Тошкент бозорларида бир қўлида сумкаси бир қўлида боласини етаклаган бир жойда ўтириб эмас, кунига бозорни гир айланиб, милиция ва солиқчилардан қочиб юриб савдо қиладиган аёллар кўпайган. Қўйлиқ, Сергели, “Фарҳод” катта бозорлар кираверишида, йўлакларида катта сумка кўтарган, беш-ўн қовоқ, сабзавотларни коляска аравачаларига ортиб олган “кўчманчи сотувчи”ларга дуч келасиз.
“Олинг, арзон бераман, тез кетишим керак, болам совқотиб қолди”, деб илтижо қилгандай – термулади ёш болали бир аёл.
– Нега шундай совуқда ёш болани олиб юрибсиз, ахир? Эрингиз сотса бўлмайдими?
– Э, билмайсиз-да, дадаси чиқолмайди, мелиса ушлаб паспортини олиб қўяди.
– Нима учун олиб қўяди?
– Кўчада юрма, қишлоғингга кет, уйингда ўтир, дейди.
– Сиз тошкентлик эмасмисиз?
– Биз водийдан, Фарғонаданмиз. Тирикчилик деб кунимиз шу қовоқларга қолган. Ана, яна келяпти, деб аравасини тортиб, нарига кетди аёл.
Яна уч-тўрт аёл автобус бекатига яқин жойда тўхтади. “Олинг ука, шошиб турибман, ўзимизнинг деҳқончиликдан. Мана, пакетим ярим килодан, 4 минг бера қолинг, деди чақилган ёнғоқ,– писталарини кўрсатиб, олазарак.– Бизни қувишгани қувишган бу мелисалар. Ана келяпти.
Аёл сумкасини кўтариб тез-тез юриб кетди.
Суҳбатларда маълум бўлдики, бу “қочқинчи савдогар”лар Ўзбекистоннинг турли вилоятларида истиқомат қилишади. “Мустаҳкам оила йили”ни сиҳат-саломат ўтказиш учун ўтган йили Тошкентга келишган. “Тошкент нон шаҳри”эмасми, ҳар ҳолда тирикчиликлари ўтиб турган экан. Аммо Президент “Обод турмуш йили”да ҳар ким ўз туғилган қишлоғида, уйида ўтирсин, Тошкентда тўполон қилиб юришмасин, деган шекилли, вилоятликларни Тошкент ўзига сиғдирмай қўймоқда экан. Милициянинг масъулияти, хушёрлиги оширилган.
Шунда ҳам қишлоқилар юртларига кетишга рози эмас. Чунки ишлай деса иш йўқ, инграй деса дард йўқ. Ҳаммадан ҳам эркаклар кўчага чиқолмай қолгани ёмон бўлди, дейишди улар. Мана иккита боламни эрим уйда қараб ўтирибди, каттам ёнимда иш ўрганяпти, деди Манзура исмли андижонлик аёл, олти-етти ёшлардаги ўғил болани кўрсатиб. Аввалги йили эрим ишда, мен ўзим уйда кўрпа, кўрпача қавиб, беш-ўн сўм топардим. Эрим қўли гул уста, бир уйнинг евроремонтини бошидан охиригача икки киши қўлдан чиқарарди. Лекин ҳозир мелисаларнинг дастидан кўчага чиқолмай, ижара уйда уйзиндон, бола боқиб ўтирибди. Мен ўзим бозорга чиқишга мажбурман.
Йилларга от қўйиш касаллигига йўлиққан Президент жанобларининг “Обод турмуш йили” формуласининг амалиётига қараганда диктатор ҳукумати одамлар бир ерга тўп-тўп йиғилиши, ҳар хил оқимлар ва гап-сўзларга қўшилиб кетишидан хавотирдалигини билдириб қўймоқда. Нима бўлганида ҳам ҳуқуқсиз бозорчилар, мардикорлар ният қилганидек, ўз юртида, кўчаларда эркин нафас оладиган кунларга оз қолгани рост бўлсин…
ЎХҲ Тошкент мухбири