O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Овози ўчирилган халқнинг овози

Овози ўчирилган халқнинг овози
42 views
11 March 2017 - 5:00

Бундан бир йил аввал шоир Рауф Парфига Ўзбекистон ҳукумати халқ шоири унвони берганида, шоирнинг баъзи дўстлари бу воқеани яхши қабул қилмаган эдилар, шулар ичида камина ҳам бор эди. Рауф Парфи бу унвонга лойиқ бўлмагани учун эмас, бу унвон Рауф Парфига лойиқ бўлмагани учун биз бу воқеани ижобий қабул қилмагандик.

Чунки Рауф Парфи каби умри давомида ҳур фикр куйчиси бўлган бир шахснинг ҳур фикрнинг ашаддий душмани бўлмиш бир сиёсий режимдан мукофот олиши табиат қонунларига зид эди. Лекин яқинда ҳурматли шоирамиз Гулчеҳра Нуруллаеванинг «Озодлик» Радиосидан эшиттирилган Рауф Парфи билан суҳбати халқ шоири ким бўлиши керак, деган саволга ўзига хос бир жавоб бўлди.

Суҳбатда Рауф Парфи ўзининг бир журналдан ишдан кетишига ҳукуматнинг бир буюртмасини рад этганлиги сабаб бўлганини эътироф этди. Шоирга Ўзбекистон турмаларининг олтмишми, етмишми йиллик юбилейига чиқаётган бир китобни таҳрир қилишга беришган, у эса, бундай китобни таҳрир қилишга маънавий ҳаққим йўқ, дея қайтариб берган ва айни пайтда ишдан истеьфосини ҳам ёзган.

Ташқаридан қараганда нормал кўринадиган бу ҳаракат, бизнингча, бир шоирнинг, бир ватанпарварнинг Ўзбекистон каби бир мамлакатда бугун содир қилиши мумкин бўлган максимум фидойиликдир. Бундай ҳаракат Русияда қаҳрамонлик саналмасди, бу ҳатто Қирғизистонда ҳам нормал қабул қилинган бўларди, аммо зиёлилари қўрқитилган, хўрланган ва ер билан бир қилинган Ўзбекистон учун Рауф Парфининг қилган бу ҳаракати мутлақо тақдирга шоёндир. Бу Ўзбек зиёлисининг ҳали ҳам яшаётганидан бир мужда, демак, халқнинг халқ ўлароқ яшаётганидан бир мужда эди.

Энди Совет даврида «ШОИР ХАЛҚНИНГ ОВОЗИДИР» деган сафсата бугун ўз қийматини топиб, сафсата бўлишдан тўхтайди, шекилли. Бугун шоир ҳақиқатан ҳам халқнинг овози, тўғрироғи, жим турган халқнинг овозидир.

Халқни жимликка маҳкум этганларида, унинг учун шоирлар гапира бошлайдилар. Улар кўп бўлмаслиги мумкин, бир нечта бўлиши мумкин, аммо хоҳлаймизми-йўқми, миллионларнинг овози бўлиш шарафи шу бир нечта дарвишга махсусдир.

Шу ўринда бухоролик яна бир истеъдодли шоиримиз Юсуф Жуманинг «Озодлик»дан эшиттирилган бир шеъридаги Ўзбекистонда булбуллар йўқ, зоғлар қолди, деган фикрига унчалик қўшилмайман, бу фикрни унинг ўзи ёзган шеърлар ҳам рад қилиб турибди. Ўзбекистонда булбуллар ҳали ҳам бор ва доим бўлажакдир. Фақат улардан кўп бўлишни талаб қилмасак бўлди, улар бутун замонларда озчилик бўлган. Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасига аъзо шоирлар сони, балки, мингдан кўпдир, китоб чиқарганлар эса, ундан ҳам кўп, аммо ҳақиқий шоирлар беш ёки олтидир, ундан кўп эмас. Доим шундай бўлган, яъни ҳақиқий шоир контингенти Алишер Навоий даврида қанча бўлса, бугун ҳам шунчадир.

Улар 20-йилларда қанча бўлса, 70-йилларда ҳам шунча эди. Фақат 80-йилларнинг охирида бошланган Қайта Қуриш уларнинг сонини кескин кўпайтиргандай туюлди, лекин аслида, ундай эмасди, Қайта Қуриш тугаб, зулмнинг янги босқичи бошланганди, шоирлар сони кескин қисқарди, уларга қўшилган қаҳрамонлар яна аслига қайтишиб, маддоҳликларини тўхтаган жойидан давом эттириб кетавердилар, фарқи – илгари Брежнев ёки Рашидовни мақтаган бўлсалар, энди Каримовни мақтай бошлагандилар. Ва боя айтилганидек, шоирлар яна шарафли озчиликка айландилар.

Бу ҳақиқатни англаш учун яқинда қамоқдаги ёзувчи Мамадали Маҳмуд ҳимояси учун Ўзбекистон раҳбарига ёзилган мактуб остидаги имзоларга қараш кифоядир. Шоир Шукруллоҳ бошчилигидаги беш-олти дарвиш. Оллоҳ рози бўлсин улардан. Халқнинг шоирлари шулардир. Зиндонларга мадҳияни таҳрир қилишдан бош тортган Устоз Рауф Парфи, ўша зиндонларда азоб чекаётган бир ҳамкасбини ҳимоя қилишдан чекинмаган оқсоқол Шукруллоҳ бошчилигидаги бир гуруҳ истеъдодли дўстларим – ҳаммаси халқнинг шоирларидирлар.

Фақат мажлис ва қурултойларда, тўй ва юбилейларда золимга тасанно айтаётган халқнинг шоири эмас улар, қуллик ва истибдодни «тинчлик» деб атаётган, Яратганнинг раҳматидан умид узиб, мустабиддан марҳамат кутаётган халқнинг шоири эмас улар. Улар эзилган, хўрланган, аммо иймонини кафтида бир парча чўғни асраган каби асраб келаётган бир халқнинг шоиридир улар. Яшасин, ҳақиқий халқнинг ҳақиқий шоирлари.

(29.07.2000)

(76)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (218-220-саҳифалар.)

(давоми бор)