Хайитбой ЯҚУБОВ,
Хоразм вилояти “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раиси
Сўнги пайтларда “Нажот”га фарзандининг қисматидан норози бўлиб мурожаат қилаётган ота-оналар сони кўпчиликни ташкил қилмоқда. Шулардан бири Хива шаҳридан Ўктам Машариповдир. Шикоят аризасида маълум қилишча, унинг ўғли Машарипов Одилбек Ўктамбоевич 1984 йил 23 сентябрда Хива шахрида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти ўрта, оилалик, 2 нафар фарзанди бор. Хива тумани “Гиламчи” маҳалласи 1-уй 14-хонодонда яшайди.
Аризада таъкидланишига кўра, Одилбек Ўктамбоевич Машарипов 2007 йил 8 сентябрда хивалик Муҳаббат Матяқубовага уйланган. Оилавий ҳаёти давомида Одилбек Машарипов ўз турмуш ўртоғининг хатти-ҳаракатларидан шубҳаланган, оқибатда жиноят устида қўлга тушган келин кетиб қолган, лекин ота-она босими билан Одилбек яна Муҳаббат билан яшай бошлаган. Одилбекнинг ота-онаси бир неча бор ёш оилани сақлаб қолишга уринган. Аммо келин бўлмиш Муҳаббат Матяқубова Одилбекнинг олдига кайтмай, турмуш ўртоғи билан никоҳни бекор қилиш учун Боғот туманлараро фуқаролик судига 2009 йилда ариза берган. Суд оилани сақлаб қолиш мақсадида ҳозирги давргача никоҳ бекор қилиш борасида ҳал қилув қарори чиқармаган.
Оилавий турмуш муаммолари, ишсизлик, бозор иқтисодиёти Одилбек Машариповни қийнаб қўйган, аммо у фарзанди учун даврга муносиб равишда қўлдан келганича турли миқдорда пул маблағини тўлаб турган, бу хақда тўлов ҳужжатлари мавжуд. Суд ижрочилари Хива тумани бўлими топшириқлари ҳам вақт ўтган бўлса-да тўланган. Аммо Муҳаббат Матёқубова аризасига биноан, тўлов вақтини ўтказиб юборпганлиги учун Одилбек Машариповга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 122-моддасининг 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Амнистия қўлланиши натижасида иш тугатилган.
Аммо Одилбек Машариповга нисбатан амнистия қўлланиши Муҳаббатнинг ғазабини қўзғаган ва Одилбек билан бўлган бир учрашувда “Мени милиция раҳбари ва прокурор оғамлар бор, сени қамоқда чиритаман”, деган. Маълум бўлишича, Муҳаббатнинг ҳақиқатан ҳам ҳуқуқ-тартибот идораларида унинг айтганини ҳеч қандай эътирозсиз бажарадиган танишлари мавжуд экан. Натижада Хива тумани ИИБ ходимлари, суд ижрочиларининг Хива тумани бўлими ходимлари Одилбекка қарши ҳаракатларни бошлаб юборишган. Муҳаббатнинг ҳамтовоқларидан бири бўлган ОТИ (судланган фуқароларни назорат қилувчи бўлим) ходими, сержант Мурод Собиров Одилбек Машариповга “Сени яна амнистияга туширамиз, тўлов пулларини тўламайсан”, унга бешта оқ қоғозга имзо қўйдириб олган. “Компьютерим ишламай турибди, шунинг учун сенга оқ қоғозга имзо қўйдираяпман. Кейин ҳужжатни ўзим ёзиб қўяман” деб баҳона қилган. Аслида у қоғозлар Одилбекка қарши баённома сифатида тўлдирилган.
Одилбек томонидан 2012 йил июнь ойида Хива туман почтасидан жўнатилганига қарамай, алимент пули уч ой давомида Муҳаббатга етиб бормаган. Бу ҳам Муҳаббатнинг тарафдорлари томонидан атайлаб қилинган. Уч ойдан кейин, яъни Одилбек қамалганидан кейин сентябрь ойида маҳалла почтачиси орқали пулни қайтаришга ҳаракат бўлган. Айнан ушбу уч ойлик пул почта орқали етиб бормагани Одилбекга қарши ҳужжатларни қайта расмийлаштиришга асос бўлган ва прокурорга жўнатилган. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Одилбекни қамоққа олишга кимдир юқоридан кўрсатма берган.
2012 йил 24 август куни жиноят ишлари бўйича Хива туман суди маҳкама жараёнида судья Д.Х.Атамуротов томонидан ёзилган ажримда Одилбек Машариповни 1 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шуниси қизиқки, мазкур суд жараёни туман судьянинг хонасида бўлиб, судья жаноблари ҳукм ўқиб, Одилбекка бир ойлик камоқ жазосини тайинланганини маълум қилган ва ажримнинг берилишини кўчада кутиб туриш лозимлигини айтишган. Тўрт саотдан кейин шахсан Хива тумани милиция бошлиғининг ўзи судьянинг олдига кириб, ажрим қоғозини олиб, Одилбекнинг қўлига тутқазиб, “Буни қамоқдагларга берасан” деган. Одилбек қўлига берилган қоғозни ўқиб қараса, не кўзбилан кўрсинки, бир ойлик қамоқ жазоси бир йилга ўзгартирилибди. Икки саот ичида Одилбекка ўқилган ҳукм унинг иштирокисиз, ҳақ-ҳуқуқлари поймол қилинган ҳолда, милиция бошлиғининг қайта аралашуви туфайли конунни бузган ҳолда ўзгартрилиб, фуқаро ноқонуний бир йилга қамалган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг бу қилмиши улар Муҳаббатнинг яқин одами эканлигини тасдиқлаб турибди.
Бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан жиноий жазоларнинг либераллаштириши, жиноий-хуқуқий санкцияларнинг юмишатилиши, озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўрнига бошқа муқобил жазолар қўллашни кенгайтириш орқали шахс эрки ва ҳуқуқлари таъминланиши, ярашганлик муносабати билан жиноий жавобгорликдан озод қилиш институтининг амалга киритилгани ва бошқа шу каби инсонпарварлик сиёсатини ўзида мужассамлаган ислоҳотлар фуқаролар онгида жазонинг оғирлигидан қўрқиш эмас, балки жиноят учун жазонинг муқаррарлигни англаши орқали қонунга ҳурмат билан қараш тушунчасини шакллантирди. Аммо юқоридаги ҳолатда кимларнингдир манфаатини кўзлаб, жиноий жазо атайлаб оширилган.
“Нажот” мониторингларида Хива туманида тахминан 1500 нафар фуқаронинг алиментларни ундириш масаласидаги ишлари ижро судларига оширилган. Айрим фуқаролар умуман алимент тўлашдан бош тортиб ёки қочиб юришибди. Лекин бу масалалар билан қизиқувчи ёки шуларга нисбатан чоралар кўрувчи бирорта иш жиноат ишлари бўйича судга оширилмаган ва уларнинг биронтасига қамоқ жазоси белгиланмаган. Нима учун айнан Одилбек Машариповга алимент масаласида қамоқ жазоси белгиланди? Бу ажабланарли бир ҳолдир! Хоразм вилояти прокуратурасидан мавжуд жиноят ишини қайта текшириб, ҳақ-ҳуқуқлари бузилган Одилбекка нисбатан адолатли қарор чиқарилишини таъминлашни талаб қиламиз.