O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Обидхон Қорига қарши фильм Ўзбекистонда такрор намойиш этилди

Обидхон Қорига қарши фильм Ўзбекистонда такрор намойиш этилди
34 views
28 March 2014 - 16:47

Ўзбекистондаги “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати сайтида эълон қилинган хабарда айтилишича, “Шовот” қурилиш ва сервис касб-ҳунар коллежида “Диний экстремизм ва терроризм” бўйича ёшлар билан давра суҳбати ва тарғибот тадбири ўтказилган.

Тадбирга 150 нафар ёшлар жалб этилди, унда “Камолот” Шовот тумани раиси С.Қурбонов ёшлар билан очиқ мулоқот тарзида суҳбат ташкил қилди. Тадбир давомида коллеж ёшлари учун “Хунрезлик” номли маҳсус хужжатли фильм намойиш этилди, дейилади яна хабарда.

Эслатиб ўтамиз, “Хунрезлик”  номли фильм Ўзбекистондаги ва хорижга ҳижрат этишга мажбур бўлган мусулмонларга қарши тарғибот фильми бўлиб, 2010 йилда илк маротаба ЎзМТРК “Ўзбекистон” канали орқали намойиш этилганди. Фильм мазмуни, асосан, Тошкентдаги “Тўхтабой” масжиди собиқ имоми, кейинроқ Швециядан сиёсий бошпана олган таниқли уламо Обидхон Қори Назаровга қарши қурилган.

“Хунрезлик” фильми намойишидан бир муддат сўнгра Швецияда Обидхон Қорига суиқасд уюштирилди, тергов олиб борган идоралар бу жиноятда Ўзбекистон махсус хизматлари қўли борлигини аниқлади.

Бир неча кун олдин эса бу суиқасд ҳақида салкам ярим соатлик “Диктаторнинг узун қўли” номли ҳужжатли фильм “Ал-Жазира”  фазовий канали орқали бутун дунёга намойиш этилди. Фильмда бу жиноятга буюртма берган ва уни молиялаштирганлар, суиқасдни амалга оширган, унга ёрдам берган шахслар ҳаммаси аниқ далиллар билан фош этилди.

Ўзбекистонда эса ёшларни тўплаб, ўша эски “Хунрезлик”ни намойиш этиш – мусулмонларга қарши қоралаш сиёсати ҳали ҳам тўхтамагани, балки, сўнгги сиёсий жараёнлар асносида, яна-да кучайганини кўрсатади.

ЎХҲ хабар маркази