O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Нурчилар” нур таратадими?

“Нурчилар” нур таратадими?
266 views
06 April 2013 - 10:55

Долзарб мавзуда ЎХҲ Муассислар Мажлиси аъзоси ва мавофиқлаштирувчиси Намоз Нормўмин билан суҳбат

Namaz_Nurmumin_399796192697Савол: “Нурчилик” нима дегани ёки нурчилик қандай ҳаракат?

Жавоб: “Нурчилик” Туркияда ҳам, мусулмон дунёсининг бошқа жойларида ҳам мавжуд бўлган устозга боғлиқ бўлиш, эргашиш, устознинг йўлини таъқиб этиш, дея таърифлаш мумкин бўлган бир диний ҳаракатдир

Савол: Нурчиларнинг устози ким?

Жавоб: Уларнинг устози 20 асрда яшаган Туркиялик олим Баддиуззамон Саид Нурсийдир. Асл Исми Саид, Баддиуззамон тахаллуси, замоннинг ҳариқаси, яъни машҳури, демакдир. У 1878 йилда ҳозирги Туркиянинг Шарқидаги Битлис вилоятнинг Нурс қишлоғида туғилган. Болалигидан Исломий тарбия ва таълим олган Саид Нурсий 1915 йил биринчи дунё урушида русларга асир тушади. Уч йилга яқин асирликда бўлиб, Русиядаги Октябрь инқилобидан кейин мамлакатига қайтади. Бу йилларда Усмонли халифалиги тугатилиб, унинг  ўрнига Туркия Жумҳурияти қурилаётган йиллар эди. Усмонлининг Шарқий ҳудудларида 1925 йилда Шайх Саид (Баддиуззамон Саид Нурсийнинг адашидир) қўзғолони бошланади. Жумҳурият асосчилари (Отатурк ва унинг ҳукуматдаги сафдошлари) бу қўзғолонни бостириш билан бирга таниқли уламоларни қатл ва сургун қилишни бошлайди. Шу турзда Саид Нурсий ҳам Бурдур, кейин Испарта вилоятига сургун қилинади. Шу турзда 1950 йилларгача деярли 25 йил сургун ва қамоқ ҳаёти кечирган Саид Нурсий бу йиллар давомида ўзининг машҳур “Нур” рисолаларини ёзади. Саид Нурсий 1960 йилда вафот этган.

Савол: “Нур” рисолаларини маъно жиҳатдан қандай баҳолаш мумкин?

Жавоб: Булар Саид Нурсийнинг диний тушунчаларидир. Маълумки, Қуръони Карим икки йўл билан тафсир қилинади (изоҳлаб тушунтирилади): Ривоят ва дираёт усуллари. Ривоят тафсирлари Қуръон оятларини бошқа оятлар ва Расулуллоҳ (сав)нинг саҳиҳ ҳадислари билан тушунтиришдир. Дираёт тафсири эса уни ёзган олимнинг ўз фикрларига, яъни Қуръонни тушунишига кўра ёзилган тафсирлардир.

Савол: “Нур” рисолаларини шундай тафсир, дейиш мумкинми?

Жавоб: Нисбатан дираёт тафсири, дейиш мумкиндир. Аммо одатда тафсир китоблари Қуръони Каримни бошдан охиригача изоҳлаш усулида ёзилади. “Нур” рисолалари эса муаллифининг турли исломий мавзуларда ёзилган шахсий тушунчаларидир. Уларда албатта Қуръон оятларининг ҳақиқатларидан ҳам баҳс этилади, аммо янада бу рисолаларни мусулмонлар тарафидан қабул қилинган усулдаги тафсир китоблари дейиш қийин бўлса керак…

Савол: “Нур”чиларнинг асосий ғояси нимадан иборат?

Жавоб: Бу жамоат асосан Саид Нурсийнинг китобларидаги ўзлари ҳақиқат деб биладиган нарсаларни ўрганиш ва бошқаларга ўргатиш билан шуғулланадилар. Шунинг учун ҳам дарсларида асосан устозларининг рисолаларини ўқишади. Саид Нурсий рисолалари дярли бир аср аввал, яъни усмоний лаҳчада ёзилгани учун бу китоблар ҳозирги турк тилига мослаштирилгандир. Уларда Исломнинг турли мавзулари Саид Нурсий тушунга шаклда ифода қилинган. “Нур” талабалари ўз устозларини замоннинг мужаддиди, яъни динни янгилаган буюк олим ва аллома, деб биладилар. Шунинг учун ҳам дарсларда устозларининг ҳаётидан турли ривоятлар, улар орасида уйдирма, ҳақиқатга тўғри келмайдиганлари ҳам бор, айтилади. Шу билан бирга “Нур”чилар ўзаро турли гуруҳларга ҳам бўлиниб кетганлар. Юқорида айтилгани каби улар асосан Саид Нурсийнинг рисолаларини нашр қилиш ва уларда ўзлари ҳақиқат, деб биладиган таълимотларни бошқалар орасида ёйиш билан шуғулланадилар…

Савол: “Нур”чиларни тасаввуфий тариқот, дейиш мумкинми?

Жавоб: Нисбатан, дейиш мумкин. Чунки Саид Нурсий ўз рисолаларида сўфийлар ҳақида эҳтиром билан ёзган. Аммо тариқотларда Аллоҳга етишиш учун (Ислом ақидаси бевосита Аллоҳ таолога етишиш эмас, Аллоҳнинг ризосига етишишга асосланади) шайхга маънавий боғланиш (робита) зарурийдир. “Нур”чиликда эса асос Нурсийнинг таълимотидир, талабалар унга эргашишлари шартдир..

Савол: Ҳозир Туркиядаги машҳур Фатҳуллоҳ Гулан жамоати ҳам “нур”чилардан иборатми?

Жавоб: Йўқ, бу айри бир жамоатдир, аммо кўп ерларда Гулан жамоати билан “нур”чиларни айни, бир жамоат, деб билишади. Бунинг сабаби Гуланнинг ўз маърузаларида Саид Нурсий ҳақида “устоз”, дейиши ва бу жамоатда ҳам ҳақиқий “нур”чилар каби бўлмасада, қисман рисолаларни ўргатилишидир…

Савол: Гулан жамоатини қандай таърифлаш мумкин?

Жавоб: Бу жамоат Туркияда “Фатҳуллоҳчилар” (яна устозларининг исми билан), Жамоат, Хизмат жамоати номлари билан машҳурдир. Саид Нурсий билан Фатҳуллоҳ Гулан ўртасидаги ўхшашлик иккаласининг ҳам Туркиядаги секуляр (ғарб тушунчасидаги дунёвийлик) тузумига қарши бўлишлари ва ҳаётларини оила қурмай, фақат мавжуд ғарбона режимга қарши кураш билан ўтказишларидир. Фақат Саид Нурсий ғарбона тузумга қарши бундай мухолифликни ўз рисолаларида акс эттирган бўлса, Фатҳуллоҳ Гулан ва жамоати бу ишни амалий  шаклда олиб бормоқда. Яъни, Фатҳуллоҳ Гулан ва жамоатининг ҳозирги кунда Туркияда Отатурк тарафидан қурилган режимнинг емирилишида катта ҳиссаси бордир. Гулан жамоати бу маънода маърифий ва ижтимоий жамоатдир, фақат Нурсийнинг рисолаларини ўқийдиган ва унинг таълимотини ёяадиган маърифий жамоат эмас.

Савол: “Фатҳуллоҳчилар”, яъни Гулан жамоати қайси соҳаларда иш олиб боради?

Жавоб: Бу жамоат бутун ижтимоий соҳаларда иш олиб боради. Ишни таълим соҳасидан бошлашади. Яъни, бу жамоатнинг ўз мактаблари ва лицейлари бор.  Жамоатга оид бўлган Турк лицейлари бугун дунёнинг 140 давлатида борлиги маълум. Турк лицейларида математика фани, инглиз ва турк тиллари асосий фанлар сифатида ўргатилади. Аммо ўқувчилар ва талабалар жамоатнинг ётоқхонларида  яшаганлари учун уларга кечки вақтларда исломий таълим ва тарбия ҳам бериб борилади. Натижада ўқувчилар ва талабалар бир томондан дунёвий илмларни ўрганадилар, иккинчи томондан исломий таълим ва тарбия оладилар…

Жамоат иш олиб борадиган иккинчи соҳа эса оммавий ахборот соҳасидир. “Замон” газетаси ҳозирда бир миллион нусахада чиқади ва Туркияда энг кўп сонли газетадир. Жамоатнинг “Сомонйўли” ва яна кўплаб телевидение каналлари, ўнларча интернет саҳифалари, журналлари бордир. Бу маънода Гулан жамоати бир медиа (оммавий ахборот воситалари) девидир.

Жамоатнинг иқтисодий фаолияти “Осиё” банки, вақфлар, турли жамиятлар воситаси билан олиб борилади. Тахминларга кўра бу жамоатнинг иқтисодий кучи энг камида 50 миллиард доллардир.

Гулан жамоати сиёсатга таъсирини ўз вакилларини сиёсий партияларга аъзо қилиш билан амалга оширади. Ҳозирда Бош Вазир Эрдўғоннинг Адолат ва Тараққиёт партиясида бу жамоатнинг талайгина вакиллари бордир.

Ва ниҳоят Гулан жамоати ҳуқуқий ва тартибот органларида ҳам ўрин олганлар. Яъни, хавфсизлик кучлари, хусусан ички ишлар ва прократура органларида Гулан жамоати етиштирган етарли даражада кадрлар бор. Ҳозирги кунда Туркияда ҳарбий бюрократик диктатурага қарши курашда Жамоатнинг ҳуқуқ ва тартибот ишларидаги кадрлари муҳим роль ўйнаётгани сир эмас. Ҳатто шу  даражадаки, 2012 йилнинг бошларида шу жамоатга яқин бўлган прокурорлар Бош вазир Эрдўғоннинг ўнг қўли ҳисобланадиган МИТ (биздаги МХХ) Раисини терговга чақириш даражасигача бордилар. Натижада 2000 йилларнинг бошларидан бери ҳамкорлик қилиб келаётган Эрдўғон ва Фатҳуллоҳ Гулан орасида “қора мушук” ўтди. Сиёсий жиҳатда ниҳоятда кучли бўлган Эрдўғон жамоатнинг таъзирини бериб қўядиган қадамлар отди. Масалан, ҳозирги кунда жамоатнинг лицей ўқувчиларини университетга кириш имтиҳонларига тайёрлайдиган (биздаги ҳозирлик курслари) дарсхоналарини ёпиш ҳақида ҳукумат қарор чиқарди. Бунга жавобан, Фатҳуллоҳ Гулан ўз талабаларига “дарсхоналарингизни ёпишса, уйларга чекилинг”, яъни дарсларни уйларда ва ётоқхоналарда давом эттиринг маъносида кўрсатма берди. Шунингдек, Бош Вазир Эрдўғон ўз маърузаларидан бирида “расмий давлат ичида сирли давлат бўлишига рухсат бермаслигини” айтганди. Бу Туркияда Жумҳурият қурилгандан бери мамлакат идорасини норасмий ҳолда ўз қўлида ушлаб келган ғарбпараст ҳарбий бюрократик хунтачи кучларга ҳам, Гулан жамоатига ҳам тегишли огоҳлантириш эди. Шу билан бирга бугунги кунда  ғарбпараст ҳарбий бюрократик хунтачи кучларга қарши курашда Эрдўғон ва Гулан жамоатининг иттифоқи давом этаётгани ҳам бир ҳақиқатдир…

Савол: Ўзбекистонда Гулан жамоатининг чиқариб юборлишининг сабаби нимада?

Жавоб: Сабаби жамоатнинг юқорида айтилгани каби бутун ижтимоий соҳаларга “бурнини” тиқишидадир. Бу жамоатнинг асосий сифатларидан бири “тақиячилигидир”, яъни унинг аъзолари ўз мақсадларига эришиш учун мавжуд тузум ва шартларга ўзларини мос қилиб кўрсатадилар. Буни ўзбекчасига “мулойим хунуклик”, дейилади. Яъни, жамоат мансублари тузум ёки шартларга асло бирор соҳада очиқ мухолифлик кўрсатмайдилар. Айниқса ушбу жамоатнинг мактабларида замонавий илмларга аҳамият бериши кўпчиликни ўзига ром қилади. Бунинг устига жамоатда етишган талабалар отатуркчи мактабларда етишган талабалардан фарқли ўлароқ нисбатан маънавиятли ва ахлоқли инсонлар бўлиб етишадилар. Аммо “тақиячилик” натижасида айниқса иқтисодий ва тижорий соҳаларда ҳозирги кунда Туркияда ҳалол ва ҳаром масаласи, тўғрилик ва манфаатпарастлик аралаш қуралаш бўлиб кетгани ҳам бир ҳақиқатдир. Ҳақ ва ботил ишларни ва уларнинг тарафдорларни қулай ажрата олмаслик, ҳатто уларнинг аралаш қуралаш бўлишига сабаб бўлиш тақиячиликнинг энг хунук ва ёмон  тарафидидир. Аслида тақия (Оли Имрон сурасининг 28 ояти ва тафсирига қаранг) жуда нодир ҳолларда мусулмон шахслар ишлатиши мумкин истиснои усул, яъни ғайримуслимлардан келадиган таҳликага қарши ўзининг асл мақсадини ва кимлигини яширишдир. Аммо тақия ҳамма жойда, ҳар қандай ҳолатда ва ҳамма мусулмонлар тарафидан ишлатиб кетилаверади, деган қоида йўқ. Шунинг учун ҳам Туркиядаги мусулмонлар жамоатлари ва исломий фирқаларнинг тақиябозликка асосланган ишлари уларнинг тўлиқ муваффақиятга эришишларига тўсиқ бўлгани ва энг муҳим ҳақ ва ботилни, ҳалол ва ҳаромни ажратиб олишда катта муаммоларга олиб келгани бир ҳақиқатдир…

Савол: “Нурчилар”, Гулан жамоати ва бошқа исломий жамоатлардан Ўзбекистонлик мусулмонлар оладиган ўрнаклар ва хулосалар ҳақида нима дейиш мумкин?

Жавоб: Аввало шуни айтиш керакки, Ислом динида ўзига эргашиладиган шахс ва устоз оламларга раҳмат сифатида юборилган пайғамбаримиз Муҳаммад (сав)дир. Бу маънода менинг фикримга кўра ҳақиқий мусулмонлик Муҳаммадийликдир, фалонийлик ёки пистончилик эмас. Мусулмонлар орасида тарқалган жамоатларга қарайдиган бўлсак, улар асосан ўз даврларида яшаган ва бу жамоатларни ташкил қилган олимлар ёки устозларнинг (уларнинг илмлари турли даражада ва сифатда бўлиши мумкин)  номлари ва таълимотлари билан боғлиқдир. Ҳолбуки, Исломнинг бошланишида улуғ саҳобалар ўрин олган эдилар. Ҳатто тўрт халифадан фақат бири, яъни Али (ра)га эргашишни иддоа қилиш шиаликни келтириб чиқаргани ва бу фирқа ботил тушунчалар, бидъат ва хурофот амаллари билан тўлиб тошгани бир ҳақиқатдир. Хулофаи рошидиндан кейин Абу Бакирийлик, Умарийлик, Усмонийлик, деган фирқалар ўртага чиқмаган. Ҳозирги кундаги ҳизбчилик, нурчилик, таблиғчилар, сўфий тариқотлар, мазҳабчилар ва ҳатто салафий гуруҳларга ҳам қараладиган бўлса, уларда ҳар ким устозу алломасининг таълимотига қаттиқ ёпишиб олганини кўрамиз. Яқинда менга эътироз билдирган салафийлик тарафдори биродарларимиздан бири бизни нега булар билан ёнма ён қўясиз, бу ҳақсизлик, деган маънода гап айтди. Тўғри, салафи солиҳлар Исломнинг бошланишидаги, яъни аввалдаги (салафдаги) уч насл мусулмонлардир. Булар пайғамбаримиз Муҳаммад (сав), саҳобалари, Имом Бухорий ва бошқа ҳадисчи уламолар, сунний тўрт мазҳаб асосчилари каби Исломнинг тикланишида асосий ролни ўйнаган насллардир. Аммо бугунги салафий гуруҳлар ҳам турли эканлиги бир ҳақиқатдир. Улар орасида жиҳодчилар, такфирчилар, мадҳалийлар каби тоифалар бор…

Хўш, Ўзбекистонлик мусулмонлар буларнинг қайсисига эргашиши ва қайсисини нусха (копия) олишлари керак? Аслида эргашувчилар аллақачон ўз эргашишларини бошлаб юборганлар. Менинг фикримча, динни ўрганишни бошлаган киши аввал бу жамоатларни ва уларнинг тажрибасини эмас, Ислом таълимотининг асосларини ва Муҳаммад (сав) ҳаётларини содда шаклда ўрганиши лозим бўлади. Бу билан Исломни ўрганаётган киши илмий асосга эга бўлади. Бундай асос аввало, Исломий ақиданинг илдизларини, яъни тавҳиднинг (Аллоҳ таолонинг борлиги ва бирлиги) ҳақиқатини, ширкнинг шаклларини, нифоқни (мунофиқликни), куфрнинг турларини, Исломнинг намоз, закот, рамозон рўзаси, ҳаж, садақа, жиҳод каби ибодатларини, Ислом динининг муомалатларини (сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий, оила, мерос, таълим тарбия), Ислом ҳалол ва ҳаром қилган нарса ва амалларни, Ислом ахлоқини Қуръони Карим ва саҳиҳ ҳадислар асосида содда ўрганишни билдиради. Бундай содда ва соф илм манбаига эга бўлган мусулмон киши кейин турли жамоатлар ва гуруҳларнинг мағзини чақа олади…

Шунинг учун ҳам биз мусулмонлар Қуръони Карим ва саҳиҳ ҳадислар бизни таърифлаган фақат бир сифатга, яъни мусулмонлик сифатига эга бўлишимиз ва бу ҳақиқий сифатни ёйиш учун ҳаракат қилишимиз, керак деб ўйлайман.

Савол: Исломий жамият, Исломий давлат, Ислом халифалиги каби мавзуларда нима дейишингиз мумкин?

Жавоб: Бу масалаларни таъриф қилишда, яъни уларнинг нима эканлигида аввало биз мусулмонларнинг орамизда ҳам, инсоният орасида ҳам иттифоқ йўқ. Яъни, бу масалаларни ҳар ким ўзича тушунади, изоҳлайди ва шундан келиб чиқиб ҳаракат қилади. Бу тушунчаларнинг асосида дин нима ўзи, деган савол ётиши маълум. Бу ерда албатта дин деганда Аллоҳ таоло нозил қилган Ҳақ динни, яъни Исломни назарда тутаяпмиз. Исломнинг дин ўлароқ икки асосий сифати бор: биринчиси, Аллоҳ таолога ягона Роб ва Илоҳ сифатида бандалик қилиш, яъни Тавҳид эгаси бўлиш. Айтиш керакки, Исломда банда ва бандалик (арабча аъбд, ибодат) дейилганда Аллоҳ таолонинг амрига (яъни Қуръон ҳукмларига) ва Муҳаммад (сав)нинг Суннатларига кўра мусулмон кишининг Аллоҳ ризосини кўзлаб қиладиган барча амаллари (ейиши, ичиши, кийиниши, жинсий ҳаёти, намоз ўқиши ва бошқа  махсус ибодатлари, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва ҳк фаолиятлари) тушунилади. Яъни, Исломдаги бандалик мусулмон кишининг бутун ҳаётини ўз ичига оладиган эътиқодий ва амалий таълимотдир. Ислом динининг иккинчи муҳим хусусияти, динимизнинг дунё ва охират қадриятларини ўз ичига олишидир. Бу маънода Исломда динийлик ва дунёвийлик бир биридан ажратилмайди, аксинча бири иккинчисига маъно беради. Зеро, бу дунёда Исломга кириб, яхши амаллар қилганлар охиратда жаннат билан мукофатлантириладилар, куфрга кетиб, умрини ёмонлик билан ўтказадиганларга эса жаҳаннам азоби берилади…

Шундай экан, динни (Исломни) мен бир қўёш ўрнида кўраман,  ижтимоий соҳалар эса бу қуёшдан нур оладиган бирор “дарахтлардир”. Яъни, Ислом унга эътиқод қилганларнинг фикрини шакллантиради ва мусулмонларнинг барча ижтимоий соҳалардаги фаолиятларининг мазмунини белгилаб беради. Шу билан бирга динни (Исломни) фақат сиёсат ёки фақат давлат, дея таърифлаш ҳам унчалик тўғри бўлмаса керак. Чунки сиёсат ижтимоий ҳаётнинг муҳим, балки сўнгги асрларда инсоният ҳаётининг энг муҳим воситасидир, аммо шу билан бирга дин фақтагина сиёсатдан иборат ҳам эмас, дин ва сиёсат моҳият жиҳатидан тенг ҳам эмасдир. Ахир қуёш билан ундан жон оладиган дарахтлардан бири, бу дарахт энг катта дарахт бўлган тақдирда ҳам, тенг бўладими? Асос билан бу асосга хизмат қиладиган восита ҳеч тенг бўладими? Қуръони Каримда сиёсатга оид қоидалар Аллоҳ ва Расулига, мусулмонларнинг Шўросига ва бу шўроларда сайланадиган раҳбарларга итоат қилиш, адолат билан ҳукм қилиш каби илоҳий ҳукмларда ифодаланган. Аммо давлат ишларини бошқариш, ҳукуматни тузиш, мавжуд ҳукуматнинг табиатга ва моддага оид ишларини амалга оширилиши Исломий таълимотга эргашиш шарти билан мусулмонларнинг ақлларига ҳавола қилингандир. Қолаверса, Ислом тарихига қарайдиган бўлсак, мусулмонланинг жамияти аввал халифалик, кейин эса асрлар давосида салтанат шаклида бўлиб келганини кўрамиз. Аммо мусулмонларнинг давлати (давлат нима ўзи деган масала алоҳида бир мавзу) қандай шаклда бўлиши керак, бу битта  бўлиши керакми, ёки ҳозирги каби олтмишта ундан кўп ёки оз бўлиши керакми? Бу масалаларга аниқ жавоб берадиган олимлар, жамоатлар, фирқалар борми ўзи? Афсуски, йўқ….

Менинг назаримда бундай саволлар (исломий жамият, давлат, халифалик) ҳозирги куннинг долзарб масаласи эмас. Биз шиор қилиб кўтарган билан бу масалалар ўз ўзидан ҳал бўлиб қолмайди. Қолаверса Исломннинг дунёга маълум шиори бор: Бу “Ла илоҳа илоллоҳ, Муҳаммадун Расулуллоҳ” ақидасини ўрганиш, яшаш ва уни дунёга ёйиш учун мусулмонларнинг ўзаро иттифоқ ҳолида бўлишларидир. Зеро, тўғри илмга ва ўзаро иттифоққа асосланмаган жамият ҳам, давлат ҳам бугунги “исломий давлатлар ва жамиятлар” ҳолида бўлади. Бу жамиятлар ва давлатлар мусулмонларнинг манфаатларига хизмат қилиш у ёқда турсин, мусулмонлар уларни ислоҳ қилиш учун курашишга мажбур бўлмоқдалар. Бундай курашнинг заминида зулмнинг тугатилиши ва эркинлик ва адолатнинг тикланиши ётиши маълум ҳақиқатдир. Шунинг учун ҳам мусулмонлар эркинлик ва адолат учун курашаётган сиёсий ҳаракатларга ўз ҳиссаларини қўшиши шартдир. Чунки ояти каримада ифодалангани каби Аллоҳ таоло адолатни амр қилган. Бу эса зулмга қарши туриш билан амалга ошади. Шу билан бирга шиор сифатида диний (Исломий) маърифат ва мусулмонларнинг иттифоқидан гапирсак тўғри ишни қилган бўламиз, деб ўйлайман.

ЎХҲ сайти учун махсус
06.04. 2013 йил.

Илова: Намоз Нормўминнинг айни мавзудаги туркча суҳбатини қуйидаги линкдан ўқишингиз мумкин: kuremedya.com