Остонадаги Оқ-Ўрда қароргоҳида ҳукумат мулозимларини тўплаган Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ҳукумат мулозимлари миллиардларни ўмараётганидан сўз очди.
Ҳукумат ва вилоят ҳокимлари ишидан қониқмаганини намойиш қилган президент Назарбаев ҳўжакўрсинга қилинаётган ишлар, давлат бюджетини ўмариш схемалари ва муҳим давлат дастурларининг нима сабабдан ўпирилаётгани фош қилди.
“Баъзилар индустриялаштириш бу – Исекешевнинг иши, деб ўйлади. Аммо бу бутун ҳукуматниинг, ҳар бир ҳокимнинг иши. Кимки бу билан шуғулланмас экан, демак у мамлакат стратегияси дастурини бажармаяпти. Ҳар гал мен буни яқиндан назорат қилишни тўхтатишим билан фаоллик сусайди. Буни ҳар бирингиз уқиб олсин. Алоҳида ҳисоб берасизлар“, деди президент Назарбоев.
Қозоғистон раҳбари ҳукумат мулозимларининг хўжакўрсинга қилаётган ишларига мисол келтириб қуйидагиларни айтди:
“Мисол учун Қарағандада учоқ ишлаб чиқарувчи “Фермер” заводи ўз учоғини ишлаб чиққанини Серик Нигматович бир вақтлар катта ҳашамат билан намойиш қилганди. Айтишларича, биттагина учоқ ишлаб чиқарилган, у ҳам учолмаган. Кимга керак бунақа кўзбўямачилик, агар у ишламаса”, деди Назарбоев.
Шунингдек, Назарбоев мулозимлар давлат тарафидан сотиб олинаётган маҳсулотлар нархини ошираётгани, ғирром тендерлар ўтказаётгани, йўллар қурмаётгани ва ҳоказолардан ҳам яхши хабардор.
“Бунақа мисолларни кўплаб келтиришим мумкин. Ҳаммангизни огоҳлантириб қўймоқчиман: агар сиз буни кузатмаётган бўлсангиз, демак сиз ҳеч нарсани кузатмаяпсиз. Унда нима билан бандсиз, тушунмайман. Бу ерда миллиардлаб маблағ ўғирланмоқда”, деди Қозоғистон президенти.
Қозоғистон ҳукуматининг Остона шаҳрида бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишида Бош Вазир атрофини давлат бюджетини ўмараётган хасислардан тозалаш ва тартиб ўрнатиш бўйича топшириқ олди.
ЎХҲ хабар маркази