O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Нойил ота қиссаси” ни ўқиб

“Нойил ота қиссаси” ни ўқиб
112 views
15 March 2013 - 14:42

images (58)Ушбу сўзларни ёзишимга 2013 йил 12 март  куни чиқарилган интернетнинг одноклассники.ру сайтидаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати гуруҳида “Нойил ота қиссаси” мақоласи сабаб бўлди. Мен сайтнинг  ЎХҲ  ва “Каримов КЕТ” гурухларига аъзоман ва ундаги юртдошларимиз ёзаётган мақола ва фикрларни қолдирмай ўқиб бораман, муҳокамаларга ўз фикримни билдираман. Гуруҳда чиқаётган ватанимизнинг сиёсий, маданий хаётидаги ва жаҳон  янгиликларини ўқиб, хабардор бўлиб тураман.

Мени кўп ўйлантирадиган саволлар бор. Қадимда обрўси баланд бўлган буюк аждодларимизнинг илми ва салоҳиятини бутун дунё тан олган, хусусан, Ислом динимиз асли Арабистон ярим оролида  пайдо бўлган бўлса-да, қадим Турон заминида ўзининг юксак чўққисига етди десам хато бўлмас,  илм аҳли эса Ғарб дунёси ҳали уйқуда ётган бир пайтда самода юлдузларни забт этганди. Бунақа мисолларни санаб адоғига етиб бўлмайди.

Азиз ўқувчи, мен ёзувчи ёки журналист эмасман, балки гапларим қовушмаса, айбга буюрманг. Дархақиқат, биродарлар юртимизда намозхон деганда “террорист”, “ваҳҳобий” ва “экстремист”деган тушунчалар кўз олдимизга келадиган бўлиб қолди. Айниқса, рўза пайтлари жамоат бўлиб намоз ўқиганлар таъқибга олинди. Диний эркинлик бўғилган.

Юртдошларимиз нега бунчалар тубанлашиб, ҳа айнан тубанлашиб, манқурт  холга келиб қолдилар? Нега бундай бўлди? Балки, буларнинг хаммаси «одил ва доно президентимизнинг  сиёсатлари» сабаблидир.

Мен юртдошлиримни тубан деганимга жаҳлингиз чиқмасин, бу гап ҳаммага ҳам тегишли эмас, гуруҳдаги муҳокамаларда мен кўп иштирок этаман ва кўпинча шунга гувоҳ бўламанки,  баъзи юртдошларимиз Ўзбекистонда демократия йўқ ёки шунчаки газ-свет йўқ десангиз, сизни дарров “ватан хоини”га чиқаришади ва дейишадики “мана бизда ривожланиш бўляпти, йилдан йилга  давлатимизнинг обрўси ошиб боряпти” ёки “бу йил бунча иш ўрни яратилди, пахтадан бунча хосил олинди” ва ҳ.к.

Азиз юртдошлар! Буларнинг  хаммаси ёлғон ахборотлар. Хўп, агар шунча ривожланиш бўлса, унда нега халқнинг ижтимоий ахволи яхши эмас?

Тўғри, ватанни ҳаммамиз севамиз унинг шарафи ва шавкати учун хаммамиз масъулмиз. Лекин бу ерда ҳеч ким ватанини ёмонлаётгани йўқ-ку?!

Айни мана  шундан ҳам билиш мумкинки, бизни “ватан хоини”га чиқарган кимсалар айнан манқурт ва тубан кимсалардир. Чунки улар ўша ўзларининг “доно президентлари ИАК”га қарши танқидий фикрга қаршилик қилишади ва сизни “ватан хоини”га чиқаришади. Кўпчилик яна сиёсатга аралашманглар дейишади, нега энди? Ахир сиёсатга аралашмасанг, сиёсат сенга аралашади-ку!? Ҳаётингга ўз таъсирини ўтказади, ҳамма нарса сиёсат-ку ахир, еяётган нонинг ҳам, хатто олаётган маошинг ҳам сиёсат-ку.

Ўзбекистонда демократия йўқлигига хеч қандай далил ё исбот керакмас ва бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Чунки ўзингиз маҳалла ёки кўчага чиқиб президентни ва ё унинг сиёсатини танқид этсангиз кифоя. Эртасиёқ ўзингизни темир панжара ортида кўрасиз. Гуёки сиз давлат душмани ё конституциявий тузумга тажовуз этган бўласиз.

Мақолада айтилганидек, дарҳақиқат динимизнинг сусайишига ўзимиз айбдормиз ва Нойил ота ўз невараларининг ноисломий тарбия олганлигидан ва очиқ-сочиқ юришидан шикоят қилади. Масаланинг ачинарли томони ҳам шундаки, мустақилликдан кейинги ёшларимизнинг диндан йироқ тарбия кўришлари  ва “замонавий” тарбия олишаётганлигидадир. Бунга катталар айбдор, чунки улар дунё ташвишларига берилиб, фарзанд тарбиясини  унутади, гуёки фарзандининг қорни тўйса бўлди – бор тарбия шу.

Лекин масаланинг иккинчи томони ҳам бор, тўғри хозир иш топиш, оила боқиш осон эмас. Бир бурда нон учун юртдошларимиз иссиқ ўрни ва яқинларидан кечиб, хорижга меҳнат мухожири бўлиб кетишяпти. Ўзбекистонда хамма нарса зўр бўлганида эди миллионлаб юртдошларимиз хорижга қул бўлиб кетишмасди.

Яқинда Термиз шахридаги Маннон Уйғур мусиқали драма театрида Сурхондарё вилоят Миллий Хавфсизлик Хизмати ходимлари йиғилиш ўтказишди. Йиғилишда МХХ нинг Термиз шаҳри куратори алмашгани  муносабати билан янги куратор ўз фикрларини билдирди . Эмишки, у киши динни яхши ўрганганмиш ва Қуръони Каримда илоҳий ҳеч нарса йўқ, уни Муҳаммад (с.а.в.) эмас, балки тўрт халифа ёзган эмиш (бу “авлиёнинг фикрини қаранг”). Ана сизга динни ўрганган одамнинг фикри. Агар ўша ифлос бу фикрини бирорта мусулмон давлатда айтганида эди, уни ҳалқ шу ернинг ўзидаёқ бурда-бурда қиларди. Лекин афсуски, зал сув қуйгандек жим-жит эди.

Биров бу гапларга қаршилик билдирмади ва на одамларда хеч қандай реакция содир бўлмади.

У яна хожиларни қандай қийнаганларини гапирди. Унинг фикрича, намозни фақат уйда ҳеч кимга билдирмасдан ўқиш керак. Ишхоналарда намоз ўқиганларни ушласам, ундай қиламан, бундай қиламан дейди. Яна жамоат жойларида хожи ёки эшон деган гапларни ҳам эшитмай деди-ки, гуё бу ватанга у хўжайиндек ва одамларнинг нима дейиш ва қилишларини белгилайдигандек. Мана сизга қонун ва давлат химоячиси.

Ахир намоз ўқиш инсоннинг конституциявий хуқуқи эмасмиди? Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ёзиб қўйилган “хар ким ўзи истаган динга эътиқод қилиши мумкин” деб. Бир китобда ўқигандим бир куни,  И. Каримовдан сўрашибди президент бўлганингиздан кейин Ўзбекистонни Ислом давлати қиламиз деган эдингиз. Ўзбекистон Ислом давлати бўлдими? деб. Шунда Каримов жавоб берган экан. – Ха мана Ислом давлати бўлди-ку! деб ўзини кўрсатган экан. Дарҳақиқат золим ИАК мустақилликнинг илк йилларида содда халқни алдаб ўз тузумини ўрнатди. Ўзига қарши мухолифларни сургун қилди ва қамоққа ташлади.

Азиз биродарлар, ҳурматли ватандошлар! Ҳикоядаги каби Тоййиб ота ва Нойил оталарга ўхшаб ўз вақтида  куфр аҳлидан динимизни ҳимоя қилмасдан вақт ўтгандан кейин пушаймон бўлишнинг фойдаси йўқ. Доно халқимиз “сўнгги пушаймон ўзингга душман” деб бекорга айтмаган. Келинглар, бирлашайлик. Токи бу золим тузум ва унинг ялоқхўрлари йўқ бўлсин. Бу тузумни иншоаллоҳ куни кам қолди. Илоҳим золимларни жазосини Аллоҳнинг ўзи берсин. Бу умримиз қисқа ва кўз очиб юмгунча ўтиб кетади, шундай экан, азиз ватандошлар, шу беш кунлик умримизни хорликда ва қўрқоқ каби панада ўтказмасдан, динимиз учун, эътиқодимиз учун курашайлик. Мен барча ўзини ўзбекман, мусулмонман деганларни хақ йўлда курашга чақираман ва бу йўлда собит туришларига даъват қиламан. Токи ҳеч бер мусулмон бу ҳаётдан надомат билан ўтмасин.

Абдулла Ўрозов
Термиз шахридан