Матбаачиларимиз қоғозни иқтисод қилиш хусусида гаприладилар, иқтисодчилар эса, ўрмонлар йўқолиб кетяпти, дея жар соладилар, бироқ биз адабиётчилар, сўз иқтисоди ҳақида ўйламаймиз. Ҳолбуки, сўзимизни авайлаб, иқтисод элагидан ўтказсак, қоғозни ҳам ортиқча сарфламаган бўлардик.
Анвар Обиджоннинг янги бир китоби — сўз иқтисодига бир мисол. У шунчаки, гўё айтадиган гапи ўн қаторга ҳам арзимайдигандек, шеър битади:
Шамол нохуш еляпти,
Ла-ла-лай…
Қўшиқ айтгим келяпти,
Ла-ла-лай…
Мен куйлайман нечун гоҳ?
Ла-ла-лай…
Йиғламаслик учун … Оҳ!
Ла-ла-лай…
Бу ойдин шеър. Мағлубият эмас, курашни зиммасига олган одамнинг — “шунчаки” айтиб кетаётган қўшиғи. Чин мартаба — инсон руҳини англашдек бахтга эришмоқни ўйлаб қадам ташлаётган шоир қўшиғи.
Ҳофиз Ҳоразмийнинг “Кўрса эди бу шеърни туркий тилни билиб, Юз офарин ўқиғай эди шоҳимиз камол” сатри эпиграф қилинган шеърни Анвар Обиджон фидоий олимга бағишлайди:
Тангри бўлиб
Қайтарди у,
Онага ўз дилбандин —
топиб келди Ҳиндистондан
Хоразмнинг фарзандин.
Куйлатолди
Неча юз йил,
Куйламаган бир дилни.
Яхшиямки, биларди у
Шоҳлар билмаган тилни.
Шоирнинг ватанпарварлигида сохталик йўқ. Буни шеърнинг руҳи айтиб турибди. Умуман, Анвар Обиджон шеърларида ўринсиз ишлатиладиган сўзлар ёки қофия қилинган шаклий муроса тез-тез учраб туради, бироқ, бу сохталик эмас. Бу шеър санъатининг шоирга ўтказган тазйиқи. Бундан қутулмоқ учун доимий сабот бўлса, бас.
“Кетмагил” тўпламидаги баъзи шеърлар фақат ўз оҳанги билан одамни жалб этади. “Бир пари”, “Алибобо ҳақида қўшиқ” шулар жумласидандир. Аммо аксарият шеърлар асосан, фикрга, гоҳо ҳаддан ташқари ратсионл фикрга қурилган:
Сигаретнинг сўнггиси бўлса,
Икки тортим қолдир, оғайни.
… Ғаминг бўлса тортмагин ёлғиз,
Икки тортим менга ҳам узат.
Бу шеърни “яхши” дейиш мумкиндир, аммо биз ундан таъсирланмаймиз. Китобхонга гарчанд аввалига чучук туюлса ҳам, мана бундай ташбеҳ ёқади:
Атиргулни ҳидладим, тўзитмасдан,
Узмасдан;
Худди сизни ўпгандек
Уйқунгизни бузмасдан.
Чунки, бу аниқ суратга ўхшаган ташбеҳ. Фалсафа эмас, сурат — фалсафа.
Ўтган йили ёзувчи А.Мухтор “Метафоризм ёшлар шеъриятига хос”, деб ёзди. Бизнингча, бу бир томонлама қараш: тўғри, кейинги ўн йилликда ёшлар шеъриятида метафорага урғу кучайди, лекин бу хусусият умуман шеъриятга хос-ку.
Шеър-воқеа тарафдорлари метафорага шубҳа билан қарайдилар. “Литературная газета”да рус шоири А.Межиров ёшлар ижодига муносабат билдириб: “Шеъриятнинг энг юксак чўққиларида метафора йўқ”, деган фикрни айтди. Биз шоирнинг айнан қайси “чўққилар”ни назарда тутганини билмаймиз. Эҳтимол, у фақат рус шеърияти мисолида айтгандир. Ҳар ҳолда, биз билган чўққилардан фақат Шарқ эмас, Ғарбда ҳам метафоранинг мавқеи улуғ. Бунга Алишер Навоий ижодидан тортиб, Гарсиа Лорка шеъриятигача бўлган узун йўлдан жуда кўплаб мисоллар келтириш мумкин.
Ҳозирги замон ўзбек шеърияти, хусусан, ёшлар шеърияти деб аталмиш оқим ўша икки маданият — Шарқ ва Ғарб маданиятининг кўҳна ва барқарор, янги ва умидли фазилатларини ўзига сингдириб олаётган шеъриятдир.
Анвар Обиджон, шоир сифатида, ана шу авлодга мансуб. Унинг шеърлари 70-80 йилларда ёзилгани учун эмас, балки, юзакилик тубида ётган ботиний руҳ — давр руҳини ўзида ифода этгани учун ҳам янги шеърлардир. Тўпламда америкалик ҳиндуларга бағишланган катта туркум бор. Бу туркум шоир учун сўзни ўз ўрнида ишлатиш — мазмундорликка эришиш борасида муҳим босқич бўлганлиги кўриниб туради:
Деди кекса бодахўр:
— Майли, ҳушёр яшаб кўр,
Ҳушёрликка чидасанг!
Мазмун юки учта қаторга тенг тақсимлангани учун шеър ниҳоятда енгил ўқилади ва бунга қарама-қарши ўлароқ, чуқур из қолдиради: айни пайтда ҳам енгил, ҳам вазмин:
Қизил танли бир сотқин
Бутун юртни ва халқни
Кемтик жонга алмашди!
Бу шеър эски ҳикматларга ўхшайди. Аммо “кемтик” жон — бугуннинг ташбеҳи. “Жон”ни тасаввур қилишимиз қийин, аммо уни “кемтик” сўзи қўшилган заҳот, у предметлашади, суратлашади, баён метафорага айланади.
Анвар Обиджон болалар учун бир неча китоб ёзди. Ундаги сўзга ҳассосликни ўша тажриба маҳсули деб қараш мумкин. Кўп сўзлилик фақат болаларга эмас, катталарга ҳам унчалар ёқмаслигини шоир билади:
Майли, бир кун тунайқол,
Сўнг уйингга жўнайқол,
Кўп суқланма даламга!
Бу учликнинг сўз қурилишидаги шаффофлик бизга мактабда ёд олиб юрган яхши шеърларни эслатади… Фақат маъно бошқа — ижтимоий — ҳиндунинг босқинчига айтаётган гапи.
Баъзи шеърларда фарғонача аскияларнинг акс садоси эшитилгандек бўлади. Жиддий нарсаларни сал табассум билан айтган каби
Эҳ, Европа, Европа,
Бўлсанг-да бизга опа,
Ўз болангни ўйлайсан.
деб ёзади шоир. Албатта, жиддий айтиш учун хўмрайиб сўзлаш шарт эмас. Шунингдек, ҳазил-мутойиба қиларкан, тиржаявериш ҳам ярамайди. Икки ҳолда ҳам меъёр бўлса, бас. Анвар Обиджоннинг ижодида ўша меъёр бор. Унинг шеърларида иккита йўналиш мавжуд: ҳикоя ва метафора йўналиши. Бизнинг ёдимиз иккинчи йўналишга бўйсунади. Чунки, ҳикоя бир соатда босган масофани метафора бир лаҳзада кечади. Биз ҳаммамиз дафъатанликни севамиз, янги ташбеҳ эса, ўша дафъатанликни таъминлайди. Одамлар шеър ўқиб “юрагим жиз этди”, деганларида, эҳтимол, шу мўъжиза таъсирини назарда тутарлар!
Афсуски, тўпламнинг охиридан жой олган “Ташрифингиз қилди мени лол” туркумидаги “Қаҳратон” сарлавҳали достоннамо шеър китобга ярашмай турибди. Есенинча руҳ фақат Есенинда бетакрордир. “Қаҳратон”да воқеабандлик бор, янгилик йўқ, сўз кўп, шеър кам. Албатта, бу шеър китобга соя сола олмайди, фақат унинг ўзи бошқа шеърлар соясида қолиб кетгани ёмон. Шунингдек, “Тоғдан тушган бўрида ва босқинчи ўғрида Эзгу мақсад бўлмайди”, қабилидаги ёки “Хилватларда излар ёўқ… Наҳот довдирар қизлар йўқ. Шундай катта қишлоқда” каби учликлар ҳам китобга соя сололмайди. Умуман олганда, Анвар Обиджоннинг бу шеърий тўплами марказида бир туйғу порлаб турибди — бу Ватан туйғуси. Бу нур қаршисида эса, унча-мунча соя эриб кетади.
1985
(19)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Иқрор” китобидан. (75-79-саҳифалар.)