O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Норозилик намойишига чиқиш Ўзбекистонда ҳамон хатарли

Норозилик намойишига чиқиш Ўзбекистонда ҳамон хатарли
164 views
29 November 2017 - 10:11

Ўзбекистон жамоатчилигида жиддий мунозара уйғотган Бобур боғидаги намойиш ташкилотчиларининг орадан ярим йил ўтиб жазога тортилиши янги раҳбар остида ҳам норозилик аксиясига чиқиш хатарли эканини кўрсатди.

Тошкентда “Боровский” коллежи талабаси Жасур Иброҳимовнинг калтаклаб ўлдрилишига қарши ўтган йиғинга юздан ошиқ киши тўпланган. Улар ҳуқуқ-тартибот идораларидан зудлик билан айбдорлар жазоланишини талаб қилишган. Мазкур намойиш ташкилотчилари Ирина Шоҳназарова ва Мария Головкога маъмурий қамоқ жазоси белгиланган.


Ташкилотчилар жамоат хавфсизлиги тартибини бузганликда айбдор топилган. Президент Мирзиёев эса ҳуқуқ тартибот идоралари, матбуотни “Боровский” воқеаси бўйича жамоатчиликни ўз вақтида хабардор қилмаганликда айблаган.

Жасур Иброҳимовнинг курсдошлари томонидан калтакланиши натижасида вафот этишига қарши Тошкентдаги Бобур боғида (Халқлар дўстлиги) ўтган норозилик чиқиши жамоатчиликда кучли мунозара уйғотган.

Бунга сабаб нафақат мудҳиш ҳодисанинг ўзи, балки узоқ йиллар кескин назоратда ушланган жамиятда жамоатчилик ташаббусига кўра илк бор норозилик чиқиши ўтаётгани ҳам бўлди. Мамлакатда ҳокимият алмашиши ортидан кутилмаганда юз кўрсатган бу чиқиш ислоҳотлар даврида фуқароларнинг фаоллашиш белгиси сифатида ҳам тақдим этилган эди.

Янги ҳокимият жамоатчиликнинг бу ташаббусини эътиборсиз қолдирмаган. Орадан яқим йил ўтиб, намойиш ташкилотчилари жамоат хавфсизлиги тартибини бузиш, таҳдид солишда айбланиб, маъмурий қамоқ жазосига тортилди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасини маҳаллий матбуотга тақдим этган маълумотига кўра, Бобур боғидаги намойиш фуқаролар Ирина Чоҳназарова ва Мария Головконинг ижтимоий тармоқдаги ташаббусига кўра мувофиқлашган. Головко ва Шоҳназарова митинг ва намойишлар ўтказиш тартибини бузиш, жамоат хавфисизлигига таҳдид солишда айбланиб, 10 ва 15 кунлик маъмурий қамоқ жазосига, жаримага тортилган.

15- ноябрда Яккасарой туман судида кўрилган бу иш жамоатчилик учун ёпиқ ўтган? Жаримага тортилган фаолларнинг ўзлари айбларига тўлиқ иқрор бўлишгани хабар қилинди.

Ички ишлар бошқармаси нима сабабдан аксия ташкилотчилари орадан ярим йил ўтиб жазоланаётганини иш юзасидан суриштирувни узоқ давом этганлиги билан изоҳлаган.

Аммо сўнгги кунларда очиқланган маълумотлар аксия ташкилотчилари жазоланиши шахсан Президент Мирзиёев хабардорлигида ўтганлигидан далолат беради.

Мирзиёев 15 ноябрда, Яккасарой суди аксия ташкилотчиларига маъмурий қамоқ жазоси белгилаган куни Тошкентда ҳуқуқ тартибот идоралари билан йиғилиш ўтказиб, Боровский коллежидаги воқеалар ҳақида гапирган, милиция, матбуот ишини ҳам танқид остига олган.

“Нега Боровский коллежи воқеаси бўйича зудлик билан жамоатчиликни хабардор қилиш чоралари кўрилмаган? Нега деганда эскича фикрлайдиган раҳбарлар бефарқлик қилиб, вазиятни олдиндан кўра билмаган. Нега биз интернетда ўқиб, кейин ҳаммамиз билдик. Бугун матбуотда бу ҳақда берилаётган хабарлар сифати, уларнинг таъсирчанлиги, умуман ҳуқуқ тартибот идоралари, матбуот хизматларининг фаолияти талабга жавоб бермайди”, – деган президент бу йиғилишда.

Ҳуқуқ фаоллари Боровский воқеаси ҳақида гапирган президент аксиядан ҳам, бу аксия ташкилотчилари қамоқ жазосига ҳукм қилинганидан ҳам яхши хабардор деб ҳисоблашади.

Toshkent

Тошкент

Ўзбекистонда турли норозилик аксиялари ўтказган фаоллардан бири Малоҳат Эшонқулова назарида Бобур боғидаги аксия ташкилотчиларининг орадан ярим йил ўтиб жазога тортилиши бевосита тепадан юклатилган топшириқ.

“Нима учун бугунга келиб ҳукумат бу аксия ташкилотчларига эътибор берди? Чунки, биз ҳозиргача фақат кичик гуруҳларда турли норозилик аксияри ўтказиб келаётган эдик, аммо бу аксия жамоатчиликни эргаштирди ва халқ тошиб кетиши мумкинлигини янги ҳокимият сезиб қолди. Шунинг учун ҳам бирданига чора кўриш бошланди. Бир нарсани билинг, Бобур боғидаги аксиядан, аксия ташкилотчиларига маъмурий қамоқ, жарима белгиланганидан тепа жуда яхши хабардор. Ҳозиргилар ҳам фақат тепага қараб иш қилади, бундан тепа бехабар дейишса, мен ишонмайман. Ҳозир одамларнинг норозиликка чиқиш эҳтимоли шунчалик кучайганки, ҳукумат эртага буни бостириб қололмаслигини сезиб қолди”, – дейди Малоҳат Эшонқулова.

Бобур боғидаги норозилик чиқиши Жасурбек Иброҳимовнинг онаси ижтимоий тармоқда қилган мурожаатидан кейин бўлди. Бу фожеадан таъсирланган фаоллар адолат таъминланиши талаб қилинган петисия имзолаш учун фожеага бефарқ бўлмаганларни Бобур боғида тўпланишга чақиради. Шу йилнинг июн ойида ўтган бу аксияда юздан ошиқ киши тўпланди, намойишчилар ҳуқуқ тартибот идорларига арз қилди. Натижада коллеж раҳбарияти ишдан бўшатилди. Жасурбек Иброҳимовни калтаклаган курсдошлари ҳибсга олинди ва бу иш юзасидан суд қарори ҳам чиқарилди.

Toshkent ko'chalarida

Тошкент кўчаларида

Намойишда кўтарилган талаблар бўйича тергов-суд ишларининг якунланиши ортидан аксия ташкилотчиларининг ўзига ҳам чора кўрилиши жамоатчиликка йўналтирилган ишора сифатида баҳоланмоқда.

“Ҳокимият ҳар қандай аксияга сиёсий баҳо беришга ўрганиб қолган. Бу аксияга ҳам муносабат худди шундай бўлди. Одамлар оқимининг кўпайгани уларни чўчитиб қўйди. Жазолашга қарор қилишди. Нима учун? Чунки эртага яна кимдир адолатсизликка учраса, худди улардек қалқиб майдонга чиқмаслиги учун. Келажакни ўйлаб, янги ҳукумат жазо чораларини қўлламоқда. Президент ҳуқуқ-тартибот идораларини жамоатчиликни хабардор қилмагани учун эмас, ўз ҳуқуқидан фойдаланган фуқаролар жазо тортилгани учун танқид қилиши керак эди. Сиёсий ҳуқуқларидан фойдаланган фуқаролар жазоланаётгани учун уларни уришиши керак эди”, – дейди Эшонқулова.

Манба: Америка Овози