O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон: мен “қора рўйхат”га лойиқ иш қилганим йўқ

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон: мен “қора рўйхат”га лойиқ иш қилганим йўқ
217 views
10 August 2017 - 15:21

Таниқли ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон айтишича, Ўзбекистоннинг 25 йилллик муаммолари ҳақида “Бу кунлар” асарини ёзганини “қора рўйхат”га лойиқ иш эмас, аксинча ёруғ иш деб билади.

Ёзувчи Фейсбукдаги саҳифасида ўзини Ўзбекистондаги “қора рўйхат”дан ўчиришгани ҳақида хабар тарқатди.

“… мен айтадиган гап бошқа: Мен сизларнинг “қора рўйхат”ларингга лойиқ иш қилганим йўқ! Мен Ислом Каримов ўрнатган тузумнинг камчиликларини таҳлил қилиб китоб ёздим, шу холос! Афсус, Каримов сиёсати “Бу кунлар”да кўрсатилган камчиликлар бир ёқда қолиб, камчиликни кўрсатган одам билан шуғулланишга киришиб кетди”, деб ёзди Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон.

Ўзбекистонда расман “қора рўйхат” мавжудлиги эътироф этилмаган, бироқ мамлакат мустақиллигининг дастлабки йилларидан мухолиф сиёсатчилар, зиёлилар, ўзгача фикрловчи инсонлар, инсон ҳуқуқлари фаоллари, санъаткорларнинг “қора рўйхати” амал қилиб келган.

“Қора рўйхат”га номи тиркалган инсон жамиятда мушкулликларга дуч келган, айримлар ҳибс этилган, хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлган, ишга жойлашиш, ўз асарини нашр этиш, давлат теле ва радио каналларида кўрсатиш ёки эшиттириш тақиқланди.

Ўзи ва қариндошлари ноқонуний диний ташкилотга мойиллиги бор деб кўрилган инсонлар ҳам “қора рўйхат”га киритилди.

Бундай инсонлар маҳалла-кўйда яккалаб қўйилди, улар ён-атрофдаги душманона муносабатга дуч келдилар.

Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилояти фаоллари билан учрашувда “нотўғри йўлга кириб қамалган” инсонлар ва уларнинг қариндошларига нисбатан давлат томонидан нотўғри муносабат кўрсатиб келинганини тан олди ва муносабатни ўзгартиришга чақирди.

Президент Мирзиёев топшириғи билан Ўзбекистондаги минглаб диндорлар халқ тилида “қора рўйхат” деб аталган рўйхатдан чиқарилаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Август ойининг бошида таниқли ёзувчи Эврил Турон – Мамадали Маҳмуд ўзига “қора рўйхат”дан чиқарилганини айтишганини маълум қилди.

Дунёдаги қамоқда энг узоқ сақланган журналист Муҳаммад Бекжон шу йил февралида озодликка чиқарилди, у “қамоқдан чиққанидан буён келиб тилхат ёздириб кетишаётганини, лекин бир ярим ойдан буён келишмаётгани”ни айтди.

Манба: Би-би-си Ўзбек