Бутун мавжудотларда бўлгани каби инсонда ҳам, илонда ҳам яшаш иштиёқи жуда кучлидир. Инсон агар имкони бўлса, минг йил яшашни орзу қилади. Худди шундай инсон ичида илон саналадиган золимлар ҳам.
Ўзбекистондаги Ислом Каримов диктатураси (илон тузуми) ҳам ўзининг ҳаётини узайтириш учун саъйи ҳаракатларини бошлаб юборгани халқимизнинг тараққийпарвар вакилларига жуда яхши маълум. Қўлтиғидан тушса қўнжиғига, деганларидек бутун золимлар каби Ислом Каримов ҳам ўз тахтига ҳаёсиз қизи Гулнорани ўтиртириш компаниясини бошлатди.
Тахтнинг отада болага (қизига) ўтиш жараёни ниҳоятда эҳтиёткорлик, айтиш мумкинки илонларга хос силлиқлик билан олиб борилмоқда. Аввал Гулнорани оламга машҳур қилиш учун компания бошлатилди. Дунёдаги бору йўқ истеъдодлар ва лавозимлар, масхарабознинг юзига пахта ёпиштирилгани каби, унинг ҳамма томонига ёпиштирилди. Бунга кўра Гулнора (аслида Пулнора) истеъдодли шоир, санъаткор, модачи (модалигида шубҳа йўқ), профессор, дипломат, сиёсатчи, тадбиркор, яхшилик қилишни севадиган (Ҳотамой) сифатида кўрсатилди. Буларнинг барчасининг ёлғон эканлигини, отаси диктатор Каримов ва унинг лаганбордарларининг пуфлаши билан “ясалгани” асл ҳақиқатдир. Булар етмагандай Гулнора ўзининг ўзбек қизи эканлигини исботлаш учун атлас лозимни кўйлаксиз кийиб, халқнинг кўнглини “олишга” уринди…
Мана бир ойдирки, Ўзбекистонда Пулноранинг машҳур тўйлари бўлиб ўтмоқда. Диктатор-илон минг болакайнинг суннат ва минг келин-куёвнинг никоҳ тўйини ўтказиб бериш билан ўзбек халқи ичида қизининг машҳурлигини ортиришни кўзлагани ҳам ҳеч кимга сир эмас.
Хўп, илон илонда, унинг вазифаси чақиш экан. Аммо ақлли кишилар ўзларини бундай илонга бир марта (тасодифан) чақтиришлари мумкин. Аммо халқимизнинг ичида шундай кўрлар борки, улар илон чаққан тешикка яна бармоқларини ва ҳатто юзларини яқинлаштирмоқдалар. Яъни, Ислом Каримовни тахтга авайлаб-эъзозлаб ўтиртганлар, кейин унинг зулмидан ўзлари учун сичқоннинг ини минг танггага айланганлар, яна бундан 20 йил олдинги қилган хатоларини такрорламоқдалар. Яъни, улар “тўғри, тўғри Ислом акамиз яхши Президент, бахтимизга омон бўлсин, замон эса қизи Пулнора давр сурадиган замон бўлсин , дея” олқишлар тутмоқдалар…
Куни кеча Англиянинг Индипент газетаси (independent.co.uk) Ислом Каримовнинг диктатор-илон эканлигини дунёга жар солиб билдирди. Франция маҳкамаси буни ўз қарори билан тасдиқлади. Хуллас, аҳли дунё Ўзбекистон диктаторида ҳам, унинг ҳаёсиз қизида ҳам инсоф, деган нарсанинг ўзи йўқлигини яхши билди, билмоқда…
Аҳвол шу экан, ота “илоннинг” тахтига қиз “илоннинг” ўтиришига хизмат қилишнинг кимга кераги бор?. Инсоннинг ўзи қул бўлиб яшаган экан, энди бола-чақасини ҳам қул қилишдан муроди нима? Ахир ота диктатор ўзингизнинг елкангизга чиқиб, бошингизни янчди, аммо унинг ўрнини қизининг олиши севиб, ҳидлаб тўймайдиган болаларингизнинг, невараларингизнинг қул бўлишига олиб келишини наҳот тушунмайсиз? Ҳеч қурмаса ўз фарзандларингизга жонингиз ачисин, эй ғофил инсонлар?
Ким булар Ислом Каримовнинг тахтига қизи Гулнорани (Пулнорани) ўтиртириб, ўзи қул бўлгани етмагандек энди бола-чақасини ҳам қулликка тайёрлаётганлар?
Мана бир неча мисол:
Исмат Хушев, ёзувчи, ўзининг таъбири билан айтганда диктатор Каримовнинг эркатойи. У интернет саҳифасида “Ип қўлингиздами Ислом ака”, дея мактуб ёзди ва диктаторни устоз, ўзини эса унинг шогирди, деб атади. Яъни, сиз зулм қилишни менга ўргатдингиз, ташаккурлар Президент жаноблари, демоқчи бўлди. Исмат Хушев “йўқ, йўқ, ундай эмас, мен аслида МХХ Раиси Рустам Иноятовнинг соғлиғи ва тақдири ҳақида қайғуриб, бу мактубни ёзганман”, дея узр айтиши ҳам мумкин. Бу ҳолда унинг узри гуноҳидан баттар бўлади. Чунки Ўзбекистонда МХХ диктатор Каримовнинг ўлим машинаси ролини ўйнашини ҳаммадан олдин Исмат Хушевнинг ўзи билади….
“Озодлик” радиосининг интернет саҳифасини бу кунларда очганлар “Дилором Сайдаминова: “Гулнора (Каримова) талантли қиз” номли катта сарлавҳага кўзлари тушади. Дилором хоним санъат намоёндаси экан. Бу мақолада шоир Усмон Азимнинг Гулноранинг (Пулноранинг) ўз шеърларини қўшиқ қилиб айтаётганидан ифтихор қилиши айтилган. (http://www.ozodlik.org/content/article/24543464.html)
Хуллас, ўзи қул бўлгани етмагандай, бола-чақасининг ҳам қул бўлиш қолишини орзу қилаётганларнинг рўйхати узундан узундир. Бу рўйхатнинг бошида албатта диктатор Каримовнинг лаганбордорлари туради. Ундан кейин бу рўйхатда тутуруғи бўлмаган ёзувчи ва шиорлар, санъаткорлар ва ҳатто аввалги вазифаси зулмга қарши туриш бўлишига қарамай, унга кўз юмадиган, дабдаба ва саройдаги мақомни имону эътиқодидан устун кўрадиган “уламо”лар ҳам топилади. Шундайлардан бирига Ўзбекистон радио каналларида “хутба” қилиш имкони қайта берилганини интернет саҳифаларидан бирида ўқиб ўргандик. Асл уламолар Ислом Каримовнинг зиндонларида ваҳшийларча қийноққа солинар экан, ватанимизда ва хорижда уларнинг жонига қасд қилинар экан, диктаторнинг саройида уламо бўлишни ўзига раво кўраётганларни бизнинг Аллоҳ таолонинг иродасига топширишдан бошқа чорамиз йўқдир…
Бу мақолани диктатор Каримовнинг бу ерда исми келтирилган ва келтирилмаган қулларини, ўзлари қул бўлганликлари етмагандай бола-чақаларини ҳам диктаторнинг эркатой қизига қул бўлишга тайёрлаётганларни огоҳлантириш учун ёздик. Бу мақола сизлар каби қулдорлик тузуми тарафдорларининг қалбига (агар қалбингиз аллақачон ўлмаган бўлса) балки ўткир пичоқ каби санчилиши мумкин. Аммо бу сизнинг сабоқ олишингиз учундир. Қуллик йўлидан қайтсангиз қайтдингиз, акс ҳолда биз сизни огоҳлантириш вазифамизни бажардик…
Диктатор Каримов ўз тахтини қизи Пулнорага бериш жараёнини бошлатган бу кунларда халқимизнинг маърифатпарвар, тараққиёт тарафдори фарзандлари ҳам қўл қовуштириб ўтирмаётганларини таъкилаб ўтмоқчи эдик. Бу аввало умрини адолат йўлига бағишлаган ҳурматли оқсоқолларимиз шоир Шукрулло домла, профессор Отаназар Орипов, ҳуқуқ ҳимоячиси Толиб Ёқубов, кекса сиёсатчи Алибой ака Йўляхши, умрини ва ижодини зулмга қарши курашишга бағишлаган шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ…
Адолат тарафида турганларнинг рўйхатини яна давом эттиришимиз мумкин эди. Аммо ота-қиз диктатор -илонлар бу адолатпарварларнинг ёқасига ёпишмасин, дея уларнинг исми шарифини зикр қилишдан ўзимизни тиймоқдамиз. Исми келтирилган муҳтарам зотларнинг эса кўрмаган зулмлари қолмаган. Уларнинг исми айтилиш билан золим диктатор ва қизининг жони чиқиб кетишини биз яхши биламиз. Кошки бу муҳтарам номларни яна бир марта эшитиш билан бу ота-қиз золимларнинг жони тамоман чиқиб, халқимиз улардан бутундай қутулса…
Йўлдош Абдулла ўғли, 11 апрель 2012 йил.