15 июль кунида Ўзбекистон Инсон Хуқуқлари Жамиятининг Қаршишаҳар бўлими раиси Нодир Ахатовнинг хабар беришича,унинг уйи атрофида ҳамда унинг ўзига нисбатан ғалати воқеаларсодир бўла бошлаган. Аввал телефон орқали боғланиб, сўнг Нодир Ахатовни уйига ташриф буюрдим. Воқеаларни бошидан гапириб беришларини сўрадим.
Нодир Ахатовнинг сўзларига кўра, уйига яқин жойда жойлашган бозорчадан қайта туриб йўлда маҳалла қўмитасининг собиқ раиси, Камол исмли шахсни учратиб қолади.
“3 дона тухум сотиб олган эдим, шуни қўлимда кўтариб олиб келаётгандим, дабдурустдан Камол ака қўлимда турган тухумни биттасини олди.”- дейди Нодир Ахатов. “Бу учта тухум сенинг гавдангга етадими?” – деган саволни ҳам ташлаган маҳалланинг собиқ оқсоқоли.
Шу тобда қўлида ўшлаб турган бир дона тухумни қисиб синдирибдию, Нодир аканинг қўлига тутқазибди. Нодир Ахатов эса бунда қандайдир провокацияни ҳиди анқиб турганини дарҳол фаҳмлаган ва лом-лим демай жуфтакни ростлабди. Ўша ҳудудда яшовчи Нодир Ахатовни яқиндан танийдиган танишлари эса 591 FA рақамли Нексия русумли машина сира кўчасидан кетмаётганлигидан огоҳлантиришибди. Режим ҳуқуқ фаоли бўлган Нодир Ахатовга нисбатан қандайдир фитна уюштириш ниятидами?
Масалан, қасддан жанжал чиқариб сўнгра ҳуқуқбонга нисбатан жиноят иши қўзғатиш.
Албатта мени ҳайрон қолдирган нарса шуки, бу сценарийни саҳналаштирилишига собиқ маҳалла оқсоқоли таклиф этилганга ҳам ўхшаб кетади. Нодир Ахатовнинг қўлидаги тухумда нима айб эдики, у Камол аканинг ғашига “тегади” ва уни синдиради? Агар бу киши инсон эмас,хўроз бўлгандами, унда балки тушунган ҳам бўлардим. Бундай
жониворнинг миясида ақл нима қилсин деб қўя қолардик.
Эсингизда бўлса 2 июль кунида Тошкентдан Қаршига қайтиб келганимиздан сўнг олти кишидан иборат махсус гуруҳ Нодир Ахатовни машинадан тушириб олиб, худди ўтин юклагандек қилиб машинага ортганча Қарши шаҳар ИИБ сига олиб боришганди. Унга қийноқ қўлланилиб, роса дўппосланганди ҳам.
Бу борада ўз вақтида хабар ҳам тарқатдик. Ўша кунда уни коптокдек тепганлари кам бўлса керак, энди бу сафар бокс халтага айлантиришмоқчими? Балки шунақа ниятлари ҳам бордир. Ҳар қалай, орган ходимларининг ниятлари яхши эмаслиги кундай равшан. Огоҳ бўлинглар, режим Нодир Ахатовга нисбатан ими-жимига бирор фитна уюштириб юбориши мумкин.
Ўзбекистон ичкарисида бармоқ билан санарлик даражада ҳуқуқ фаоллари мавжуд. Халқаро Инсон Ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлардан ва Ўзбекистон ичкарисидаги консуллардан Нодир Ахатов масаласига бефарқ
бўлмасликка чақираман.
Акс холда яна битта хуқуқ фаолимиздан ажралиб қолишимиз мумкин.
Ҳукуматнинг “мясоробкаси” синмаса ёки бузилмаса, ҳуқуқ фаоллари, мустақил журналистлар, мухолифат фаоллари эркин нафас олишлари
даргумондир. Нодир Ахатовни ҳимоя қилайлик!
Гулшан Қораева
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти Қашқадарё вилоят бўлими раиси
15- июль, 2013-йил