O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ОАВ: ИШИДнинг Афғонистондаги бўлинмаси кимлар?

ОАВ: ИШИДнинг Афғонистондаги бўлинмаси кимлар?
313 views
29 August 2021 - 11:47

2021 йил 26 августда Кобул аэропорти яқинида иккита портлаш содир бўлди. Ҳодиса оқибатида камида 170 киши ҳалок бўлди. Ҳужум учун жавобгарликни ИШИДнинг Афғонистондаги бўлинмаси ўз зиммасига олди: бўлим Афғонистонда расман 2015 йилнинг бошида «Вилояти Хуросон» номи билан пайдо бўлган. Улар кимлар? Нима учун «Толибон» ва АҚШ бу бўлинмани шунчалик катта таҳдид деб ҳисоблаб, ҳатто уларга қарши курашда ҳамкорлик қилишга тайёр? Meduza бу ҳақида мақола тайёрлаган, қуйида унинг таржимаси билан танишиш мумкин.

Афғонистондаги ИШИД кимлар?

«Толибон» 2021 йил август ойининг ўрталарида Кобулни эгаллагач, биринчи қилган иши Афғонистон Миллий хавфсизлик бошқармасининг қамоқхона биносидаги ҳамма маҳбусларни қўйиб юбориш бўлди, маҳкумлар орасида тўққиз киши жойида қатл қилинган.

Ўлдирилганлардан бири Абу Умар Хуросоний тахаллуси билан танилган киши эди, у илгари ИШИДнинг Афғонистондаги бўлинмаси етакчиларидан бири бўлган. Айнан ИШИД 2021 йил 26 августда Кобул аэропорти яқинида юздан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган бир қатор қонли терактлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. «Толибон» вакили ушбу терактларни кескин қоралади.

ИШИДнинг Афғонистондаги бўлинмаси Ғарб манбаларида ISIS-К ёки IS-KP қисқартмалари билан юритилади, КП бу ерда Khorasan Province, яъни «Хуросон вилоятидаги ИШИД» деган маънони англатади. ИШИДнинг ўз терминологиясида бу «Вилояти Хуросон» деб номланади. «Вилоятлар»— ИШИД қурмоқчи бўлган ягона глобал халифаликнинг маъмурий бирликлари.

Гарчи Афғонистонда бундай вилоят бўлмаса-да (лекин қўшни Эронда учта шундай номдаги ҳудуд бор), сабаби ҳозирги Эрон, Афғонистон, Ўзбекистон ва Тожикистоннинг бир қисмини ўз ичига олган Буюк Хуросон тарихий минтақаси ИШИД эсхатологиясида алоҳида рамзий аҳамиятга эга.

Улар қаердан келган?

Оммавий ахборот воситалари ва кузатувчиларга кўра, ИШИДнинг биринчи элчилари Покистонда 2014 йилнинг кузида пайдо бўлган. Улар ўзлари билан пуштун ва дарий тилларидаги варақаларни олиб келган, уларда маҳаллий мусулмонларни ИШИД «халифаси» Абу Бакр ал-Бағдодийга қасамёд қилишга ва унинг бутунжаҳон жиҳодига қўшилишга даъват қилинган. 2015 йил январь ойида эса ўша пайтда қудрати ва халқаро таъсири чўққига чиққан ИШИД Афғонистонда «Вилояти Хуросон» ташкил этилганини расман эълон қилди.

Бу вақтга келиб, ИШИД Ироқнинг Мосул шаҳри ва Суриянинг Раққа шаҳрини эгаллаб олган, жаҳон халифалиги ташкил этилганини даъво қилган ва бошқа мамлакатлардаги радикал жиҳодчи гуруҳлар, масалан, Нигериядаги «Боко Ҳарам»дан содиқлик қасамёдини қабул қилганди.

«Афғонистон таҳлилий тармоғи» (ААN) маркази ўз тадқиқотида ёзишича, янги «вилоят» Покистон исломий гуруҳлари томонидан тузилган. Гуруҳларни эса 2010—2011 йилларда Покистон армиясининг мамлакат шимолий ҳудудларидаги операциясидан қочиб, чегарадан ўтган қочоқлар ташкил этарди.

Улар ўзларини «муҳожирлар» (яъни «қочқинлар» ёки «кўчманчилар») деб атаган ва пуштун халқларининг меҳмондўстлик анъаналаридан баҳраманд бўлган. Таҳлил марказининг маълумотларига кўра, 2015 йил охирида, Афғонистон билан чегарадош Нангарҳор вилоятида оилалари билан 2000 дан ортиқ покистонлик «кўчманчилар» бор эди, улардан мингга яқинини фаол жангарилар деб ҳисоблаш мумкин.

Покистоннинг бир қанча радикал ташкилотларини ўз ичига олган «Теҳрик-и-Толибон Покистон» (ТТП) гуруҳи раҳбарларидан бири, дала қўмондони Ҳофиз Саид Хон 2015 йил бошида ўзини «Вилояти Хуросон» амири деб эълон қилди. Аммо унинг раҳбарлиги узоққа чўзилмаган — 2016 йил август ойида АҚШ ҳарбийлари Ҳофиз Саид Хонни дрон зарбаси ёрдамида ўлдирганини эълон қилди. «Вилояти Хуросон» жангарилари сафида покистонликлар, афғонистонликлар билан бир қаторда кўплаб «Толибон» қочқинлари ҳам бор.

2015 йил август ойида «Ўзбекистон ислом ҳаракати» етакчилари Афғонистондаги ИШИДга содиқлик қасамёдини қабул қилди. «Ўзбекистон ислом ҳаракати» бу 1979—1989 йилларда Афғонистондаги Собиқ иттифоқ контингенти аъзолари бўлган Ўзбекистон ССРнинг икки маҳаллий фуқароси томонидан ташкил этилган афғон террорчилик гуруҳи. Бундан ташқари, ҳинд матбуоти 2016 йилда Ҳиндистондан бир неча ўнлаб исломчилар «Вилояти Хуросон»га қўшилгани ҳақида хабар тарқатди.

АҚШ ИШИДнинг Афғонистон бўлинмасини ўта жиддий таҳдид деб билди, 2020 йилда The Washington Post хабар беришича, АҚШ ҳарбийлари ҳатто Кунар вилоятида махсус операция ўтказган ва «Вилояти Хуросон» позицияларига ҳужум қилган «Толибон»ни ҳаво ракеталари ва дронлар билан қўллаб-қувватлаган.

Махсус операцияни қайсидир маънода қўшма деб ҳам аташ мумкин: The Washington Post нашрининг ёзишича, америкаликлар «Толибон» билан тўғридан-тўғри алоқа қилмасдан туриб, уларнинг ИШИДга қарши ҳарбий кампаниялари ҳақида маълумот тўплаган, радиосуҳбатларни тинглаган, сўнг шулар асосида ҳаракат қилган.

Газетада қайд этилишича, «Толибон» буни тушунган ва расмий рақибларининг ёрдамини қабул қилиб, америкаликлар биринчи бомбардимон қилганидан кейингина ИШИД позицияларига ўтган. Бундан ташқари, айнан Нангарҳор вилоятидаги «Вилояти Хуросон» позициясида АҚШ 2017 йилда ядровий бўлмаган дунёдаги энг кучли «МОАБ» бомбасини ташлаган.

Охир-оқибат «Вилояти Хуросон» Афғонистонда муҳим ҳудудий фатҳларни амалга ошира олмади. Уларнинг Нангарҳор вилоятидаги сўнгги таянч пункти 2018 йил июль ойида АҚШ ва Афғонистон қўшма армияси томонидан толибларнинг яширин ёрдами билан мағлуб этилди.

Бунинг ўрнига, ИШИД аъзолари, асосан, худкушлар иштирокидаги энг қонли ва вайронкор терактларни амалга оширишга эътибор қаратди. Ҳужумлар асосан, тинч аҳолига (айниқса, Афғонистондаги озчилик шиалар ва кўпинча та‘қибларга учраган халқ — ҳазораларга), шифокорларга, миналарни зарарсизлантирувчи мутахассисларга, жамият фаоллари ва журналистларга қарши қаратилган.

2018 йилнинг апрель ойида Кобулдаги сайловчиларни рўйхатга олиш маркази яқинида «Вилояти Хуросон» худкуш террорчиси томонидан содир этилган биргина теракт оқибатида 69 киши ҳалок бўлди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Афғонистондаги ваколатхонаси (UNAMA) 2021 йилнинг биринчи тўрт ойида содир этилган ва улар учун ИШИД жавобгарликни ўз зиммасига олган 77 та терактни ҳисоблаб чиқди.

«Толибон» ва ИШИД ўртасидаги муносабатлар қандай?

Расмий равишда, «Толибон» ва ИШИД ўзаро рақиб бўлиб, оммавий баёнотларда мунтазам равишда бир-бирини қоралайди. Радикал исломий мафкуранинг ўхшашлигига қарамай, улар ўртасида бир қатор туб фарқлар мавжуд. «Толибон» ҳеч қачон дунёга ҳукмронлик қилишни даъво қилмаган ва ҳар қандай хорижий босқинчиларидан қутулишга ҳаракат қилаётган Афғонистоннинг ўзида ҳокимиятга даъвогарлик билан чекланган.

«Толибон» бошқа мамлакатлардан келган исломчиларга нисбатан ҳам шундай позицияда. 2001 йилда «Толибон» ва уларнинг ўша пайтдаги иттифоқчилари Кобулдан қувиб чиқарилгач, The Wall Street Journal мухбири «Ал-Қоида» қочқинлари ташлаб кетган компьютерга кира олди. Ундан топилган ҳужжатлар ва ёзишмалардан маълум бўлдики, «Толибон» ва уларнинг ўша пайтдаги иттифоқчилари ўртасида ўзаро ҳамфикрлик даражаси паст бўлган: «Ал-Қоида» аъзолари Афғонистонни Қуръонни тушуна олмайдиган, саводсиз қишлоқилар деб ҳисоблаган, «Толибон» эса уларни навбатдаги келгиндилар деб атаган ва уларни Афғонистонга навбатдаги портлаш ва халқаро изоляциядан бошқа ҳеч қандай яхшилик олиб келмайди, деб билган. 2014 йил ўрталарида «Ал-Қоида»дан ажралиб чиққан ИШИД, ўз навбатида «Толибон»ни АҚШ билан музокара қилишга тайёрлиги учун муртад ва хоин деб ҳисоблайди.

Баъзи кузатувчиларнинг фикрича, ИШИД ва «Толибон» ўртасида ҳақиқатан ҳам боғлиқлик мавжуд. Бу алоқа «Толибон» билан иттифоқчи бўлган «Ҳаққоний тармоғи» мустақил радикал гуруҳи орқали амалга оширилади. Гуруҳ асосчиси Сирожиддин Ҳаққонийнинг ўғли «Толибон» бошлиғининг ўринбосари.

The Wall Street Journal ёзишича, Афғонистон ҳукумати доимий равишда «Ҳаққоний тармоғи»ни ИШИДни яширинча қўллаб-қувватлашда айблаб келади. Афғонистон собиқ вице-президенти Амрулла Солиҳ ҳам «Толибон» ва «Ҳаққоний тармоғи» ўртасидаги боғлиқлик ҳақида гапирган. Бундан ташқари, «Ҳаққоний» ва «Вилояти Хуросон» ўртасида кадрлар алмашинуви мавжуд: иккала гуруҳнинг айрим аъзолари биридан бошқасига кўчиб ўтган.

Манба: Daryo.uz