Белорусия ва Қозоғистон Оврўосиё иқтисодий иттифоқини тузишга ҳали тайёр эмас
Оврўосиё иқтисодий иттифоқини тузишга бағишланган саммит олдин тахмин қилинганидек натижасиз якун топди, деб ёзади “Газета.Ru”.
Александр Лукашенко ва Нурсултон Назарбев савдонинг ягона қоидаларидан кўплаб чекинишлар мавжудлиги сабабли шартнома лойиҳасини имзолашдан бош тортишди. Бироқ, иттифоқ барибир тузилади. Барча келишмовчиликларни икки томонлама музокалар орқали ҳал қилишга келишиб олинди.
Минск шаҳрида сешанба куни Россия, Белоруссия ва Қозоғистон ўртасидаги Оврўосиё иқтисодий иттифоқини тузиш тўғрисидаги шартнома лойиҳаси юзасидан келишиб олишга бағишланган саммит ўз ишини якунлаган. Учрашув одатдагидек уч давлат президентларининг биргаликда суратга тушиш маросимидан бошланган. Бироқ, барчага бирдек ҳуш ёқадиган ва ҳеч ким учун мажбурий бўлмаган мазкур маросимни уч маротаба кечиктиришга тўғри келган. Сураткашлар ва телеоператорлар тез чарчаб қолишган ва мармардан ясалган ҳашаматли ҳайкаллар билан тўла президент саройи бўйлаб тарқалиб кетишган. Фақат орадан уч соат ўтибгина суратга тушиш маросими бўлиб ўтган.
Протокол қоидаларига амал қилинмагани эса бир нарсадан далолат бериши мумкин: президентлар Оврўосиё иттифоқи қандай бўлиши ҳақида яна келиша олмаганлар.
Аслида бу мавзу саммит кун тартибидаги энг асосий мавзу сифатида эълон қилинган эди. Кун тартибидаги кейинги масала эса Божхона иттифоқига – кейинчалик Оврўосиё иттифоқига янги аъзоларни қабул қилиш билан боғлиқ эди. Бироқ, Божхона иттифоқи аъзоларининг ўзлари шартнома юзасидан ягона тўхтамга кела олмаганликлари сабаб янги аъзолар қабул қилиш масаласи унчалик катта аҳамият касб этмаган.
Саммит мезбони сифатида биринчилардан бўлиб Белорусия президенти Лукашенко ўз эътирозларини билдирган. У товарларнинг эркин ҳаракатланишини таъминлашдаги кўплаб чекинишлар ва тўсиқларни ўз ичига олган иттифоқ шартномасини имзолай олмаслигини эътироф этган. Масалан, Россия бюджетига қайтадиган нефт махсулотларига қўйиладиган экспорт божлари билан боғлиқ чекинишлар. Кўтарилаётган масаланинг қиймати эса йилига – $4 млрдни ташкил қилади.
Бўлажак шартноманинг бошқа муаммоли жиҳатларига Лукашенко ортиқча эътибор қаратмаган. Бироқ, муаммолар анчадан бери мавжуд бўлишига қарамасдан ҳалигача музокаралар давомида бирон маротаба кўриб чиқилмагани ҳамда мазкур муаммоларга ечим топишга бўлган иштиёқсизлик уни эҳтиёт бўлишга ундаётгани тўғрисида огоҳлантирган.
Белорусия президенти шартнома матнига ишора қилиб, эндиликда мавжуд келишмовчиликларни бартараф қилиш масаласи яна 10 йилга, яъни 2025 йилгача кечиктирилиши режалаштирилмоқда, дея таъкидлаган.
У учала мамлакат лидерларининг Божхона иттифоқи доирасида савдога бўлган барча чекловларни бекор қилишга келишганликлари ва ушбу шартнинг Оврўосиё иттифоқини тузишга асос бўлиши кераклиги ҳақида эслатган.
Лукашенконинг сўзларига кўра уч давлат президентларини ҳеч ким шошилтираётгани ёки қистовга олаётгани йўқ.
“Ахир биз муддатларни ўзимиз белгилаймизку, шундай экан нима учун шартномани имзолашга шошилишимиз керак?”, – дея аччиқланган Лукашенко.
Қозоғистон лидери Нурсултон Назарбоев саммит учун Минскка Москва орқали учиб келган. У бир томонда Россия ҳамда иккинчи томонда Қозоғистон ва Белорусия ўртасида 3-4 та низоли вазиятлар ечимсиз қолаётганини тан олган. Назарбоев ҳам ушбу масалаларнинг шу пайтгача бирон маротаба ҳеч қайси бир даражада, шу жумладан яқинда уч давлат бош вазирлари ва Оврўосий иқтисодий комиссияси раҳбари Виктор Христенко иштирокида бўлиб ўтган учрашувда ҳам муҳокама қилинмаганини таъкидлаган. У ҳалигача бу борада муросага келинмаганини, лекин буни имкони борлигини қўшимча қилган.
Шу билан бирга, Назарбоев Лукашенкони қўллаб-қувватлаган ҳолда: “Отларнинг кетидан қувиш эмас, балки шартнома имзолангунга қадар барча муаммоларга ечим топиш керак”, – дея таъкидлаган.
Охирги бўлиб сўз олган Владимир Путин келишмовчиликлар мавжудлигини тан олган ва ҳамкасбларига шартнома устида яна бир бора биргаликда ишлашни ва турли ёндашувларни қайта текшириб чиқишни таклиф қилган. Бироқ, албатта бу сафар ҳеч қандай матбуотларсиз ёпиқ эшиклар ортида ҳамда соҳа бўйича мутахассисларни таклиф қилган ҳолда кўриб чиқишни назарда тутган. Зал олдидаги йўлак бўйлаб Путиннинг интеграция жараёнлари бўйича маслаҳатчиси Сергей Глазьев, бош вазир ўринбосари Аркадий Дворкович, бир нечта вазирлар ва “Росатом” раҳбари Сергей Кириенколар айланиб юришган. Уларни президентлар иштирокидаги мажлисга даъват қилишмаган. Балки президентлар шартнома лойиҳасини муҳокама қилиш асносида бирга тушлик қилишни режалаштирган бўлишлари ҳам мумкин. Шу сабабли ҳам, бу ҳолатда ҳужжатни муҳокама қилишнинг соҳалар бўйича тамойили муҳим аҳамият касб этмаган.
Уч давлат учун умумий бозор яратиш масаласини Нурсултон Назарбоев 1994 йил Москва давлат университетида (МГУ) ўқиган маърузаси давомида таклиф қилганди. Орадан 20 йил ўтиб Россия, Белорусия ва Қозоғистон ҳалигача фақат учрашув тақдимотлари ўтказиб ягона иқтисодий макон тўғрисидаги шартнома лойиҳасига қўшимчалар киритиш ва уни тўлдириш билан овора.
Янги аъзолар ҳисобига тўлдирилиб, Оврўосиё иттифоқи даражасига чиқиши керак бўлган Божхона иттифоқи дунёдаги энг йирик интеграция тузилмаларидан бири ҳисобланади ва жами 170 млндан ортиқ аҳоли сонига эга давлатларни ўз ичига олади. Иштирокчи давлатлар ялпи ички махсулоти (ЯИМ) йиғиндиси – $2,7 трлн. Божхона иттифоқи Россия учун катталиги бўйича ЕИ ва Хитойдан кейин учинчи ўринда турувчи бозор ҳисобланади. Уч давлат ўртасидаги умумий товар айланмаси сўнги уч йил ичида $ 23 млрддан $ 66 млрдга ўсган. Ўзаро савдодаги хом ашё ресурслари улуши 40 дан 33 % га пасайган.
Божхона иттифоқи лидерлари Арманистон ва Қирғизистоннинг қўшилиши, кейинчалик эса бошқа давлатларнинг аъзо бўлиши ҳисобига Иттифоқ чегараларини кенгайтиришни режалаштиришмоқда. Бироқ собиқ совет давлатларида интеграция жараёнлари жуда секин ва савдолашувлар остида кечмоқда. Украинанинг аъзо бўлиши Божхона иттифоқи учун чегараларни қайта чамалаш учун баҳона бўлганди. Бироқ, янги Украина ҳукумати Божхона иттифоқида қатнашмоқчи эмас. Шундай бўлса-да Киев Иттифоқда ўзининг кузатувчи мақомини сақлаб қолди.
Грузия ва Молдовия эса Божхона иттифоқига аъзо бўлишмоқчи эмас. Ушбу давлатлар ўтган йил охирида Вильнюсда бўлиб ўтган “Шарқий ҳамкорлик” саммитида ЕИ билан ассоциация йўлини танладилар ва жорий йилнинг июнь ойинда Европа Иттифоқи ушбу давлатлар билан ассоциация шартномасини имзолаши кутилмоқда.
Арманистон эса бир вақтнинг ўзида иккита стулга ўтиришга уринмоқда. Мамлакат президенти Серж Саргсян 24-25 апрель кунлари Прагада бўлиб ўтган “Шарқий ҳамкорлик” саммитида иштирок этди. “Шарқий ҳамкорлик” дастури Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилади ва миллий қонунчилик нормаларини ЕИ нормаларига уйғунлаштиришга йўналтирилгандир. Шу билан бирга дастур собиқ СССР таркибида бўлган олтита республиканинг ЕИ га аъзо бўлиб киришини назарда тутади. Саргсян Прага саммитида қилган маърузасида янги ҳуқуқий асослар яратишдаги кўмаги учун Европа Иттифоқига ўз миннатдорчилигини билдирди. Саргсяннинг режаси бир вақтнинг ўзида ҳам Европа Иттифоқи билан ҳам Божхона иттифоқи билан ҳамкорлик қилишдан иборат. Бу ерда Россия Арманистон учун қўшни мусулмон давлатлар – Туркия ва Озарбайжондан ҳимояланиш учун қалқон вазифасини ўтайди.
“Шарқий ҳамкорлик” саммитида ҳатто Москвага содиқ бўлган Белорусия ҳам иштирок этди. Тўғри, Прагага Александр Лукашенконинг ўзи боргани йўқ, балки бош вазир Михаил Мясниковични жўнатди.
Тожикистон эса ҳали Божхона иттифоқи борасида бир қарорга келганича йўқ. Тожикистонни Россияга пул топиш мақсадида келган меҳнат муҳожирлари ва оилаларининг ҳуқуқий мақоми мавзуси қийнайди. Бундан ташқари Тожикистон ўзига узрли баҳона топган: у Қирғизистоннинг Божхона иттифоқига аъзо бўлишини кутади ва шундагина Тожикистон Оврўосиё иттифоқи билан умумий чегарага эга бўлади. Ҳозирча бу чегара йўқ экан, бекорга бош оғритишдан маъни йўқ. Сергей Глазьевнинг тахминича, Қирғизистон Оврўосиё иттифоқига 2015 йил аъзо бўлиши мумкин, унинг ортидан Тожикистон ҳам қўшилиши мумкин.
Собиқ совет маконида ўз иттифоқчиларини бир ерга жамлаб улгурмасидан Россия Осиё ва Яқин Шарқда ҳам иттифоқчилар қидиришга тушган. Ҳозирда Вьетнам, Ҳиндистон ва ҳатто СССР ва Россиядан чиққан бир миллиондан ортиқ рус тилида сўлашувчи аҳоли яшайдиган Исроил билан ҳам эркин савдо ҳудудларини тузиш масаласи муҳокама қилинмоқда.
Оврўосиё иқтисодий иттифоқи Олий кенгашининг кенгайтирилган мажлиси давом этаркан орадан икки соат ўтиб Оврўосий комиссияси раҳбари Виктор Христенко журналистлар олига чиқиб давлат раҳбарлари унга мажлис якунлари бўйича маълумот бериш ваколатини юклашганини ва саволларга жавоб беришини айтган.
Христенконинг баёнотига кўра ҳамкор-давлатлар ўртасидаги барча асосий келишмовчиликлар ўз ечимини топган. Қолган масалалар эса саммит даражасида эмас икки томонлама учрашувларда муҳокама қилинади.
“Газета.Ru” нинг нефт махсулотларига нисбатан ўрнатиладиган бож масаласида келишиб олиндими деган саволига жавоб бераркан, Христенко ҳозирча божлар сақланиб қолишини билдирган. Унинг айтишича бу масала 29 май куни Остонада ўтадиган саммитда Оврўосиё иттифоқини тузиш тўғрисидаги шартноманинг имзоланишига тўсқинлик қилмайди. Шу билан матбуот анжумани ўз ниҳоясига етган.
Божхона иттифоқидаги бож тарифлари Россиянинг молия вазири ўринбосари Сергей Шаталов томонидан ҳисоблаб чиқилганди. Лукашенко эса айнан мана шу божларни бекор қилиш ниятида эди. Бироқ божлар сақлаб қолинган ва шартнома ҳам имзоланмаган.
ЎХҲ ахборот бўлими