O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Нон берганни жони олинди

Нон берганни жони олинди
434 views
21 October 2013 - 7:30

02Наманганлик Мухтарам опа ва Носиржон акалар ҳам эзгу ниятлар турмуш қуришган эди. Бироқ орадан йиллар ўтсада уларнинг хонадонида чақалоқ йиғиси эшитилмади. Эр-хотин бошқаларнинг “ ажрашинглар, балки ҳар иккингиз ҳам болали бўларсизлар,” деган пандларига эътибор қилишмади.

Шу тариқа ёшлари қирқдан ҳам ошди. Носиржон ака аёлига фарзанд асраб олиш ҳақида маслаҳат солди. Улар Тошкент шаҳрига келиб Меҳрибонлик уйларидан бирини излаб топишди.Бир- биридан ширин болалар… Болалар орасидан қош-кўзлари қоп-қора, уч-тўрт ёшлардаги бола эр-хотиннинг эътиборини тортди.

—Шу болани обкетамиз эр-хотиннинг яккаш қарори шу бўлди. Ҳамма хужжатлар расмийлаштирилгач улар болани олиб Наманганга қайтишди.Унга Умид деб ном қўйдилар. Умидни ҳеч кимдан кам қилмай ўстиришди. Аммо… бола эр-хотин кутганидек қобил ва солиҳ фарзанд бўлиб етишмади. Мактабда ҳам қойиллатиб ўқимади. Тайинли касб-ҳунарни ҳам бошини тутмади, катта бўлганда ҳам ота-онага юк бўлди.

Умид кайф-сафога, маишатга суяги йуқ йигитга айланди. Роҳат кўриш умидида бола асраб, емай, ичмай вояга етказган Носиржон ака ҳам ноумид бўлиб дунёдан ўтиб кетди.Эрининг вафотидан сўнг Муҳтарам опа янада ёлғизланиб қолди. Имкони борича ўғлини уйга қўймаса ўзини осойишта ҳис қиларди. Айни шу мақсадда ўғлини уйга киритмасликни сўраб, аввал маҳалла оқсоқолларига сўнгра судга мурожаат қилди.Суд эса фарзандидан ҳузур топмаган онанинг эмас ноқобил ўғил ҳисобига ҳукум чиқарди. Қонун Умид тарафида эди.

Бироқ Мухтарам опа барибир ўғли билан бир уйда яшашни истамади. Уни уйга киритмасликка ҳаракат қиларди. Бир кун онаси йўқлигида уйга кириб келди, ҳеч нарса бўлмагандек хонасига чиқиб телевизор кўриб ўтирди. Меҳмондорчиликдан қайтган она дарбадар ўғилни кўриб авзойи бузилди.

–Икковимизни ҳам умидларимизни чилпарчин қилдинг бу уйда сенинг ҳаққинг қолмаган деди, у

–Ҳа, ўгай, асрандисан демоқчимисиз? Аслида сизлар мени Тошкентдан бу ерга олиб келмаганларингда мен ўша ерда ўқиб, катта одам бўлиб кетардим. Сизлар келажагимни расво қилдиларинг, дея ўшқирди.

Хуллас, даҳанаки тортишув жанжалга айланди. Умид Мухтарам опани аввал уриб ерга йиқитди, кейин уни дуч келган ерига дўппослай бошлади. Аёлни ёрдамга чақирмаслиги учун оғзини латта билан боғлади. Қўлларини ҳам чандиб уни бўға бошлади. 66 ёшли аёлнинг кучи 26 ёшли навқирон йигитга  eтармиди? Аёл йигитнинг қўлида типирчилаб-типирчилаб жон берди.

Умид онасининг ўлганига ишонч ҳосил қилиш учун унинг юрагига қулоқ солди. Тинч. Ҳа, у 22 йил боқиб катта қилган онасини ўз қўллари билан бўғиб ўлдирган эди.

Умид аввалига жасадни ертулага обкириб қўйди. Орадан икки кун ўтиб ертуладан нохуш ҳид чиқа бошлади. Кунлар иссиқ… Жасадни йўқотиш пайига тушди. Уйдан солярка топиб чиқди, жасадни ҳовлига олиб чиқиб устидан солярка сепиб ёқиб юборди. Атрофни куйган гўшт ҳиди тутиб кетди. Қўшнилар бу уйдан чиқаётган тутун ва нохуш ҳиддан шубҳага тушишди. Умид жасадни ёқиб  қолдиқларини ҳовлининг бир четига кўмиб ишни энди битирган пайтида эшик тақиллаб қолди. Бўсағада маҳалла оқсоқоли ва посбон турарди.

“Уйдаги чиқиндиларни ёқвордим”, деди Умид олазарак боқиб.

Қанақа чиқинди экан,қаерда ёқдинг, сўрашди улар.

Тутун ва ачимсиқ ҳид бутун ҳовлини тутганди. Чиқинди ёқилган ерда эса ёғ излари ялтилларди. Оқсоқол ва посбон ҳовлининг барча ерини кўздан кечира бошлади. Яқиндагина қазилган жойни кўриб масалини тушунишган эди. Умиднинг барча айбини бўйнига олишдан бошқа иложи қолмаган эди.

Суд унинг хатти ҳаракатларига нисбатан муносиб жазо бергандир балки, аммо виждон олдидаги жавобгарликдан икки дунёда ҳам қутила олмаслиги аниқ…

(Наманган вилоят прокуратураси бўлим прокурори Илҳомжон Раҳмонов маълумотлари асосида ёзилди).

 

УХҲ ахборот бўлими