O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Одамлар нега Ўзбекистондан кетишаяпти?

Одамлар нега Ўзбекистондан кетишаяпти?
852 views
15 December 2021 - 16:34

Одамлар нега Ўзбекистондан кетишаяпти? – Ўтган йили Ўзбекистондан ҳам кўчиб кетаётганлар сони ортган. Бунга биргина расмий маълумотларнинг ўзи далолат қилган. Бу каби воқеълик глобал коронавирус пандемияси фонида кузатилган. Худди шуниси билан кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган.

Ўзбекистон пандемия боис ойлаб ёпиқ қолган чегараларини фақат ўтган йил октябрь ойига келибгина очган.

Мавжуд карантин ва санитария-гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда, ҳам авиация, ҳам темир йўл ва ҳам автойўллар орқали мамлакатга кириб-чиқишга расман изн берган.

Худди шу каби бир вазиятда ўтган йили Ўзбекистондан 200 мингдан ортиқ кишининг кўчиб кетгани маълум бўлган.

Бу – 2019 йилги йиллик рақамлар билан солиштирганда, бир неча ўн мингтага кўп, деганидир.

Агар, расмий статистикага таянилса, худди ўша йили Ўзбекистонни 169500 киши тарк этган.

Ўзбекистон Давлат қўмитаси кеча, 18 январь куни ўзининг ҳисоботини эълон қилган.

Аммо қўмитанинг расмий статистикасига оид хабарларда бунинг сабаблари очиқланмаган.

Глобал коронавирус пандемияси шароитида бунча сондаги ўзбекистонликни четга кўчиб кетишга нималар ундагани ноаён қолган.

Айни пайтда ўтган йили Ўзбекистонга бошқа давлатлардан 190 мингдан зиёд одамнинг кўчиб келгани ҳам маълум бўлган.

Ҳатто, шунда ҳам, Ўзбекистондан кўчиб кетганлар сони кўчиб келганларникидан кўп бўлган.

Маълум бўлишича, бу гал ҳам Ўзбекистондан четга кўчиб кетганларнинг аксарияти – 60 фоиздан кўпроғи Қозоғистон ҳисобига тўғри келган.

Қолган озчилик эса, асосан Россияни афзал, деб билишган.

Ўзбекистонга кўчиб келганларнинг кўпчилиги, яъни 40 фоизга яқини ҳам Қозоғистондан бўлиб чиққан.

Ўзбекистон ва миграция

Ўзбекистон

СУРАТ МАНБАСИ,JEAN-MICHEL COUREAU

Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг йирик давлати бўлади.

Аҳолиси сони ҳозирга келиб расман 34500 миллион кишидан ортади.

Ўзбекистон шундоқ ҳам минтақада энг кўп сондаги фуқаролари четда меҳнат муҳожирлигида банд давлат бўлади.

Уларнинг сони биргина расмий рақамларнинг ўзидаёқ бир неча миллионга нисбат берилади.

Қозоғистон дунёнинг Россиядан кейин энг катта сондаги Ўзбекистон фуқаролари меҳнат муҳожирлигида банд давлати бўлиб келган.

Айнан ўтган йилги сўровлар Қозоғистон дунёнинг энг бахтли тўртта давлатидан биттаси эканига далолат қилган.

Мазкур сўров Gallup International буюртмаси асосида Россиядаги “Ромир” тадқиқот маркази томонидан ўтказилган.

Сўров натижалари эса, Қозоғистон аҳолисининг 80 фоиздан ортиқроғи ўзини бахтли ҳисоблашини кўрсатганди.

Ўшанда бу борада Россия илова дунёнинг ўнлаб давлатлари Қозоғистон билан беллаша олишмаган.

Айниқса, Россия аҳолиси ўзини тобора бахтсизроқ ҳис этиб бораётгани маълум бўлганди.

Бу икки давлатда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар сони эса, жами миллионларга етади.

Улар ҳар йили ортга – Ўзбекистонга юбораётган маблағлар миллиардлаб долларни ташкил этади.

Бу пуллар орқасидан миллионлаб ўзбекистонликларнинг тирикчилиги ўтади.

Тўй-ҳашамлари борми, болаларининг олий таҳсили – бу улар аксарияти учун рисоладагидек турмуш тарзининг асосий манбаи бўлади. Умумиятла, йилларки, Ўзбекистон иқтисодини тутиб, юритиб келади.

Мустақиллиги билан кечган чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида Ўзбекистон ҳукумати учун ижтимоий муҳофаза камари вазифасини ҳам ўтайди.

Қозоғистон Ўзбекистондан кейин Марказий Осиёнинг энг йирик давлати саналади.

Бугун Қозоғистон аҳолисининг сони қарийб 20 миллион кишини ташкил этади.

Туркманистон билан бирга минтақанинг табиий энергия захираларига энг бой икки мамлакатидан биттаси бўлади.

Аммо аксарият минтақа давлатларидан фарқли тарзда, ташқи меҳнат миграцияси мустақил Қозоғистон учун деярли ёт фактор, муаммолардан бири бўлади.

Ўзбекистон эса, янги сўровда на-да энг бахтлилар ва на-да энг бахтсизлар рўйхатида кўзга ташланган.

Қозоғистон

Qozog'iston

СУРАТ МАНБАСИ,GETTY IMAGES/ANADOLU AGENCY

Бугун Қозоғистон, қозоғистонликларни дунёдаги тўртта энг бахтли, бахтиёрларидан бири, деб топган янги сўров натижалари ўшанда минтақавий экспертлар диққат-эътиборини ўзига тортмай қолмаган.

Бор-йўғи бундан беш-олти йилча бурун Қозоғистон Марказий Осиёнинг жиддий иқтисодий бўҳрон ичидаги давлатларидан биттаси бўлган.

Эркин савдога чиқариши ортидан миллий пул бирлиги – тенге кескин қадрсизланган.

2015 йилда эса, тенге, ҳатто, бутун Европада энг қийматини йўқотган миллий пул даражасига етган.

Тенгенинг устма-уст кескин қадрсизланиши сабаб, Қозоғистондаги йирик банклар касодга учраш хавфи остида қолган.

Нарх-наволар осмонга сапчиган, бунинг таъсири Ўзбекистон илова қолган минтақа давлатларига ҳам сезилган.

Маҳаллий тадбиркорлар, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами мушкул аҳволга тушиб қолган.

Бутун Қозоғистон бўйлаб давомий намойишлар кузатилган.

Мамлакатда ижтимоий танглик хавфи ортган.

Худди ўша йили Қозоғистоннинг шимолий қўшниси Россия ҳам чуқур иқтисодий таназзул гирдобида қолган.

Минтақадаги энг йирик иккита савдо-иқтисодий шеригидан биттаси ва ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи бўйича аъзодоши эмасми, Россиядаги жиддий иқтисодий бўҳрон Қозоғистондаги вазиятни янада оғирлаштирган.

Қозоғистонда Россия шамсияси остидаги мазкур иқтисодий иттифоққа кириб, бекор қилишганига оид фикрлар кучайган.

Таъбир жоиз, Россиянинг “оғири”ни шу ҳолимизда нега биз ҳам кўтаришимиз керак, деган гап-сўзлар ўртага чиққан.

Жаҳон нефть бозоридаги беқарор нарх-наволар эса, ҳар икки йирик нефть экспортерлари бўлган бу икки давлат иқтисодига озмунча таъсир қилмай қўймаган.

Булар барчаси манзарасида Қозоғистонда, ҳатто, мамлакат президенти даражасида огоҳликлар янграган.

Қозоғистоннинг ўша пайтдаги Президенти Нурсултон Назарбоев мамлакат аҳолисини бундан-да оғирроқ инқирозларга тайёр туришлари билан огоҳлантириб чиққан.

Янги сўров эса, ана шу воқеалар барчасининг саноқли йиллар ўтиб, Қозоғистон ва қозоғистонликларни жаҳондаги тўртта бахтли, бахтиёрларидан биттаси, деб топган.

Янги президент ва ислоҳотлар

Шавкат Мирзиёев

Ўз ўрнида шуни ҳам қайд этиб ўтиш жоизки, ўтган йил бошида мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор мамлакат аҳолиси орасида камбағаллари ҳам борлиги расман ва ошкора шахсан президентнинг ўзи томонидан эътироф этилган.

Президент Мирзиёев ўшанда буни ортиқ яшириб юришга ҳақлари йўқлигини айтган.

У Ўзбекистон Парламентига сўнгги мурожаатида камбағаллар сонини 4-5 миллионга нисбат берган.

Бу расмийси эса-да, ҳатто, шахсан президентнинг ўзи айтган рақамларининг кичкина эмаслигини алоҳида урғулаган.

Мирзиёев Ўзбекистонда камбағалликни аритиш учун масъул халқаро ташкилотлар билан махсус дастур ишлаб чиқишларини айтган.

Орада кечган вақт давомида махсус Вазирлик тузиш қадар Ўзбекистон ҳукуматининг бу йўлда қатор чора-тадбирларга қўл ургани ҳам кузатилган.

Шавкат Мирзиёев қудратга Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар қилиш ваъдаси билан қудратга келган.

Британиянинг нуфузли The Economist ҳафталиги Ўзбекистонни 2019 йили дунёда энг кўп яхши тарафга ўзгарган мамлакат, деб топган.

Ўзбекистон яқин-яқингача, аксарият таҳлилчилар эътирофида, дунёнинг “энг ёпиқ”, “энг мустабид”, “энг репрессив” ва “диктатура ҳукмрон” саноқли давлатларидан бирига қиёс бериб келинган.

Худди шу боис ҳам, Ўзбекистон билан боғлиқ кутилмаган бу янгилик халқаро миқёсда акс-садо берган.

Янги Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ислоҳотлар сиёсатининг халқаро миқёсдаги эътирофидек янграганди.

Бу каби ўзгариш ва янгиланишлар, асрларки, иқтисоди қишлоқ хўжалигига асосланган Ўзбекистонда камбағаллик ва ишсизлик ҳануз долзарб муаммолигича қолаётган бир манзарада кузатилган.

Неча ўн йилларки тирикчилиги ташқи меҳнат миграцияси орқасидан ўтаётган миллионлаб фуқароларини ишли қилиш – мамлакатнинг ўзида янгидан янги иш ўринлари яратиш ҳаракатлари фонида бўй кўрсатган.

Ўзбекистонда бизнес муҳитини яхшилаш масаласига президент даражасида эътибор қаратилган.

Президент Мирзиёев яқинда, ҳатто, четда меҳнат миграциясида банд катта сондаги фуқароларини ҳам ўйлаб, йирик-йирик интеграцияларга бош қўшиш ниятлари борлигини маълум қилган.

Бунинг мамлакат сиёсий мустақиллигига таҳдид эканига оид ҳатто мустақил Ўзбекистон биринчи президентининг огоҳлиги фонида айтилган бу гаплар янги президентининг ўз мамлакати иқтисодини жонлантириш учун қандай хавф-хатарларга тайёр эканига далолат қилмай қўймаган.

Ўз ўрнида, Шавкат Мирзиёев “ким Ўзбекистон мустақиллигини бериб қўйиши”ни ҳам шахсан ўзи баён қилган президент бўлади.

Янги президент орада Ўзбекистон ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётидаги таназзулий вазиятни ўнглаш учун, ҳатто, ҳукуматда икки йиллик фавқулодда ҳолат эълон қилиш даражасига борган.

Айнан коррупция Ўзбекистон иқтисодини тараққий топтириш, мамлакатга йирик миқдордаги чет эл саромояларини жалб қилиш ва уларни ҳаракатга солиш йўлидаги энг асосий тўсиқлардан бири сифатида кўрилади.

Бошқарувининг учинчи йилига келиб, ўзи эълон қилган кенг қамровли ислоҳотлар ижросидаги сусткашликлар шахсан Президент Мирзиёевнинг ўзи томонидан бир эмас, бир неча бор эътироф этилган.

Жорий пайтда Шавкат Мирзиёев ўз президентлигининг иккинчи ваколати ижросига киришган.

У шу йил октябрь ойида бўлиб ўтган президент сайловида йирик ҳисоб билан ғалаба қозонган.

Манба: BBCUZBEK.COM

КУН ЯНГИЛИКЛАРИ
Нейзен Тевфиқ ҳақида
КУН ЯНГИЛИКЛАРИ
Gulnor (8-qism)
КУН ЯНГИЛИКЛАРИ
Gulnor (7-qism)
КУН ЯНГИЛИКЛАРИ
Gulnor (6-qism)
КУН ЯНГИЛИКЛАРИ
Gulnor (5-qism)
КУН ЯНГИЛИКЛАРИ
Gulnor (4-qism)
КУН ЯНГИЛИКЛАРИ
Gulnor (3-qism)
КУН ЯНГИЛИКЛАРИ
Gulnor (2-qism)