O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Нуриддин Жуманиёзов ва Фахриддин Тиллаевни 8 йилга қамашди

Нуриддин Жуманиёзов ва Фахриддин Тиллаевни 8 йилга қамашди
18 views
06 March 2014 - 19:18

jumaniyozov6 март куни Нуриддин Жуманиёзов ва Фахриддин Тиллаевлар устидан шошилинч равишда ўтказилган суд мажлиси ўтди. Суд мажлиси якунида қабул қилинган айблов ҳукмига кўра иккала фаол ҳам айбдор деб топилган ва 8 йил қамоқ жазосига маҳкум этилган.

Суд жараёнида Фахриддин Тиллаев ўзига қарши қўйилган айбловларнинг бирортасини тан олмаган ва, шу билан бирга, ўзига нисбатан жисмоний ва психологик босимлар ўтказилганини билдирган. Бироқ суд ҳукми судланувчи томонидан билдирилган эътирозларни эътиборсиз қолдирилган.

Судда Фарход Пардаев ва Эркин Эрданов исмли шахслар жабрланувчи ролида, Ўзбекистонда рўйхатга олинмаган “Мардикорлар касаба уюшмаси” раиси Абдулло Тожибой эса гувоҳ ролида қатнашиб, судланувчиларга қарши кўрсатмалар берган.

Аввал ҳам хабар берганимиздек, бу икки “жабрланувчи” Ўзбекистондаги оч ва ночор ҳаётдан шикоят қилиб, мухолифатчиларадан Қозоғистонда иш топиб беришини сўраган. Кейинроқ маълум бўлишича, улар мухолифатчиларни айбдорга чиқариш учун МХХ тарафидан А.Тожибой орқали юборилган шахслар бўлган.

Қозоғистонга бориб, улар бирор ишни эплолмаган ва қайтиб келиб, Тиллаев ва Жуманиёзовдан шикоят қилиб юришган. Буни Абдулла Тожибой ўзи учун яхшигина фурсат билган ва мухолифат фаоллари устидан милицияга шикоят ёздирган. Сабаби А.Тожибой мухолифат аъзоларидан 2500 доллар қарзи бўлган ва мана шу пулни бермаслик учун уларга қарши “уруш” бошлаган эди.

Фахриддин Тиллаевнинг адвокати Полина Браунерг суд мажлисида судланувчиларга қарши бирор аниқ далилнинг мавжуд эмаслигини, шу билан бирга ҳимоясидаги шахснинг “мардикорларни Қозоғистонга юбориш билан ҳеч қандай алоқаси йўқлиги”ни таъкидлаган.

Келтирилган барча далиллар ва бошқа кўрсатмаларга қарамасдан Нуриддин Жуманиёзов ва Фахриддин Тиллаевлар ЖКнинг 135-моддаси (“Одам савдоси”) бўйича айбдор деб топилиб, уларнинг ҳар бирига аввал 10 йилу 8 ойдан қамоқ жазоси тайинланди. Кейин Сенат томонидан ўтган йили эълон қилинган амнистия қарорига биноан умумий жазо муддатининг 1/4 қисми қисқартирилиб, 8 йилга туширилди.

Ф.Тиллаевнинг адвокати П.Браунергнинг айтишича, ҳимоячилар ҳозир суд ҳукмининг қайта кўриб чиқилишига ҳаракат қилишмоқда.

UZBEK.FM