайратингизни уч карра ундов билан ифодалаб. Нега бўлиши мумкин эмас экан, бемалол бўлиши мумкин, лекин фақат битта мамлакатда – Ўзбекистонда(!) бўлади бунақа ишлар…

деб оддий учта нуқта билан тугаллаймиз гапимизни.

Оддий ва одатий ҳолга оддий нуқталар-да.

Яна давом этамиз:

ҳалиги ўғри учоқ Ўрусияга бориб қўнади…

қўлга олинади…

“Эгаси ким?” деб сўралади…

Ўзбекистондан сас-садо (ҳарҳолда, одамларга эшитиладиган бир товуш) ҳам чиқмайди…

“Бўлиши мумкинми шу???” деб сўраймиз ҳаяжонни кучайтириш учун орқасига учта сўроқ белгисини босиб.

“Йўқ, бўлиши мумкин эмас!!!” деб юборасиз чексиз ҳайратингизни уч карра ундов билан ифодалаб.

Нега бўлиши мумкин эмас экан, бемалол бўлиши мумкин, лекин фақат битта мамлакатда – Ўзбекистонда(!) бўлади бунақа ишлар…

деб оддий учта нуқта билан тугаллаймиз гапимизни. Оддий ва одатий ҳолга оддий нуқталар-да.

Яна давом этамиз:

оламга ёйгулик бу хабарни эшитиб халқ уч-тўрт кун ҳафсаласизлик билан гапириб юрди…

бири, олти тўнна эди, деди, бошқаси эътироз билдириб, йигирма тўрт тўнна эди, деди…

бири, қизиники экан, деди, бошқаси кулимсираб, ўзиники экан, деди…

– баҳс бу ўзанда кечди…

ва ҳамма унутди…

Ҳеч ким бош кўтариб:

“Ҳой ватандошлар, бу олтинлар Ўзбекистонники эди, қаёқдан Ўзининг ё Қизининг қўлига ўтиб қолади?! Қаердан тўпланган ва қаерга юборилган эди у шўрлик, эгасиз, ватансиз олтинлар?!

Нимага ҳужжатсиз эди?!

У ҳарбий учоқ қайси ҳарбий қисмга тегишли?!

Унинг учувчиси ким?!

Қайси чегарадан қайси чегарачи уни ўтказиб юборди?!

Кимлар бу хазинани қўриқлаб кетаётувди?!

Бу ишга алоқадор кишиларнинг ва у ҳарбий учоқнинг кейинги тақдири нима бўлди?!

Битта майда ишбилармонни битта майда камчилик билан ушлаб, телевизорларда кўрсатиб оламга шов-шув қилишни вазифаси деб биладиган “ҳушёр ташкилотлар” қани, нимага олтин можаросига ҳеч қайсиси ғинг дея олмади?!

Давлат ва миллат хавфсизлигининг посбони – Миллий хавфсизлик хизмати қани?!

Қонун ҳимоячиси – республика пуркурорлиги қани?!

Қолаверса, у олтинларнинг эгаси қани?! Нимага ҳеч кимса панадан чиқиб, қароқчи Ўрусияга: “Қайтар у олтинларни! Мана мен унинг эгасиман! Мана ҳужжатим, мана яна фалоним!” деб Ўзбекистоннинг мустақиллигини кўрсатиб қўймади?!

Агар у олтинлар аслида ўғрилик бўлса, шунинг учун ўғринча олиб чиқиб кетишга уринилган бўлса, ичкарида нимага катта жиноий иш очилмади, нимага текширилмади?!

У олтинларни қайтариш ҳақида нимага Ўрусияга талаб қўйилмади?! Ёки у олтинлар мамлакатдан ўғринча олиб чиқиб кетилганидек, Ўрусия билан ҳам ўғринча “музокара” олиб бориб, аллақачон ўғринча қайтариб олиб келиндими?!

Бўлса бордир, чунки бизникилардан бу нарсаниям бемалол кутса бўлади! Хўп, агар у олтинлар Ўзбекистонга қайтариб олиб келинган бўлса, нимага бу ҳақда ғиринг дейилмади, халққа билдирилмади?!.

Шунча олтин изсиз йўқолиб кетиши мумкин эмас-ку?!

…каби ўжар саволларни ўртага ташламади! Яъни, шунча олтин бор эди, бир кунда йўқ бўлди, бутун дунё гапирди, улардан эшитиб халқимиз ҳам уч-тўрт кун минғирлаб юрди, қандайдир очиқлама бўлса керак, қайтаришни кимдир талаб қилса керак деб ҳамма кутди, бутун дунё кутди, аммо бизда одатий иш бўлди:

ўзи ҳам индамади…

қизи ҳам ҳам индамади…

тегишли идоралар ҳам индамади…

у олтинларга энг ҳақдор халқ ҳам индамади…

Ўзбекистон индамади!..

“Бўлиши мумкинми шу???” деб сўраймиз ҳаяжонни кучайтириш учун орқасига учта сўроқ белгисини босиб.

“Йўқ, бўлиши мумкин эмас!!!” деб юборасиз чексиз ҳайратингизни уч карра ундов билан ифодалаб.

Нега бўлиши мумкин эмас экан, бемалол бўлиши мумкин, лекин фақат битта мамлакатда – Ўзбекистонда(!) бўлади бунақа ишлар…

деб оддий учта нуқта билан тугаллаймиз гапимизни. Оддий ва одатий ҳолга оддий нуқталар-да.

Ажаб, шунча тўнна олтин… кеча бор эди, бугун йўқ. Худди эртаклардагидек:

“Бир бор экан, бир йўқ экан. Бўри баковул экан, тулки ясовул экан. Қарға қақимчи экан, чумчуқ чақимчи экан. Ўтмишда эмас, шу кунларимизда, олисдамас, шундоқ бурнимиз тагида…

у бўлибди-бу бўлибди, ўртада шунча олтин йўқ бўлибди…

шундай қилиб, олтин ўғрилари ҳам, ўғрини урган қароқчилар ҳам мурод-мақсадларига етибди…”

Бу эртакни тушунишга, тўғриси, битта менинг ақлим камлик қиляпти. Келинглар, тушунишга биргалашиб уриниб кўрайлик. Бирон хулосага келишимиз керак-ку ахир!

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com