Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ
САЁҲАТ ХОТИРАЛАРИ
(23)
2-ададдан мобаъд
Ҳазрат Халил ар-Раҳмон алайҳиссалом зиёратининг эртаси далил ила бир аробаға ўлтуруб, Қуддуси шариф ичи ва атрофиндаги анбиёи иъзом ва авлиёи кибор зиёратлариға мутаважжиҳ бўлдук. Қуддус фатҳинда шаҳид бўлган бир неча саҳобагони бузургвор* ва у жумладан, ҳазрат Уккоша ва бошқа мужоҳидони исломни(нг) бир неча ерда зиёрат этдук. Сўнгра шаҳарнинг шарқи(й) тарафиндаги Тур-Зито тоғига чиқилди. Бу тоғ тик эмас, ўрлатиб ароба йўли қилингандур.
Тог устиға чиқганда, Қуддусни(нг) ҳар жойи кўзга кўрунур. Бу тоғ устидан шаҳарда ўндан зиёда катта калисолар устиндаги салиб-крести ила кўзға учрайдур. Тоғ устинда ҳам бир неча энг катта калисолар борки, катта давлатлар тарафидан бино қилиниб ва ҳар бирининг атрофинда 5-10, ҳатто, юз-икки юз таноб ерларни айлантуруб олинган майдон, боғча ва ўтеллар, юзлар ила хона ва ҳужралар бино қилиниб, анда насороларнинг ҳар қисмидан, масалан, рус, немис, франсуз, италён, англичан, рум, арман, булғор ва бошқа христиан миллатларининг эр, аёл монахлари туруб, бўйнида тўрт-беш олчин тасбиҳ осган зоҳид ва монахлардан бошқа ҳар синфдан, яъни косиб ва аҳли ҳунар муҳожирлари илан тўладур. Мазкур миллатларнинг ҳар бирини шаҳар ичинда ва хорижинда ва Тур-Зито тоғинда мунтазам мактаб, ҳатто, дорулмуаллиминлари бўлуб, христиан муҳожирларининг болаларида, бошқа маҳаллий христиан араб болаларини ҳам мажоний* ўқитадурлар. Мусулмон болалари бўлса, на бу мактабда ва на турклар бино этган низомий мактабда ўқумай, дунёдан хабарсизлик ила умр ўткарарлар. Қуддус маишатиға диққат ила қараганда Араб мамлакати ва ёйинки Туркия вилояти ва турк ҳокимлиги, кўзга энг кичик кўрунғон нимарсалардан бўлуб, ҳар ерда оврупойиларни (нг) маданияти, мактаби, тижорати ва хўжалиги зоҳирдур.
Мисол учун шуни ёзайин: Қуддус ва Фаластинда Русия императўриға мансуб рус жамияти бўлуб, буларнинг идорасинда юздан зиёда русча ва арабча мунтазам мактаблар борки, талаба ва талаботлари 3-4 минг бўлуб, бул мактабларға туркларни эски имтиёзлар ҳукми ила мудохала ҳаққи бўлмай, фақат рус инспектури назоратиндадур. Яна муаллим ва муаллима ҳозирлайдурғон мунтазам русча, арабча мактаблари бўлуб, бу мактаблар рус соҳиб ҳайротларининг масорифи ва эҳсони ила тарбия қилинур. Табиий, бу мактабға ўқигон кишилар рус тарафдори бўлурлар.
Қуддусдан Тур-Зитода чиқгонда бевосита чап қўлда йигирма-ўттуз таноб ерни атрофи девор қилиниб, музайян Оврупо кўшк ва иморатлари бино қилинган. Бу кимники? Бир инглиз хотуннинг мулки! Ул тарафинда йўл устинда кўб маҳаллалар бор, Булар кимники? Оврупо муҳожирлариники! Яна бир неча юз таноб ерларни атрофиға стун ўтқурулуб, сим ила иҳота қилиб, ичинда милйўнлар масориф ила бино қилингон мактаб, мусофирхона, калисо, ҳаммом, хастахона ва бошқалари борки, бу кимники? Олмонларники! Қуддусда олмонлар бошқалардан бир неча дафъа зиёдароқ ер эгаллабдурлар. Ундан нари бошқа катта бир иморат ва бир неча таноб ерни айлантурулгон, бу кимники? Италияликларники! Яна бу… кимники? Оврупойиларники. Бир калима ила айтайин, Қуддуси шариф атрофини(нг) ўндан 6-7 си оврупойиларники бўлуб, ниҳоятда олий ва жамиятлариға махсус умумий бинолар солингандур. Ёлғуз оврупойилар эмас, Амрико насороларининг ҳам мулклари бордур.
Қуддус атрофини(нг) 10 дан 4 ё 3 и маҳаллий одамларники бўлуб, аммо ободлик жиҳатидан оврупойилар мулкини(нг) юздан бири эътибор қилинса, жоиздур. Офарин оврупойиларға! Аларни(нг) дин ва миллатлари йўлига этгон сарф ва чекгон меҳнатларини айтиб адо қилиб бўлмайдур. Бу айтулғон еру иморатлар қип-қизил ва яланғоч тоғ устинда бино қилиниб, тошларни қозиб, катта майдонлар ва мусаттаҳ қилиб, бошқа тарафлардан туфроқ келтуруб, ботманлар ила боғчалар бино этибдурлар. Бу тоғлик ярамас ерларни(нг) мураббаъ газини 2 дан 500 франкғача сотуб олибдурлар. Мил ила қаерлардан сув келтурубдурлар… Орий*: «Ҳиммат- ар-ражол тақла-ал-жабол» (одамларнинг ҳиммати тоғларни талқон этар). Энди буларға, биз, диндор мусулмонларни қиёс қилиб бўлмайдур. Вақтоки*, Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада мушарраф бўлуб эдим.
Охирги 1-2 аср замонида биз; мусулмонлар ва ё мусулмон подшолари тарафидан бир асру буқъаи хайрия йўқдур[1]. Ҳозирги замон жамиятлари, мактаблари… нари турсун, бизни баъзи ҳожилар аҳволини анда кўрмоқ керак. Киссасиға минглаб пули бўлуб туруб, тўйуб таом емайдур. Тевачисини* тўйдурмай, андан таёқ ейдур. Карантинларда ўзини мискии кўрсатиб, зиллатни қабул қилиб, пулсиз ўтар. Мактаб ё мадраса қилатургон ҳожи топилмайдур. Ал-ниҳоя, қилатургон хайри 5- 10 сўм андаги бой ва ёинки гадойларга улаштурмоқ ва ҳарами набавиййада ҳар кун халойиқга уч кўза сув бергил, деб бир ходимга ойинда бир мажиди (160 тийин) тайин қилиб, они ҳам юбормаслик (мани самарқандийлигимни билиб, Самарқандда ал-он тирик ҳожи… жанобларига айтинг, мани саққолик* вазифамни юборсун, деб хаддоми* ҳарамдан бири манга таъйин қилиб эди).
Бу мустамлакотлар* орасидан ўтардим, узоқдан катта бир калисонинг ҳаллик қуббаси назаримни жалб этди. Кимники? Русларни монастри-дайридур деди. Бордук. Йўлни бир тарафида фақир ҳовли ва иморатлар, ифлос арабхоналари бордурки, булардан ўтуб, катта бир дарвозадан олий ва катта бир чаҳорбоғга кирдук. Ҳар тараф раста ила ҳар навъ дарахт ўтқурулгон. Ҳар тарафда монахлар учун хусусий уйлари ва ҳаммаси учун катта золлар ва мактабхона, касалхона ва ниҳоятда зийнатлик бир калисо ва Қуддусни ҳар бир минорасидан баланд ғиштин бир минора ва устинда Қуддус уфқини овози ила тўлдуратургон катта бир ноқус* осилгандур. Чаҳорбоғни(нг) ҳар ери тозадур. Русларнинг Қуддусда мундан бошқа яна 4 катта калисолари бордур. Олдимдаги далилға дедим: «Кўрдингизми, русларнинг диндорлиги ва ҳимматини? Шундай тоғда йўқдан шундай жаннатдек жой қилибдурлар. Аммо, (сиз) Қуддуси ҳарами шарифнинг ичинда порухоналар* қилибсизлар?!.» Табиий, жавоб йўқ.
Баъзн руслар ила сўйлашдук ва ондин чиқғоч ҳамон олдингға ифлос ҳавли ва саҳройиға ўхшаш чиркин мусулмонларни кўрарсанки, бу кўрулгон манзаралар кўнгилга таъсир этар.
Атрофни яна айландук. Тур-Зито устидап Баҳри Лут кўли кўрунуб турубдур. Қуддус ичинда ва атрофинда кўп адад калисолар устиндаги жилолик қубба ва салиби илан кўзни ўзиға тортар. Мусулмоний дини иморатлар устининг тунука ва пўшишлари ва масжид қуббаларинииг устинда қўюлгон ва аломати ислом бўлган ҳилол (ярим ой)лар камоли чиркинликда кўрунуб, занг босиб, мужалло салиб муқобилинда ҳазин бир манзара кўрсатадурки, мундан насороларни(нг) диниға ихлослиги ва мусулмонларни(нг) лоқайдлиги маълум бўладур.
Рус калисосининг яқинида ҳар тарафи тош девор айлантурулгон мусамман-саккиз бурж(л)и бир ҳавлига кирдук. Ўртасинда бир қубба бор. Ичиға сандалиға ўхшаш катта бир тош борки, ҳазрат Исо алайҳиссалом мунинг устидан осмонга чиқгон, дерлар. Уртаси чуқур бир тошни маҳали* Асойи Мусо алайҳиссалом дерлар. Мунинг яқинида йигирма қадар зинадан чуқур бир даҳмага кирилурки, Робия ал-адвиййа ва Муҳаммад бин ал-Ҳасан разиаллоҳу анҳунинг зиёратларидур.
(Бақияси бор)
«Ойна» ж., 1915 йил,
3-сон, 49-53-бетлар.
*
Саҳобагони бузургвор – улуғ саҳобалар
Мажоний – текин
Орий – ҳа
Вақтоки – вақти келиб
Тевачи – туякаш
Саққолик – сувчи, мешкобчи
Хаддом – ходим, хизматчи
Мустамлакот – мустамлакалар
Ноқус – қўнғироқ
Порухона – ахлатхона
Маҳал – жой
[1] Бир асру буқъаи хайрия йўқдур – кейинги пайтда жамоат бинолари деярли қурилмади.