O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Нурилло Олтой: Ўзбек тилини рус тили асоратидан қутқариш вақти келмадимикин?

Нурилло Олтой: Ўзбек тилини рус тили асоратидан қутқариш вақти келмадимикин?
220 views
04 December 2021 - 8:42
Ўзбекистонда сўнгги йилларда рус-кирилл алифбосига қайтиш дағдағаси Ўзбекистон чегараларини ошиб чет эл мамлакатларида яшовчи ўзбекларни ҳам ташвишга сола бошлади. Бундан ўттиз йил муқаддам ўзбек халқининг рус-кирилл алифбосидан возкечиб, лотин алифбосига ўтиши Афғонистон ўзбекларини қанчалик хурсанд қилган бўлса, бугунги кунда рус-кирилл алифбосига қайтиш шов-шуви уларни шунчалик хафа қилмоқда, ташвишга солмоқда. Бу хафалик ва ташвишнинг бир неча сабаби бор: биринчидан, лотин алифбоси бетараф алифбо сифатида Ўзбекистондан ташқаридаги ўзбеклар учун рус алифбосича бегона алифбо ҳисобланмайди. Чунки Афғонистон ўзбеклари уни мактаб ёшидан бошлаб ўрганадилар, аммо рус алифбосига бир умр кўзлари тушмаслиги ҳам мумкин.
Иккинчидан, ўзбек бўлмаган дўстларимиз ўзбекчани ўрганмоқчи бўлсалар, рус алифбосини ўрганишга сарф қилган вақтни сарф қилмайдилар.
Учинчидан, рус мустамлакаси шоунизмининг таҳмил қилган (зўрдан қабул қилдирган) алифбоси қора томға бўлиб ўзбек миллатининг манглайига муҳрланиб қолмайди.
Тўртинчидан, кирилл алифбосига қайтиш Ўзбекистон буюк келажагининг меъмори бўлган янги наслга ҳурмацизлик, балки хиёнат бўлади. Чунки улар мустақилликнинг илк меваси бўлган мустақил алифбо билан ўсдилар. Унда ўқидилар, унда ўргандилар, унда ўзликларини топдилар.
Мен, кириллга қайтамиз, деб юртбошиларига ёлвориб илтижо қилган отахонларимизга ҳайронман. Нохотки Ўзбекистоннинг келажаги бўлган набираларини унутиб қўйиб, ўзларининг қолган беш-ўн кунларини рус алифбосини тамошо қилиб “олтин қафс ичра” тўкин-сочин яшаган навқирон йилларининг хуморини чиқармоқчи бўлган бўлсалар!
Тўғри, ўзбек лотин алифбосининг рус-кирилл алифбосига қараганда бир талай камчиликлари бор. Бунинг сабабчиси эса ўша давр технологиясининг имкониятларидан хабарсиз бўлган ўзбек тилшунослигининг отахонларидир. Аммо ўзбек лотин алифбосидаги камчиликларни бартараф қилиш рус-кирилл алифбосига қайтишдан кўра иқтисодий томондан арзонроқ, сиёсий-маданий нуқтаи назардан муҳимроқдир.
Шундай экан, ўзбек лотин алифбосидаги камчиликларни бартараф қилишга бел боғлашга кечикмаслик керак. Инглиз тилига хос бўлган “c+h”лардан, ўзбек лотин алифбосининг ҳуснини бузган апострафилардан қутилиш керак. Шундагина ўзбек лотин алифбоси миллий қиёфа касб этади. Ундан кеийин навбат ўзбек тилидаги интернасиоанл сўзларнинг русча оҳанг билан талаффуз қилинишидан қутилиш учун курашга жиддий бел боғлашга келади. Чунки ўзбек адабий тилидаги минглаб русча талаффуз билан айтиладиган интернасионал сўзлар ўзбек тилининг миллий қиёфасига жиддий футур етказган. Тасаввур қилинг, чет эллик бир одам ўзбек тилини ўрганмоқчи бўлса, рус тилини ҳам бутун фонетик хусусиятлари билан билиши шарт. Акс ҳолда ўзбек тилини мукаммал ўргана олмайди.
Ўзбек тили билан азалдан ёнма-ён яшаб келган форс ва араб тиллари сингари ўзбек тили ҳам интернасионал сўзларни фонетик жиҳатдан ўзига тобе қилса, бир бутуннинг икки ярми бўлган Амударёнинг икки қирғоғида яшаб келаётган ўзбеклар тили орасидаги фарқ сифр(нол)га тушади ва ўзбек халқи узилиб қолган ўтмишига уланади. Навоий асарларини тушуниш учун насрий баёнларга ҳожат қолмайди ва бутун халқ Навоийни тушунадиган бўлади.
Эгам ўша кунларни бизга насиб этсин.
Манба: Rassom Tuz