Мухолифатчи Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистонга қайтсин, дея қилинаётган мурожаат ташаббусчиси ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон (Нурулло Отахон) назарида ўзбек жамиятидаги тарқоқликка барҳам бериш фурсати етган. Мухолифлар ҳам, мухолифат ҳам ватан душмани эмас, шу ватаннинг бир қисмидир, дейди у.
Чорак асрдан буён Туркияда сиёсий қочқинликда яшаётган Муҳаммад Солиҳни ватанга қайтариш ташаббуси ўзбек зиёлилари томонидан қувватланмоқда. Мурожаатга қатор адиблар имзо чекишган.
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхонга кўра, Президент Мирзиёевнинг ислоҳотлари мудроқликдаги ўзбек зиёлилари уйғонишига ҳам туртки бермоқда, аммо жараён осон кечаётгани йўқ.
Туркиядаги муҳожирликдан ватанга қайтиши ортидан ҳибс қилинган. Кейинроқ шартли озод қилинган ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон бугун ҳам ўзбек жамиятида кечаётган ўзгаришларни бевосита кузатиб, жараёнларга ўз муносабатини мунтазам билдириб келаётган зиёлилардан бири.
Мурожаат имзо йиғиш якунланиши ортидан Ўзбекистон президентига йўлланади.
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон дейдики, бу мурожаатнинг асл моҳияти ўзбек жамиятидаги тарқоқликка барҳам бериш, мустақил қарашдаги зиёлилар, мухолифатчилар давлат душмани эмас, шу ватаннинг, шу жамиятнинг бир қисми эканлигини ҳокимиятга ҳам, жамоатчиликка ҳам етказишдан иборат.
“Бу ижодкорларнинг мактубида гап хосиятан Муҳаммад Солиҳ ҳақида кетаётган бўлса-да, лекин давлатимизга, сиёсатимизга қаратилган умумий чақириқ, муҳожиротда юрган барчага нисбатан муносабат ўзгариш кераклиги ҳақида. Эскича қарашлар замони ўтди, қайтадан кўриб чиқайлик, туҳматлар даври ўтди. Мана ҳозир ҳам, мурожаат юзасидан билдирилаётган айрим изоҳларга қарасангиз, аввалги тарғибот таъсири ҳамон давом этаётганилигини кўрасиз. Бу сарсонгарчиликлардан, ўзаро қарама қаршиликдан ҳеч кимга фойда йўқ энди. Зиёлиларнинг нияти энди аҳил, иноқлик бўлсин дейиляпти. Мен бу ҳақда мақола ҳам ёзганман. Жамият аҳил бўлиши учун тарқоқликка, зиддиятга барҳам бериш керак, деб. Афсуски, ким мухолифат бўлса, тазйиқлардан қочиб ташақарига чиқиб кетган бўса ватан хоини деган қараш ҳозир ҳам бор, жамоатчилик бундай қарашлардан қутилиши керак”, – дейди ёзувчи.
Ўзбекистон халқ шоирлари Шукрулло, Жамол Камол, Ҳалима Худойбердиева, жамоатчиликка танилган бир қатор адиблар, шоирлар, журналистлар, шунингдек оддий одамлар томонидан имзоланаётган бу мурожаатда асосан шоир Муҳаммад Солиҳнинг ўзбек адабиётидаги ўрнига диққат қаратилади. Аммо Муҳаммад Солиҳ сал кам чорак аср собиқ тузум ва ҳокимиятга мухолифатда бўлган жамоатчиликка етакчилик қилиб келди. Шоирга кўрсатилган тазйиқ, таҳдид, мамлакатда унга нисбатан очилган жиноий иш ҳам унинг мухолифатдаги фаолияти билан боғлиқ.
Мурожаат ташаббускори Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхонга кўра, ижодкорлар учун аввало Муҳаммад Солиҳнинг шоир сифатидаги шахсияти муҳим, аммо унинг жамоатчилик миқёсидаги, шу жумладан, мухолифатдаги фаолияти ҳам ватанга хизмат қилишдан иборат бўлган:
“Мурожаатда у ижодкор сифатида, буюк шоир сифатида тилга олинган, сиёсатчилиги иккинчи масала дейилган. Лекин биз истаймизми йўқми, давр тақозосига кўра, Муҳаммад Солиҳнинг икки жиҳати бор, яъни у фақатгина шоирдан иборат эмас, мухолиф сиёсатчи сифатида ҳам гавдаланади, бу ҳақиқат. Шоир сифатида чақирилган тақдирда ҳам барибир унинг мухолифлиги ҳам ўзида қолади. Лекин биз диққат қилайлик, шоир 70 га кирди, бу улуғ бир ёш. У сиёсатга киришган 1990-йиллар ҳаммани кўз ўнгида бўлган. Ёнма-ён турганмиз ва бу фақат яхши ниятда қилинган ишлар эди. Зиёлилар аралашмаса бўлмас эди, у пайтда сиёсатга. Аммо шундай давр эдики, ватан мустақиллиги учун зиёлилар ўртага отилиб чиқди. Шунда давр тақозоси билан Муҳаммад Солиҳ ҳам сиёсий бир лидер бўлиб ўртага чиқди. Унинг ниятида ҳеч қачон ёмонлик бўлмаган. Аммо Муҳаммад Солиҳни ёмонотлиқ қилиш, туҳмат билан номини сиқиб чиқариш ҳаракатлари бўлди. Аммо бугун давр бошқа, биз нафақат Муҳаммад Солиҳга, балки барча мухолифларга нисбатан қарашлар ўзгариши керак, деб ҳисоблаймиз. Қолаверса, даврнинг ўзи бугун шуни тақозо этяпти, Президент жамиятни янгиламоқчи, тоза фикр керак”, – дейди ёзувчи.
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон Ўзбекистонда ҳокимият алмашишидан сўнг, Президент Мирзиёевнинг “қора рўйхат” дагиларни оқлаш ваъдасига кўра ватанга қайтган кам сонли фаоллардан. Ватанга қайтгунча Туркияда муҳожирликда яшаган ёзувчининг “Бу кунлар” романи жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотган, аммо Ўзбекистон ҳукумати томонидан экстремистик адабиёт сифатида топилган эди.
Каримов давридаги тузум кескин танқид қилинган бу роман муаллифи таҳдидларга қарамасдан Мирзиёев чақириқларидан илҳомланиб ватанга қайтгач, аэропортда ҳибс қилинди ва бир неча кун давом этган тергов суриштирувлардан сўнг шартли равишда озод қилинган эди. Бу ҳибс, шунингдек ёзувчига қўйилган экстремизм айблови бекор қилинмагани ватанга қайтиш иштиёқидаги кўплаб мухолифларни ҳушёр тортдирди.
Ёзувчига кўра, бугун ҳокимият ҳам, жамоатчилик ҳам мухолифларни қабул қилишга тайёр дейиш бироз қийинроқ.
“Албатта, ижобийлик томон кескин ўзгаришлар қийин кечади. Лекин жамият бунга тайёр бўляпти. Мана шу ташаббус мисолида ҳам аввал индамай юрганлар имзо чекишяпти, ўз фикрларини билдиришяпти. Шундан биляпмизки, жамиятнинг катта қисмида мухолифатга нисбатан қараш шакилланмоқда. Ҳокимият масаласида, ҳали эски сиёсат, элитадан тўла қутилганича йўқ, қарама қаршиликлар бўлиши мумкин. Бундан бирданига натижа кутиш қийин, яъни бу ижодкорлар мурожаат қилди, президент дарров ҳал қилди, дегани эмас. Шунингдек, мухолифатдагилар келсин, дегани билан улар ҳам дарров югуриб келишмайди, ҳуқуқий меъёрлар белгиланиши керак, уларга нисбатан очилган жиноий ишлар бекор қилиниши керак. Мухолифатни ижобий ўзанга солиш керак, давлат буни назоратга олиши керак, бутун дунёда мухолифат мамлакат ичкарисида туриб ўз танқидини айтади, эмин эркин ҳаракат қилади. Бизда ҳам шундай бўлиши керак, бу Мирзиёев олиб бораётган бугинги сиёсатга жиддий таянч бўлади, “, – дейди Нуруллоҳ Рауфхон.
Муҳаммад Солиҳнинг ўзи ҳозирча бу мурожаатга бирор муносабат билдирмаган, аммо у аввалроқ Ўзбекистон президенти қабулхонасига ўзига қўйилган айбловларни бекор қилиш, номини оқлаш, ватанга эркин шахс сифатида қайтиш имконияти берилишини сўраб талабнома жўнатган эди.
Манба: amerikaovozi.com